Линклар

Ҳуқуқ фаоллари террорчи эмас

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонлик мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи, 18 сентябрь куни эрталаб ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олиниб, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимига олиб кетилди. Бу ҳақда "Озодлик"ка расмий қайддан ўтказилмай келаётган "Озод деҳқонлар" партияси раҳбарияти аъзоси Баҳодир Намозов хабар қилди. Қўлга олинганлар номи зикр этилган партия томонидан уюштирилган икки кунлик конференцияга вилоятлардан таклиф қилинган эди. Қўлга олинганлар милиция идорасида 4 соат ушлаб турилганидан сўнг қўйиб юборилди.

“Соат 3 гача ушлаб ўтиришди. Мана ҳозиргина чиқдик”, дейди Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимига олиб кетилганлардан бири, жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ўктам Пардаев. Ушлаб турилганлар орасида жиззахлик Мамир Азимов, Саида Қурбонова, Зиëдулла Раззоқов ва Ўктам Пардаевдан ташқари Намангандан Аҳмаджон Нормирзаев ва бошқалар бор эди. Маълум қилинишича, тилга олинган саккиз кишини конференция ташкилотчилари улар учун ижарага олган квартирадан олиб кетишган. Ижарага олинган квартирада амалга оширилган қўлга олиш жараёни тўғрисида қўлга олинганлар – Ўктам Пардаев ва Мамиржон Азимовлар ҳикоя қилади. “Формадаги тўрт нафар одам ва 3 нафар фуқаро кийимидаги йигитлар бостириб кириб келишди. Эшикни очишимиз билан бирданига киришди. Кириб мендан паспорт сўрашди. Мен “Кечирасиз аввал ўзингизни таништиринг. Гувоҳномангизни кўрсатинг” десам, “Мен сенга ҳозир гувоҳномани кўрсатиб қўяман. Сен кимсан ўзинг” деб бизга дўқ қилди. Бизга шунақанги қўпол муомалада бўлдики, ҳатто Ўктам Пардаевни қўлидан тортиб машинага тиқишга ҳаракат қилишди”.
Ушлаб кетишгани сабабини қандай изоҳлашди, деб сўрадик.

“Уларга “Мана шу ерда шубҳали одамлар бор” деган қандайдир қўнғироқ бўлган эмиш. Шунга асосан улар келишган экан. Кейин ИИБ га олиб кириб “Кимсизлар? Қаердансизлар? Исмларингиз нима?” каби саволлар бериб ëзиб олишди. Сўроқ қилган киши терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Мустафоев Илëс деган киши эди”.
Мухолифатчи ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг террорчи эмаслигини аниқлашга 4 соат кетди. “Аслида, бизни тадбиримизни барбод қилиш учун олиб кетишди”, дейди "Озод деҳқонлар" партияси раҳбарияти аъзоси Баҳодир Намозов.
"Озод деҳқонлар" партияси вакили айтаётган тадбир – конференциянинг 17 сентябрь кунги биринчи мажлисида мазкур партия ҳамда Ўзбекистондаги бошқа бир қатор нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 18 сентябрга режалаштирилган иккинчи мажлис иштирокчилардан бир гуруҳининг қўлга олиниши туфайли ўтказилмади.
Анжуманнинг биринчи иш кунида "Озод деҳқонлар" партияси вакилининг айтишича, "Ўзбекистон тараққиётининг йўл харитаси" дастури маъқулланди. Мазкур ҳужжат устида кўпчилик ишлади, дейди партия вакили.
“Бу бир йил давомида қилинган иш. Бунга “Серқуëш Ўзбекистоним”, “Уйғон Ўзбекистон”, “Бирдамлик” ҳаракатлари ҳам киритилган”.
"Ўзбекистон тараққиётининг йўл харитаси" дастури устида бир йилдан зиёд ишлаган эканлар, у алоҳида ўрганиб чиқишга арзигулик иш бўлиши мумкин ва бу иш билан алоҳида шуғулланармиз.
Ҳозирча, эса, дастурни ишлаб чиққанлардан бир нарсани сўраш билан чекланамиз.
"Ўзбекистон тараққиётининг йўл харитаси" мамлакат халқ хўжалигининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш дастури экан, унга ҳукумат эътибор қаратишига ишонасизми?
Бу саволга жавоб берар экан, "Озод деҳқонлар" партияси лидери Нигора Ҳидоятова Ўзбекистон ҳукуматини назарда тутиб, “Бу ҳукуматда биз таклиф этаётган ислоҳотларни амалга ошириш учун сиёсий ирода йўқ. Дастуримиз келажак янги авлод тузадиган янги ҳукумат учундир”, деди.
XS
SM
MD
LG