Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:41

Мўътабар Тожибоева: Иштони йўқ тиззаси йиртиқнинг устидан кулмоқда


http://gdb.rferl.org/D67C41A6-0A98-4B95-BB55-8FA70B02CE48_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/D67C41A6-0A98-4B95-BB55-8FA70B02CE48_mw800_mh600.jpg Ўзбекистон адлия вазирлиги инсон ҳуқуқларини яxши ҳимоя қилмади, дея ҳукумат танқидига учради. 18 сентябр куни Ўзбекистон адлия вазирлигида бўлиб ўтган мажлисда аввалгилардан фарқли ўлароқ танқидий фикрлар янгради. Расмий xабарларга кўра, мажлис давомида Ўзбекистон адлия вазирлиги раҳбар ҳодимлари ва мулозимлари инсон ҳуқуқларини мунтазам бузганлар ва маҳкумларга жазо белгилаш меъëрларига риоя қилмаганлар. Айни маълумот Ўзбекистондаги расмий нашрлар билан бирга Адлия вазирлигининг интернет нашрида ҳам эълон қилинди.

Адлия вазирлигининг ўз-ўзига танқид кўзи билан қарагани нимадан далолат? Вазирлик “Танқид, келажак меваси” деган ҳикматга риоя қиляптими ë бу ерда бошқа гап борми?

Адлия вазирлиги таркибига кирувчи идора мулозимлари маҳкумларга қонунда кўзда тутилган жазо чоралари белгилашда хато ва камчиликларга йўл қўйишган ва қонун меъëрларидан мунтазам четга чиқишган.

Шунингдек, адлия вазирлиги инсон ҳуқуқлари бошқармаси ва унинг ҳудудий тузилмалари мулозимлари фаолиятида мунтазам нуқсонлар аниқланди.

Бу хулосани 18 сентябр куни Адлия вазирлигида бўлиб ўтган коллегия йиғилишида президент ҳузуридаги мавжуд қонунчиликни мониторинг қилиш институти вакили шу йилнинг июн июл ойларидаги текширув асосида билдирди.

Адлия вазирлигига қўнғироқ қилиб тафсилотларни сўрадик.

“Бўлим бошлиқлари қатнашди. Коллегия йиғилишига мен қатнашганим йўқ. Мен ҳозир сизни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармасига улайман”.

Ана ундан кейин адлия вазирлиги инсон ҳуқуқлари бошқармаси билан уландик.

“Бизда матбуот котиби бор. Сизга ҳозир уни телефон номерини бераман”.

Ниҳоят адлия вазирлиги матбуот бўлими билан боғландик. Ўзини “катта маслаҳатчи” дея таништирган мулозим Озодлик мухбири билан суҳбатлашишга рози бўлди ва матбуот учун ҳозирланган маълумотномани ўқиб бериш билан чекланди.

“Йиғилишдан мақсад мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар, сиëсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда юз бераëтган ўзгаришлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилиш”.

Суҳбатдошимиз ўз вазирлигида юз берган камчиликлар бартараф қилинишидан гапирди.

“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат органимиз фаолияти устидан жамоат назоратини юритишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган”.

Айни вақтда, яқинда қамоқдан чиққан инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева, адлия вазирлиги инсон ҳуқуқлари бошқармаси ва унинг ҳудудий тузилмаларидаги камчиликлар бир кунда тугамаслигини таъкидлайди.

“Ўзбекистонда адлия вазирлиги қошида айнан инсон ҳуқуқлари билан шуғулланиш бўлимлари бор. Мана шу бўлимларни фаоллари, адлия вазирлигини берган хулосаси шундан иборат бўлган бўлиши мумкин, етарли даражада фаолият юрита олмаëтган бўлиши керак. Мен бу билан айнан водийдаги адлия вазирлиги қошидаги инсон ҳуқуқлари бошқармалари ташкилотларида ўзимни фаолиятим даврида жуда кўп тўқнаш келганман”.

Ўзбекистон адлия вазири катта маслаҳтчисига кўра, 18 сентябрдаги йиғилишда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази вакиллари ҳам қатнашган. Бундан буëн адлия вазирлигининг миллий марказ билан яқин алоқада бўлиши лозимлиги уқтирилган. Бу ҳолатга инсон ҳуқуқлари фаоли Тожибоева муносабати мана бундай бўлди.

“Мисол билан айтишим мумкин: мудраб ëтган айиқполвонни уйқусираб ўтирган айиқполвонга ҳамкорлик таклифи билан чиқиши. Агар Акмал Саидовни ташкилоти уларга қилинаëтган мурожаатларга жиддий эътибор бериб, муаммоларни ечган бўлганда эди Ўзбекистон бугунги кунга етиб келмаган бўларди”, дейди Мўътабар Тожибоева.

Мўтабар Тожибоевага кўра, адлия вазирлиги мустақил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари билан мулоқот қилиши лозим.
Вазирликдаги йиғилишда Ўзбекистон омбудсмен институти вакиллари ҳам қатнашишган ва адлия вазирлигини инсон ҳуқуқлари борасидаги фаолиятини анча танқид қилишган.
Мўътабар Тожибоева бу ҳолатни иштони йўқнинг, тиззаси йиртиқ устидан кулганига ўхшатди.

“Сайëра Рашидовани адлия вазирлиги қошидаги инсон ҳуқуқлари қўмиталарига ëки бўлмаса инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи қайсидир бир ташкилотга ўзини муносабатини билдиришга ҳаққи йўқ деб ҳисоблайман. Олий мажлиснинг инсон ҳуқуқлари вакили, Омбудсменнинг 2000, 2004 йиллар якуни бўйича 5 йиллик фаолияти хулосасида ëзилишича, 5 йил ичида 25000 дан зиëд ариза тушган. Шундан 1500 таси ижобий ҳал қилинган холос”, деди Мўтабар Тожибоева.

Айни пайтда мажлисда адлия вазирлиги маҳаллий ва марказий ОАВлари билан инсон ҳуқуқлари борасида мулоқот қилиши зарурлиги ҳам айтилган.
Адлия вазирлиги мулозимининг Озодлик мухбири билан суҳбатга рози бўлганини бу йиғилишдаги тавсия самараси десак ҳам бўлади.
XS
SM
MD
LG