Линклар

logo-print

Халқаро ҳамжамият Покистон пойтахтида содир этилган портлашни қораламоқда.


Шанба куни Исломободдаги "Марриот" меҳмонхонаси яқинида содир этилган мудҳиш портлаш оқибатида 60га яқин одам ҳалок бўлди, юзлаб одам жароҳатланди. Туркия президенти Абдулла Гул Исломободдаги портлашни қораларкан, буни тинчликни бузишга қаратилган вахшийлик деб атади. Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штанмайер жиноятни содир этганлар адлия қўлига зудликда топширилиши керак, деб таъкидлади. Британия бош вазири Гордон Браун эса Лондон ҳукумати террорчиликка қарши кураш борасида Покистонга қўлидан келган ёрдамни беришини билдирди. Шунингдек, АҚШ, Ҳиндистон, Хитой, Афғонистон ва бошқа давлат раҳбарлари Исломободдаги портлашни қоралади.
Покистон мулозимларининг айтишларича, Афғонистон сарҳадларига яқин ҳудудларда жойлашган жангарилар бу ҳужумни амалга оширган бўлишлари мумкин. Сўнгги пайтларда Покистон армияси мамлакатда тобора фаолиятини кенгайтираётган Толибон жангариларига қарши амалиётлар олиб боришаётган эди.
Покистон ички ишлар вазири шанба куни Исломободдаги Марриот меҳмонхонасига уюштирилган ҳудкуш ҳужумида Ал Қойдага алоқадор толиб жанггариларини айблади. Вазир Раҳмон Малик сўзларига кўра, бу жанггарилар Ал Қойда ва Толиблар фаол ҳаракат қилувчи Покистоннинг қабилалар яшайдиган ҳудудларида жойлашган бўлиши мумкин. Покистон мудофаа вазири Чаудхури Аҳмад Мухтор эса журналистларга берган матбуот анжуманида ҳужумда айбланган толиблар сирасида ўзбек жанггарилари номини ҳам тилга олди: “Бу ҳодисада шубҳасиз хорижий кучларнинг қўли бор. Чунки, биз қарши курашаётган ўзбек ва чечен жанггарилари Покистон фуқаролари эмас”, деди Покистон мудорфаа вазири.
Покистоннинг янги сайланган президенти Осиф Али Зардорий эса портлашдан бироз ўтиб, сўнг ўз халқига мурожаат йўллади ва терроризмга батамом нуқта қўйишини ваъда қилди. Ҳозирга қадар бирор бир гуруҳ ҳужум учун маъсулиятни зиммасига олгани йўқ.
Портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар орасида Чех Республикасининг Покистондаги элчиси борлиги ҳам тасдиқланди. Бир ой олдин иш бошлагани туфайли ҳали меҳмонхонада қолаётган элчининг жасади вайроналар ичидан топилган.
Исломободда жасади топилган маҳаллий одамларни дафн этиш маросимлари бошланган.
XS
SM
MD
LG