Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:23

Бишкекда 18 ўзбек қўлга олинди


Куни кеча Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида 18 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Бишкек шаҳридаги қурилишларда ноқонуний равишда ишлаётган пайти ушланган. Ўзбекистонликлар маҳкама жараёнига тортилиб, Қирғизистондан депортация қилиниши мумкин.

Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистон ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган махсус тадбир давомида қўлга олинган. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Бақит Сайетов Озодликка маълум қилди.

“18 нафар Ўзбекистон фуқароси Қирғизистонга кириш қоидаларини бузган. Улар ўзбек қирғиз чегарасидан ноқонуний йўллар орқали ўтишган. Чунки уларнинг бирортасининг ҳам паспортида чегарадан ўтганлиги ҳақидаги муҳр йўқ. Қўлга олинганларнинг олти нафарида эса ҳатто паспортлари ҳам йўқлиги аниқланган.
Қўлга олинган ўзбекистонликлар Бишкек шаҳридаги қурилишларда ноқонуний равишда ишлаб келишган. Қирғизистон қонунларига кўра, хорижликлар, масалан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам Қирғизистонга келиб ишлашлари ёки тижорат билан шуғулланишлари мумкин. Лекин бунинг учун улар албатта Давлат Миграция қўмитасидан рухсат олишлари шарт. Қўлга олинган 18 нафар Ўзбекистон фуқаросида эса бундай ҳужжат бўлмаган”¸ деди Бақит Сайетов.

Яна унинг билдиришича, ҳозирда айни ҳолат юзасидан тергов суриштирув олиб борилмоқда ва яқин кунларда 18 нафар ўзбекистонлик маҳкама жараёнига тортилади.

Суд қарорига кўра, улар жаримага тортилишлари ҳам мумкин. Кейин эса барчалари Қирғизистондан депортация қилинади.


Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Бақит Сайетовнинг Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон фуқароларининг Қирғизистон ҳудудида ишлаш ҳолати аввал кузатилмаган эди.

Лекин кузатувларга кўра, Қирғизистон худудида ўзбекистонликларнинг мардикорлик билан шуғулланиш ҳолатлари кўплаб учрайди. Айниқса мамлакатнинг жанубий вилоятларига жуда кўплаб ўзбекистонликлар келиб ишлашлари ҳақида гапиради қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

“Бизда ҳозир бўлмаганда бир кунда Ўзбекистондан 2000 одам ўтади. Қишлоқ хўжалиги ва қурилишда ишлашади. Ëтиб ишлайдиганлар бор¸ кунига қатнаб ишлайдиганлар бор. Масалан Бозорқўрғонни ўзида наманганликлардан иборат эшик-дераза қиладиган қурувчи бригада бор. Қурилишларга Хоразмдан келиб ишлашаяпти. Ўзимиздагилар эса Россияга кетган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиштириш ҳам¸ қурилиш ишлари ҳам ўзбекистонликларни ҳисобига бўлаяпти. Қонун бўйича меҳнат иммигрантлари давлат миграция хизматидан рухсат олиши керак. Лекин у нарса бажарилмаяпти. Сўраб-суриштириб келган милиция чўнтагига чой-чақа олаяпти. Қишлоқ хўжалигидагиларни биров сўрамайди ҳам”¸ дейди Азимжон Асқаров

Маълумки, ҳозирда пахта терими мавсуми. Бу даврда эса Қирғизистон жанубидаги пахтанинг аксарият қисми ўзбекистонликлар ёрдамида йиғиштириб олиниши кўпчиликка маълум.
XS
SM
MD
LG