Линклар

Халқаро амнистия ўзбек қочқинлари тақдиридан хавотирда

  • Ҳурмат Бобожон

Халқаро амнистия ташкилоти Туркиядан Эронга мажбуран чиқариб юборилган ўзбекистонлик қочқинлар тақдиридан хавотир билдирди. Ташкилот ўз баёнотида БМТ томонидан қочқин дея эътироф этилган 24 ўзбекистонликнинг Туркиядан Эронга чиқариб юборилишини қаттиқ қоралади. Туркиянинг Ван шаҳрида истиқомат қилиб келган ўзбекистонликлар уларнинг болаларига ўқув ёрдамлари берилиши ваъда қилиниб, полиция бўлимига чақиртирилган ва у ердан Эронга депорт қилинган эди.

Халқаро Амнистия Туркиядан Эронга мажбуран чиқариб юборилган ўзбек қочқинларининг Тошкент ҳукумати қўлига топшириб юборилишидан жиддий хавотирда. Ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Майси Вайчердин бу хавотирни шундай изоҳлади.

"Уларнинг Эронга мажбуран чиқариб юборилганидан жиддий хавотир бор. Сабаби, Эрон қочқинларни Ўзбекистонга топшириб юборса, улар узоқ муддатга қамоққа ташланишлари ва қийноқ ҳамда таҳқирлашларга юз тутишлари муқаррар, биз бундан жиддий хавотирдамиз", - деди Майси Вайчердин.

Хабарларга кўра, бир ҳафта аввал Туркия полицияси ўзбекистонлик қочқинларни Ван вилоятидаги ижара уйларидан олиб чиқиб, аввал Миграция хизмати бўлинмасига олиб борган ва у ердан мамлакат ташқарисига чиқариб юборган. Қочқинларнинг Туркияда қолган шериги бу ҳақда Озодлик радиосига шуларни айтди.

“Жума куни соат 6.30, 7.00 лар ўртасида Ван вилояти хорижликлар билан ишлаш хизмати идорасидан олиб чиқиб кетилган. Соат нечада у ҳудудга ўтказилгани бизга номаълум. Биз уйда ўтирганимизда кечаси соат 1лар арафасида бошқа ҳудудга ўтишганини маҳаллий халқдан телефон олиб бизга билдиришди. Сабабини кўрсатишмапти. Туркия полицияси уларни ҳудуддан чиқарган. У ëқда одамларни сотиш билан шуғулланадиган “қочоқфуруш”лар бор экан. Ушлаган одамларини қариндошларига телефон қилдириб, пулини олиб кейин қайтариб берар экан. Ҳозир улар шундай одамларни қўлида экан”.

Айтишларича, расмийлар қочқинларнинг ўзларига нима учун Туркиядан чиқариб ташлашаётгани борасида изоҳ беришмаган. Қочқинлар Эрон махсус хизматларига алоқадор қуролли гуруҳ ихтиёрига топширилгани хабар қилинган.

Amnesty International ташкилоти ва "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ассоциацияси, Эрон ва Туркия ҳукуматларига мурожаат қилиб, ўзларининг халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирганлар. Бу чақириққа БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг Туркиядаги бўлими ҳам қўшилган. Туркиядаги БМТ Қочқинлар идораси вакили Метин Қоработирнинг айтишича, ташкилот Туркиянинг тегишли идораларидан қандай асосда ўзбек қочқинлари Эронга мажбуран қайтарилгани ҳақида тушунтириш сўраб мурожаат этган, лекин ҳозирча бунга жавоб бўлмаган.

Ушбу қочқинларнинг Ўзбекистондан чиқиб кетиши тарихи 90 йиллар ўрталарига тўғри келади. Бир гуруҳ диндор ўзбекистонликлар ўз мамлакатидаги таъқиблардан қочиб, дастлаб Тожикистонга, кейинчалик Афғонистонга ўтишади. 2001 йилда Афғонистонда Америка етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар бошланар экан, ўзбекистонликлар дастлаб Эрон ва кейинчалик Туркиядан бошпана топишади. Бу ҳақда қочқинлардан бири шуларни айтади.

“1995 йили Абдували қори ака қамалгандан кейин масжидга қатнаëтганлар ва намоз ўқиëтганларга кўп таҳдид бўлган. Шундан кейин чиқиб кетганмиз”, - дейди ўзбекистонлик қочқин.
XS
SM
MD
LG