Линклар

Хорижлик легионерлар ўзбек футболини ривожлантиради...ми?

  • Замира Шукур

“ Ўзбекистон президенти ва ҳукумати мамлакат терма жамоасига легионерларни жалб қилиш харажатларини ўз зиммасига олади “, - дея баëнот берди Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари Мираброр Усмонов 17 сентябр куни. Федерация ўтказган матбуот анжумани давомида жаноб Усмонов, Ўзбекистон чемпионатида камида олий даражали 20 та легионер ўйнаши лозимлиги, дунëдаги кўп клублар учун қўл етмас бундай ўйинчиларнинг яқин орада Ўзбекистон футбол клубларида ўйнай бошлашларини ваъда қилди.

“Кечаги учрашувда Ислом Абдуғаниевич, миллий чемпионатга кучли хориж футболчиларини жалб этиш лозимлигини таъкидлади. Муҳтарам президентимиз бундай ўйинчиларни жалб қилиш харажатларини ҳукумат ўз зиммасига олажагини қайд этди“, - деди жумладан Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари Усмонов. Президент Каримов, Мираброр Усмоновнинг эшитганимиз баëнотига қараганда, Ўзбекистонни иқтисоди, саноати ëхуд маориф ва матбуоти ривожланган эмас, балки айнан футболи ривожланган давлатлар сафига қўшишга аҳд қилган кўринади. Зотан, мустақилликнинг 17 йили давомида Ўзбекистон ўз ëнига “иқтисоди ривожланган давлат” деган сифатни қўша олмади, аксинча. Жаҳон банки ва БМТ тараққиëт дастурининг айнан расмий Тошкент тақдим этган рақамларга таяниб ëзишича, ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг 30 фоизга яқини қашшоқликда яшамоқда. Бу эса, ўзбекистонликларнинг 7-8 миллиони кунига бир доллар деб белгиланган қашшоқлик чизиғидан пастда кун кечирмоқда, деганидир. Шундай бир вазиятда, расмий Тошкент мамлакат футболига камида 20 та олий даражали хориж ўйинчисини сотиб олмоқчи. Шу ўринда, Ўзбекистонга камерунлик Самуэл Этоони олиб келиш учун 40 миллион доллар пул тикилгани, 3 сенябр куни Тошкентга келган бразилиялик Ривалдога эса, ҳар ўйин ва гол учун учун бериладиган улкан мукофотлардан ташқари, 2 йиллик шартнома учун 15 миллион доллар тўланганини эслатиб ўтиш жоиз.

Бундай ҳаракат, оч одамга қўшиқ айтишга ўхшайди ва ҳукумат машҳур футболчиларни Ўзбекистонга олиб келиш, ҳинд кинофильмлари каби ўзбекистонликларни реалликдан чалғитишига умид қилмоқда, дейди сўнгги президентлик сайловида ўз номзодини қўйишга уринган хоразмлик профессор Суҳбат Абдулла.

“Авало ишқибозлар учун қилинаëтган манипулация бу. Чунки ишқибоз одам футболга машҳур одам кириб келса, ўзини онгида ғалабаларни ëки бошқа нарсаларни ўз-ўзидан туйиб, кўнглига келтириб учқун соладиган нарса. Буни давлат раҳбарлари тез-тез ишлатиб туради”.

Ҳозирча Ўзбекистонда яқинларгача “Қурувчи” бўлиб, саноқли ой аввал “Бунëдкор” га айланган клубгина, хориж легионерларини сотиб олмоқда ва бунинг учун миллионлар доллар сарфламоқда. Бу клуб ҳомийси ëки хўжайини Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли “Зеромакс” корпорацияси экани инобатга олинса, Каримовлар оиласининг футбол майдонида Роман Абрамович ëхуд Алишер Усмонов каби миллиардерлар билан беллашиш ҳаваси бордек кўринади.

“Футболда шунақа бир форма ҳосил бўлганки, ўйинчилар Европада ўзининг энг зўр даврларини суради лекин қариб бораëтганда араб мамлакатлари ëки Японияга ўзининг футбол карьерасини тугатиш учун боришар эди. Нима учун? Чунки араб шайхлари ëки япониялик бойваччлар клубда пул тўлаб раққосани ўйнатган каби, шунақа ўйиончиларни олиб келиб атрофдагиларга уни ҳам бунақа ўйинчиларни олиб келишга қурби етишини исботлаб беради. Афтидан шунақа тенденция Ўзбекистонга кириб келаëтган кўринади”, дейди ўзбекистонлик спорт шарҳловчиси Санъат Шарипов.


Собиқ иттифоқнинг энг машҳур футбол шарҳловчиларидан бири бўлган Давид Какабадзе, Ўзбекистон президенти ва ҳукуматининг легионерларни сотиб олиш харажатларини зиммасига олиш қарорини, ўз тажрибасида кўриб-эшитмаган воқеа деб атайди.



“Мен бунақа воқеани эслай олмайман. Ҳозир фақат Украина тажрибаси ëдимга келди. Мустақилликдан кейин Украина ҳукумати футбол клубларини солиқдан озод қилган, улар ҳомийларига ҳам хайрия ишлари доирасида муайян имтиëзлар берган эди. Аммо бевосита давлатнинг хориж футболчиларини сотиб олиши мен учун янгилик. Бу каби савдо-сотиқ дунë бўйлаб хусусий клубларни ўз иши саналади. Бунақанги савдо-сотиқ билан футбол ривожини узоқ муддатли йўналишга солиб бўлмайди. Гуржиларда бир қалдирғочнинг келиши ҳали баҳор эмас, деган гап бор. Агар ҳукуматлар ўз футболини ҳақиқатан ҳам ривожлантиришни ўйласа, улар пулни болалар ва ўсмирлар футболига сарфлаши, футбол инфраструктураси барпо этиши, кейин эса ўз ўйинчилари маҳоратини кўтариш, ишончини кучайтириш учун вақт-вақти билан қайсидир легионерни олиб келиши керак”, дейди машҳур футбол таҳлилчиси, ўзбек футболини ривожлантириш иддаосида қилинаëтган бундай харажатларнинг ўзини оқлашига шубҳа билдирган ҳолда.

Ўзбекистонлик спорт шарҳловчиси Санъат Шарипов ҳам, ўзбек футболини ривожлантираман деган пулдор шахслар ëхуд ширкатлар, асосий эътиборни миллий терма жамоага қаратмоқлари лозим, деган фикрда.

“Фақатгина катта пулни эвазига Бунëдкорни ривожлантираверган билан, таниттирган билан Ўзбекистонга буни ҳеч қандай фойдаси йўқ. Кичкина-кичкина жабҳаларда сунъий футбол майдонларини қуриб, болалар футболини ривожлантирадиган бўлсак, биз келажакка инвестиция қиламиз. Балки бу йил 2010 йилги ЖАР да бўладиган жаҳон чемпионатига чиқмасмиз лекин бизни инфраструктурамиз тайëр бўлган бўлади. Биз кейин яхши база билан ҳеч қўрқмасдан жаҳон чемпионатига чиқа оламиз”.



Хоразмлик Суҳбат Абдулла, Ўзбекистон футболини ривожлантириш ишини миллатнинг умум аҳволидан айро олиб бўлмаслигини таъкидлай туриб, футболни ривожлантираман деган ҳукуматга аввал халқнинг нима еб-нима ичаëтгани билан қизиқишни маслаҳат беради.

“Аввало халқнинг қорни тўйса, қорни тўйган халқдан соғлом фарзандлар туғилса, шу фарзандлар чин кўнгилдан, ихлос билан футбол билан шуғулланса, ана шуни ичидан футбол юлдузлари етишиб чиқса, ана шунда бир нарса бўлиши мумкин. Ҳозир Ривалдони олиб келадими, Роналдони олиб келадими, борингки футбол қироли Пелени олиб келганда ҳам ҳеч нарса қила олмайди. Халқнинг аҳволи бундай бўлатуриб, давлатнинг чўнтагидан футбол юлдузларини олиб келиши Ўзбекистонга ҳеч қандай обрў олиб келмайди”.
XS
SM
MD
LG