Линклар

Ўзбекистонда озиқ-овқат етарли...ми?


Ўзбекистон расмийлари мамлакатда дон, ун, ўсимлик ёғи ва бошқа турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси етарли эканлиги ва аҳоли эҳтиёжини тўла қоплашини таъкидламоқда. Бу иддао ЎзА ахборот агентлиги орқали аҳолига етказилди.

Бироқ оддий аҳоли айни турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг танқислигидан нолийди. Ўзбекистонда кейинги пайтда ун ва нон маҳсулотларининг нархи кескин ошиб кетиши баробарида мамлакатда нон тақчиллиги ҳам юзага келаётгани кузатилаяпти.

Ўзбекистонда дон, ун, ўсимлик ёғи ва бошқа турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг ишончли захираси, улгуржи ва чакана савдодаги зарур ҳажми аҳолининг эҳтиёжини тўла қоплайди, ички истеъмол бозорининг узлуксиз тўлдирилишини таъминлайди¸ деб хабар қилади ЎзА ахборот агентлиги.

Айни кунларда дунё жамоатчилиги жаҳоннинг турли мамлакатларида озиқ-овқат бўҳрони юзага келаётганидан хавотир билдираётгани маълум. Ўзбекистон ҳам айни давлатлар сафига киритилаётир.

ЎзА сайтида эълон қилинган «Инсоф сари барака” номли мақолада Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси бошқарма бошлиғи Олим Назаров Ўзбекистонда олиб борилаётган тадбирлар натижасида мамлакат озиқ-овқат бўҳронига учрамаслиги ҳақида гапиради.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг турли худудларида яшаётган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашамиз.

Суҳбатдошларимиз ўтган йилда Ўзбекистонда 4 миллион тоннага яқин пахта ҳосили етиштирилгани ҳолда аҳоли пахта ёғи танқислиги ва қимматлигидан азият чекаётгани ҳақида гапиришади.

“Мен нима учун 400 грамм ëғ учун навбатда туриш кераклигига ҳайронман. Пахта режаси бажарилди¸ концертлар берилди¸ чигитлар чиқаяпти. Нега ëғни халқимизга сотмайди? Гапни очиғи ҳозир Ўзбекистон иккинчи жаҳон уруши давридагидан ҳам ëмон бўлиб қолган”.

“Агар битта овқатга 100 граммдан ишлатадиган бўлсак¸ беш кунга етади. Ошга 300 грамм ишлатадиган бўлсак¸ бир ярим марта ош қилишга етади”.

“Бирор илож қилинглар. Бунақа халқни қийнамасинлар. Ҳаммани қўлида баклашка ëғ излаб юрибди. Одамлар қаерга бошини урарини билмай юрибди. Қайси магазинга борса ҳам ëғ йўқ. Қиммат бўлса ҳам олишмоқчи лекин йўқ”.

Мутасаддилар эса пахта ёғи етарли ишлаб чиқарилаётганини ва аҳоли эҳтиёжини тўла қоплаётганини эътироф этадилар.

Энди ун ва ун маҳсулотлари билан боғлиқ вазият борасида бир оғиз.

Ўзбекистонда 6 миллион тоннадан зиёд ғалла етиштирилган бир пайтда мамлакатда ун ва нон маҳсулотларининг нархи кескин ошиб кетиши баробарида мамлакатда нон тақчиллиги ҳам юзага келаётгани кузатилаяпти.

“Бу йил 6 миллион тоннадан ортиқ буғдой олинибди. Қаерга кетди шунча буғдой? Магазинда ун йўқ”.

“Тошкентда нонга навбатда туришибди. Умуман нон етишмайди. Нафақат Тошкент Марғилонда ҳам шу аҳвол”.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси бошқарма бошлиғи Олим Назаров¸ ЎзА сайтидаги суҳбатида¸ мамлакатда аҳоли манфаатларини ҳимоялаш мақсадида ун, ёғ ва нон маҳсулотларининг белгиланган чакана нархлари жорий этилгани ҳамда мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи меъёрида сақлаб турилганини таъкидлайди.
Лекин оддий ўзбекистонликлар билан суҳбатимиздан маълум бўлишича, озиқ овқат нархларининг нархи кун сайин ошиб бораётир.

“Нарх-наво ошиб кетди. Халқни яшаш шароити жуда оғир. Айниқса нафақахўрлар девона бўлиб қолдик. Тирикчилик қилиш жуда оғир бўлиб қолди. Келажак нима бўлади? Кўпчиликлар бир ҳафтада бир марта қозонида гўшт кўрса ҳам яхши нарса. Бир ойда бир марта ҳам қозони гўшт кўрмайдиган оилалар бор”.

Юқорида таъкидланганидек, мутасаддилар бу ҳолатларни бутунлай инкор қилишади. Улар эътирофича, мамлакатда тўкинчилик, нархлар арзон, озиқ-овқат захиралари эса етарли.
XS
SM
MD
LG