Линклар

АҚШ суғурта компаниясини сақлаб қолишга уринмоқда


АҚШ ҳукумати жаҳоннинг етакчи “AIG” суғурта компаниясини инқироздан сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Хабарларга кўра, расмий Вашингтон мазкур компанияга 85 миллиард доллар миқдорида фавқулодда қарз ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган. АҚШ Марказий банкининг баёнотида айтилишича, компаниянинг 80 фоиз акцияси эндиликда ҳукумат ихтиёрига ўтади.

АҚШ президенти Жорж Буш бу қарорни олқишлаб, молия бозоридаги вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун қўшимча чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди.

Куни-кеча “AIG” суғурта халқаро компанияси жаҳоннинг йирик банкларидан бири - Lehman Brothers каби синиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлгандан сўнг жаҳон молия бозорида парокандалик юз берганди.

АҚШ ҳукумати қароридан сўнг Осиё фонд биржаларидаги вазият ижобий томонга ўзгаргани хабар қилинмоқда.

Айни пайтда Россия фонд биржалари савдоларни вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлди. Савдо бошида қимматбаҳо қоғозлар нархларининг ўсиши кузатилган эди, бироқ куннинг иккинчи ярмига келиб нархлар кескин равишда туша бошлади. Савдолар тўхтатилган пайтда эса Россия фонд биржасининг асосий индекслари 4-6 фоиз камайгани қайд этилди.
XS
SM
MD
LG