Линклар

logo-print

Дунё молия бозорида таранглик сақланиб қолмоқда

  • Ҳасанжон

http://gdb.rferl.org/2D0C3466-EB09-47F2-B564-F72C846CD41E_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/2D0C3466-EB09-47F2-B564-F72C846CD41E_mw800_mh600.jpg Дунё молия бозорларида тартибсизлик давом этаётгани сабабли олтин нархи кескин кўтарилди. “Wall Street” биржасида йирик банклар ва суғурта ширкатлари инқирозга юз тутиб АҚШ ҳукумати уларни қутқариш чораларини кўрганига қарамай, шу ҳафтада дунё молия бозорларида сўнгги ўн йилликлар давомида энг ёмон тартибсизлик юз берди.

Россия биржасида кўрсаткичлар кескин пасайиб кетгани сабабли биржадаги савдо тўхтатиб қўйилди. Айни пайтда, уй-жой учун кредитлар берувчи яна бир нечта йирик банк инқирозга юз тутиши мумкинлиги айтилмоқда. Марказий банклар глобал миқёсда вахима бошланмаслиги учун зарурий чоралар кўрмоқда.
Молия бозорларида нақд пул етарли бўлиши учун дунёнинг кўпгина марказий банклари катта миқдорда доллар ажратди. АҚШ марказий банки халқ ишончини сақлаб қолиш учун молия бозорига 180 миллиард доллар ташлади.
Бундан ташқари Европа марказий банки, Япония, Швецария, Канада, Англия марказий банклари ҳам мамлакат молия бозорига нақд пул ажратди. Марказий банклар эълон қилган қўшма баёнотда биргаликда чора кўришдан мақсад молия бозорларидаги босимни камайтиришда ёрдам беришдан иборат экани билдирилган.
Россия президенти Дмитрий Медведев 18 сентябр куни Москвада мамлакатдаги молиявий вазият хусусида маҳсус йиғилиши ўтказди. Медведев мамлакат молия тизими барқарорлигини сақлаб қолишдан бошқа муҳим масала йўқ эканини айтди. Россия иқтисодиёти пойдевори мустаҳкам эканини таъкидлаган Медведев молиявий тизим силкинишига йўл қўйилмаслиги, бунинг учун барча имкониятлар борлигини алоҳида таъкидлади: “Молия бозори барқарорлигини таъминлаш учун ҳкумат 500 миллион рубл, яъни, 20 миллиард доллар миқдоридаги пул маблағидан фойдаланиш масаласини кўриб чиқишини таклиф қиламан” – деди Россия президенти.
Шунга қарамай, Россия молия вазири Алексей Кудрин 17 сентябр куни кўрсаткичлар кескин пасайиб кетгани учун фаолияти тўхтатилган Россия биржаси 19 сентябрга қадар ишламаслигини айтди.
Кўпчилик ўз маблағига олтин сотиб олаётгани учун дунё бозорида олтин нархи кескин кўтарилди. 18 сентябр куни Гонг Конгда бир унция - 28,3 грамм тоза олтиннинг нархи 785 доллардан 865 долларга яъни, 80 долларга ошди.
Таҳлилчилар глобал миқёсдаги молиявий бўҳроннинг кети кўринмаяётганини айтмоқда. “Jefferies & Co.,” ширкатининг инвестициялар бўйича бош мутахассиси Арт Хоган “Wall Street”даги инвесторлар қандай фикрда эканини бундай изоҳлади: “AIG - American International Group молиявий бўҳроннинг навбатдаги қурбони бўлди. Келинг, молия бозорига диққат билан назар ташлайлик: Bear Stearns инқироздан қутқариб қолинди. Биз бундан хурсанд бўлиб турганимизда Fannie & Freddie ширкатлари хусусида хавотир пайдо бўлди. Fannie & Freddie ҳам инқироздан қутқарилди. Ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас Lehman Brothers ҳақида хавотир пайдо бўлди. Lehman Brothers инқирозга юз тутди. Шунча воқеадан кейин AIG ҳақида ташвиш пайдо бўлди. AIG ҳам инқироздан қутқариб қолинди. Бундай вазиятда яна нима ҳақида гап бўлиши мумкин? Навбатдаги ким, деган савол туғилади. Афсуски, фожиадан қутулишимиз билан яна фожиа юз беряпти. Шу боис молия бозорларидаги кўрсаткичлар ўсмаяпти” – дейди “Jefferies & Co.,” ширкатининг инвестициялар бўйича бош мутахассиси Арт Хоган.
“Wall Street”даги таҳлилчилар биржада қолган АҚШнинг икки йирик инвестиция банкидан бири “Morgan Stanley” бўҳроннинг навбатдаги қурбони бўлиши ёки бўлмаслигини диққат билан кузатмоқда. Чоршанба кунги савдода “Morgan Stanley”га тегишли бўлган акциялар нархи 24 фоизга камайиб кетган эди.
18 сентябр куни чиқиш қилган АҚШ президенти Жорж Буш Оқ Уй маъмурияти молия бозорларидаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани ҳамда вазиятни ўнглаш учун зарурий чоралар кўраётганини таъкидлади: “Молия бозорларимизда жиддий қийинчиликларга дуч келиш давом этмоқда. Яқинда кўрилган чоралар бизнинг маъмурият ушбу қийинчиликларни ҳал этишга эътибор қатарганини кўрсатади. Америка халқининг ишончи комил бўлсинки, биз молия бозорларимизни барқарорлаштириш ва мустаҳкамлаш ҳамда инвесторлар ишончини кучайтириш учун чора кўришда давом этамиз” – деди АҚШ президенти Жорж Буш.
XS
SM
MD
LG