Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:25

Коммунал тўловлар нархи 15 фоизга ошади


Ўзбекистонда 1октябрдан бошлаб иссиқ ва совуқ сув нархлари ҳамда иситиш хизматлари учун тўловлар 15 фоизга оширилади. Ҳар йил кузатилаётган одатий анъанага мувофиқ, айни коммунал тўловлар нархи жорий йилда иккинчи бор оширилмоқда. Куни кеча бензин нархи қимматлаганди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи эса кун сайин ошаётгани сир эмас.

Эндиликда бу каби ҳолатлардан аҳолининг камбағал қатлами иқтисодий муаммолари кўпайишидан хавотирда. Кейинги йилларда Ўзбекистонда йилда бир неча бор пенсия ва ойлик маошлари ошиши баробарида бозорда нарх-навонинг кескин кўтарилиши, яна бунинг устига коммунал тўловлар нархи ҳам оширилиши одатий ҳолга айланиб улгурди. Жорий йилда иссиқ ва совуқ сув нархлари ҳамда иситиш хизматлари учун тўловлар ҳам икки марта оширилди. Тошкент шаҳар иссиқлик тарқатиш бошқармаси ходимлари ҳам нархларнинг оширилишини одатий деб ҳисоблайдилар.

“Иссиқ сув ва иситиш хизматлари 1 октябардан 15 фоизга ошаяпти. Охирги марта 10 апрелдан ошган эди. Иситиш хизмати учун 1 метр квадратга одам бошига 242 сўм тўланиши керак эди. Иссиқ сувга эса 2523 сўм 09 тийин. 1 октаябрдан иситиш хизматига 278 сўм, иссиқ сувга 2903 сўм тўланади”, деди Тошкент шаҳар иссиқлик тарқатиш бошқармаси ходими.

Биз коммунал тўловларнинг нега қимматлагани борасида берган саволимизга ташкилот ходимидан жавоб ололмадик.

Айрим Интернет нашрларининг ёзишича, 15 сентябрдан бошлаб бензин нархларининг оширилиши ва электр энергияси нархларининг кўтарилгани коммунал тўловлар ҳам оширилишига сабаб бўлган.

Нархлар кўтарилиши мутасаддилар учун одатий бўлса, аҳолининг камбағал қатлами эса ҳар нарх кўтарилганда бир сапчиб тушади.

Тошкентлик 70 ёшли Насиба Эшмуҳаммедова ҳам коммунал тўловлар қимматлаганидан хавотирга тушди. Насиба ая пенсия пули кам бўлсада, коммунал тўловлардан қарздор бўлишни ёмон кўради. У еб-ичишдан тежаб бўлсада, тўловларни ўз вақтида тўлашини айтар экан, лекин бунинг ҳисобига оила дастурхони ночор бўлишидан ўкинади.

“Нарх бизни қониқтирмайдиқ энди нима қиламиз. Қарзимиз йўқ. Биз емасак ҳам коммунал тўловларни тўлаймиз. Энди 15 фоиз ошаëтган экан уни кўтаришим қийин. Мени нафақам нимага етади? Ейиш-ичишгами ëки коммунал тўловгами?”

Андижонлик Шокиржон ака эса шу пайтгача ҳам коммунал тўловларни тўлашга қурби етмаётган аҳолининг иқтисодий муаммолари бундан кейин янада кўпайишидан хавотир билдиради.

“Бизни олаëтган ойлигимиз ва нафақаларимиз яшаш учун минимум даражанинг 10 фоизига ҳам бормайди. Мен ҳозир нафақага чиқдим. Коммунал тўловлар ва бошқа нарсаларни ҳисобга олганда аҳвол жуда ҳам оғирда. Ҳозир ойлик маош ва нафақа олмаëтганларни коммунал тўловлардан қарзлари ниҳоятда кўпайиб кетган. 70 минг, 100 минг, 200 минг қарзи борлар ҳам кўп экан”.

Юқорида таъкидланганидек, 1 октябрдан бошлаб иссиқ ва совуқ сув нархлари ҳамда иситиш хизматлари учун тўловлар 15 фоизга оширилади. Эндиликда табиий газ ва электр энергияси каби бошқа коммунал тўловлар нархи ҳам янада кўтарилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG