Линклар

http://gdb.rferl.org/66553590-C55F-454E-BEC5-7AF536AB98FF_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/66553590-C55F-454E-BEC5-7AF536AB98FF_mw800_mh600.jpg Парижда Европа Иттифоқи - Марказий Осиё давлатлари ўртасида хавфсизлик масалаларига бағишланган биринчи форум бошланди. 2007 йил июнида Германия ташаббуси билан Европа Иттифоқи Кенгаши “Марказий Осиё бўйича стратегия” қабул қилган эди. Париж учрашуви айнан шу ҳужжат доирасида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида хавфсизлик соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ўтказилмоқда.

Париж учрашувини бевосита кузатаётган Озодлик радиоси мухбири Ахто Лобякаснинг айтишича, йиғилиш кун тартиби икки томон учун долзарб муаммо ҳисобланган прагматик, амалий масалалардан иборат. Икки томон минтақа ҳамда Европа учун ҳозирда муаммо бўлиб турган масалалар, яъни, теероризм таҳдиди ва оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш, одам ва наркотиклар савдосига қарши кураш, шунингдек, энергетика ва атроф-муҳит хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилмоқда. Йигирма етти давлат аъзо бўлгани Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги бешта давлат вакиллари билан Ташқи ишлар вазирлари даражасида учрашаётгани рамзий маънода ҳам Европа Иттифоқи ҳам Марказий Осиё ҳамкорлиги йўлида муҳим аҳамиятга эга” – деди Озодлик мухбири.
Ахто Лобякас Париж учрашувида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар муҳокама қилинмаслиги йиғилишда фақат минтақавий масалалар кўрилишини айтди.
Хавфсизлик масалаларига бағишланган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги биринчи форумда Европа Иттифоқи расмийларидан ташқари Туркия, Хорватия ва Черногория каби Европа Иттифоқи аъзолигига номзод давлатлар, шунингдек Россия, Хитой ва Япония вакиллари иштирок этмоқда. Афғонистон вакиллари эса йиғилишда кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.
Кўпчилик жумладан ҳуқуқ ҳимоячилари Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида хавфсизлик масалалари борасида биринчи форум ўтказилишини қўллаб-қувватлаш биробарида томонлар инсон ҳуқуқлари масаласини мулоқотнинг ажралмас қисми сифатида қарашлари кераклигини айтмоқда: “Мен буни жуда муҳим учрашув деб ҳисоблайман. Аввало глобал хавфсизлик жуда муҳим масаласи. Афғонистонда толиблар жанггарилари фаоллашмоқда. Шу боис Марказий Осиё давлатлари расмийларининг Европадаги етакчи давлатлардан бири бўлган Францияда учрашув ўтказиши муҳим. Бошқа масала Ўзбекистон ҳукумати бу учрашувни қандай талқин қилишида ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳукуматлари буни қандай бахолашида. Менимча ҳукумат буни Андижон воқеасидан кейин ижобий воқеа сифатида бахолайди. Европа Иттифоқи эса икки томон учун даҳлдор бўлган масалаларда мулоқотни давом эттириш йўлларини излайди. Шу манода, менимча, иккила томон айёрлик қилмай, глобал хавфсизлик масаласи ўзаро диалогнинг бир қисми, инсон ҳуқуқлари масаласи мулоқотнинг ажралмас қисми бўлиши кераклигини билишлари керак” – деди қароргоҳи Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассосиацияси президенти Надежда Атаева.
Британияда чиқадиган “Jane’s Defense” ҳафталигининг мудофаа ва ҳавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчиси Петер Фелстед Марказий Осиё давлатлари ўз чегараларини ўзи мустаҳкам қўриқлаш имконига эга бўлишидан Европа Иттифоқи манфаатдор эканини, хавфсизлик масалаларига бағишланган Париж форуми бежиз ўтказилмаётганини айтди: “Европа Итифоқи Марказий Осиёда чегаралар назорати мустаҳкам бўлишини, террор гуруҳлари жойлашиши мумкин бўлган, террорчилар тайёрловчи лагерлар тузиш ёки Ал-Қойда ўз базасини яратиши мумкин бўлган назоратсиз ҳудудлар бўлишини хоҳламайди. Европа Марказий Осиё давлатлари ўз чегаралари ва ҳудудларини ўзлари ишончли назорат қилинишидан манфаатдор” – деди британиялик таҳлилчи Петер Фелстед.
Париж форумида чиқиш қилган Европа Комиссиясининг Ташқи ва қўшничилик сиёсати бўйича комиссари Бенита Ферреро Вальднер хоним Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун ҳаётий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Еврокомиссия расмийси учта масала, хусусан терроризм; наркотиклар контрабандаси ва чегара; энергетика ва атроф-муҳит ҳимояси ҳам Европа Иттифоқи ҳам Марказий Осиё давлатлари учун умумий хавфсизлик муаммоси эканини таъкидлади. Вальднер хоним Европа Иттифоқи Марказий Осиё энергия ресурсларини муқобил йўл, жумладан Nabucco лойиҳасини амалга ошириш орқали икки баробар кўп импорт қилиш ниятида эканини айтди.
Сув Марказий Осиёда зиддият манбаи бўлиши мумкинлигини айтган Бенита Ферреро Вальднер Европа Иттифоқи сувдан унумли фойдаланиш бўйича минтақа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтираётганини айтди. Европа Комиссиясининг Ташқи ва қўшничилик сиёсати бўйича комиссари Бенита Ферреро Вальднер хоним нутқининг охирида иқтисодий тараққиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги, маориф, транспорт инфраструктураси каби соҳаларда Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни давом эттиришини айтди.
XS
SM
MD
LG