Линклар

Маънавий ва ижодий бирлик қачон бўлади?


18 сентябрь куни Душанбеда МДҲ давлатлари илмий ва ижодий зиёлилари вакилларининг учинчи форуми иш бошлади. Форум “Маданиятлар диалоги ва толерантлик орқали Ҳамдўстлик халқлари маънавий ривожи ва тараққиёти учун”, деган шиор остида ўтмоқда. Бу форумда ўзаро ижодий ҳамкорликни қайта тиклаш, зиёлилар мавқеидан фойдаланиб, умумий гуманитар муаммоларни ҳал этиш масалалари муҳокама этилди. Ўзбекистонлик ижодкорларга кўра, бу масалани қўйишдан олдин энг аввало ўзбек зиёлисининг жамиятдаги мавқеини қайта тиклаш зарур бўлади.

Зиёлиларнинг учинчи форумида нутқ сўзлаган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, давлатлар интеграцияси маданиятлар, адабиётлар ва илмлар яқинлашуви билан бошланишини таъкидлади.

“Бу ҳақиқатни кейинги 50 йил ичида Европа Иттифоқининг ташкил этилишига сабаб бўлган интеграция жараёнлари тасдиқлаб турибди”, -деди Имомали Раҳмон.

Тожикистон пойтахтида ўтаётган анжуманни ўзбекистонлик ижодкорлар ҳам қизиқиш билан кузатмоқдалар. Уларнинг ҳам бу анжуманда кўтарилган муаммолар ҳақида ўз нуқтаи-назарлари мавжуд. Ана шу фикрлар билан танишиш мақсадида ўзбекистонлик бир қатор ижодкорларга мурожаат қилдик.

Ўзбекистонлик ижодкор Ҳамроқул Асқар фикрича, сўнгги 17 йил ичида адабиётлар ва маданиятлар ўртасидаги алоқалар буткул узиб ташланган. Душанбеда бу мавзунинг кўтарилиши бугунги кун ижодкорлари учун энг долзарб масаладир.

“Ўрта Осиëдаги туркийзабон ëзувчиларининг кўпчилигини фаолияти кейинги пайтларда жуда ҳам сустлашган. Уларнинг ўзаро учрашиб туриши, бир-бири билан ижодий ҳамкорлик қилиши бугунги кундаги энг долзарб узилишлар ҳисобланади. Ана шу узилишлар ўзини салбий аксини топади. Биз илгари анжуманлар бўлганида бошқа халқларининг шоирларининг, ëзувчиларининг асарларини тўпланишиб таржима қилган пайтларимиз бўларди. Уларни вакиллари бу ерга келарди. Буни яна бир янги кўринишда тиклаш керак деб ўйлайман”, деди Ҳамроқул Асқар.

Ўзбекистонлик шоир Минҳожиддин Ҳайдарга кўра эса, бугунги кунда зиёлиларнинг маълум қатлами ҳукумат поғоналарида турли амалларни эгаллаган. Бироқ, бу ҳолат адабиётлар ва маданиятлар яқинлашувига хизмат қилиш ўрнига, ундан узоқлаштирмоқда. Негаки, дейди шоир, ижодкорларнинг ҳукуматдаги қатлами ҳокимият қулларига айланиб қолган ва адабиётни тор сиёсий мафкура йўналишига сиқиб қўйган. Ўз сўзида давом этар экан у мана буларни айтди:

“Ўзбекистон зиëлиларига қўлланма сифатида президент Каримовни “Юксак маънавият, енгилмас куч” деган жуда ажойиб китоби чиқди. Афсус дейиш керак мана шу китобга бугунги ëлғон гаплар кириб кетиб қолган. Мисол учун Платонни гапириб келиб 160 саҳифасида “Шу боис ҳам Платон шарқ илм-фанини Устози аввал яъни биринчи муаллик номи билан сийланган” дейилади. Ë товба дейсиз. Биз бирнчи устоз деб Арастуни биламиз. Буни ҳамма биладику. Наҳотки шуни нонини еб ўтирган одамлар шуни билмаса? Бу нарса президентни оғзидан чиқарилаяпти. Мана бугун бизни Ўзбекистон маънавий дунëсига берилаëтган озиқ қанақа”, деди Минҳожиддин Ҳайдар.

Айни пайтда ўзбек зиёлисининг мавқеи жамиятда кесин тушиб кетган, зиёлиларнинг интеграция жараёнларига таъсир ўтказа олиши учун энг аввало уларнинг мавқеини қайта тиклаш даркор, дейди ўзбек адабиётининг отахонларидан бири бўлган шоир Шукрулло. У ўзбек ижодкори мавқеининг нақадар тушиб кетганини мана бу мисол билан таққослайди:

“Яқинда мендан қайсидир бир нашриëтда “Домла болалар учун ëзган шеърларингиз бор экан. Шуни китоб қилиб чиқарсак нима дейсиз?” деб болалар учун шеърларимни сўраб олишган эди. Орадан ярим йил, бир йил ўтди. Нашриëтни директори ўзгарибди. Мен бир табриклай дедим. Телефон қилиб “Муборак бўлсин. Янги ишга келибсиз. Муваффақият” десам, “Сиз кимсиз?” деди. Мен “Шоир Шукрулломан” дедим. У “Фамилиянгиз нима?” деди. Мен ана, дедим. “60 йилдан бери мен ижод қилсам, мактаб дарсликларига киритилган бўлсам, нашриëт директори мени танимаса. Умрида китоб ўқимаган одам нашриëтга директор бўлса”. Нима дейишимни билмай нафасим ичимга тушиб кетиб “Фамилиямни қандай қўйишни ҳозир ўйлаяпмиз” дедимда телефонни қўйиб қўя қолдим. Мана хулосани ўзингиз чиқарақолинг”, деди шоир Шукрулло.
XS
SM
MD
LG