Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазият муҳокама қилинди

  • Фаррух Юсуфий

Душанба куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов, АҚШ Давлат Департаментининг ташқи сиёсат бўйича мулозими Рэйчел Уолдстайн билан учрашди. Иснон ҳуқуқлари миллий маркази вакилига кўра, учрашувда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазият муҳокама қилинган ва бу борада ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани қайд этилган. Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлари доирасида долзарблигини сақлаб қолмоқда. Айниқса, расмий Тошкентга нисбатан жазо чораларини жорий қилган Европа Иттифоқи билан алоқалар ва санкциялар тақдири келаси ойда ҳал қилиниши эътиборга олинса, мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаётганига оид муждани ташқарига чиқариш Ўзбекистон расмийлари учун муҳимдир.

АҚШ Давлат Департаментининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича ҳисоботларни тайёрлайдиган кенгаш вакили Рэйчел Уолдстайн, Американинг Ўзбекистондаги элчихонаси иш режасига биноан Тошкентга сафар қилмоқда, деди элчихона матбуот вакили Молли Стивенсен.

Душанба куни Уолдстайн хонимни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов қабул қилди. Миллий марказ вакилига кўра, учрашувда АҚШ Давлат Департаменти расмийсидан ташқари элчихонанинг бир неча вакили ҳам иштирок этган ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятни муҳокама қилиб, кузатилаётган ўзгаришларни ижобий баҳолаган.

Инсон ҳуқуқлари масаласи халқаро муносабатлар контекстида Ўзбекистон ва унинг хорижий ҳамкорлари учун, томонлар буни ҳоҳлайдими йўқми, долзарбдир. Ўтган ҳафта Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, Брюсселда, Европа расмийлари билан учрашувда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратган, мамлакатда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида гапириб “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича Европа билан конструктив мулоқот бошлаган минтақадаги биринчи ва ягона давлат бўлиб қолмоқда”, дея таъкидлаган эди.

Айни фактнинг ўзиёқ Тошкент расмийсининг фикрича, мамлакатда мазкур масалада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар тасдиғидир.

Европа Иттифоқи ҳам инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаётганини эътироф этади. Ҳарқалай, Европа кенгашининг сўнгги йиғинларида берилган хулосаларда, бу борада хавотирлар сақланиб қолаётгани айтилсада, ижобий қадамлар қўйилаётгани мамнунлик билан қайд этилади. Хусусан, сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши, айтилаётган қадамларга мисол қилиб келтирилади.

Ҳюман райтс уотч (Human rights watch) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Игорь Воронцов, сиёсий маҳбуслар озод этилаётгани рост бўлсада, ижобий ўзгаришлар ҳақидаги хулосалар ҳақиқатдан йироқ, дейди Озодлик билан суҳбатда.

“Албатта, Ўзбекистон расмийлари учун санкцияларнинг сақланиб қолаётгани нохуш бир ҳодисадир. Қолаверса, санкциялар Европа Иттифоқини ҳам чарчатиб юборди. Шунинг учун намойишкорона тарзда баъзи сиёсий маҳбусларни озод қилиб, иккала томон ҳам вазият яхшинаяпти, деган хулосаларни баён қилади. Аслида эса, улар озод этилган инсон ҳуқуқлари фаолларининг ўрнига бошқаларини қамоққа ташламоқда. Умуман Ўзбекистон қамоқларида сиёсий маҳбус шунчалик кўпки, бир-икки кишини қўйиб юбориб, вазият яхшиланяпти, дейиш кулгилидир. Бу вазият одамларни гаровга олинишига ўхшаб кетади. Яъни Ўзбекистон ҳукумати ўнлаб сиёсий фаолларни, диний сабабларга кўра қамалганларни ҳисобга олсак, минглаб кишиларни қамоққа ташлаб, ўз талабларини бажартириш эвазига уларни биттадан ёки иккитадан озод қилмоқда. Европа Иттифоқи эса буни қарсаклар билан қаршилаб олмоқда. Албатта бу жуда аянчли манзарадир ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари бир-икки одамнинг озод этилиши билан вазият яхшиланиб қолмаслигини тушуниб олса, яхши бўларди”, дейди Ҳюман райтс уотч вакили.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева ҳам ўзининг яқинда озод этилиши мамлакатда вазият яхшиланаётгани даракчиси эмаслигидан гапиради.

“Агар ўзимни қамоқдан озод қилинганлигимни ҳисобга олиб туриб, баҳо беришим керак бўладиган бўлса, мен албатта Ўзбекистонда демократияга қараб олға силжиш бўлаяпти, чунки мен қамоқдан тирик чиқдим деб айта олардим, қачонки, мен озод бўлганимдан кейин Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Турғуновлар ҳибсга олиниб, уларга нисбатан бир пайтлар менга қўлланилган қийноқлар қўлланилмаган бўлганида”.

Ўзбекистон расмийлари учун мамлакатда сиёсий муҳит, биринчи навбатда демократия жараёнлари ва инсон ҳуқуқларига оид вазият яхшиланаётгани ҳақидаги муждаларни ташқарига чиқариш жуда муҳимдир, дейди суҳбатдошларимиз. Чунки келаси ойда Ўзбекистонга нисбатан Европа Иттифоқи жорий қилган санкциялар тақдири ҳал этилади ва Брюссел идораларидаги баъзи манбаларга кўра, шундоқ ҳам рамзий бўлган жазо чораларини буткул бекор қилишга замин яратилмоқда. Бундан ташқари, декабр ойида Бирлашган миллатлар ташкилотининг инсон ҳуқуқлари кенгашида Ўзбекистон бу борада олган мажбуриятларни қай тарзда бажараётганини кўриб чиқади.

Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидовнинг АҚШ Давлат Департаментининг дунё мамлакатларида демократия ва инсон ҳуқуқлари вазиятига оид йиллик ҳисобот тайёрлайдиган таҳрир кенгаши вакили Рэйчел Уолдстайн билан учрашуви ҳам, вазият яхшинаётгани ҳақидаги муждани юбориш имконини беради холос, асл вазият эса ёмонлашиб бораётганини ҳеч ким кўришни истамайди, деб хулоса қилади ҳуқуқ ҳимоячиси Тожибоева.

“Акмал Саидов билан АҚШ элчиси учрашсин, Европа иттифоқида бу масала кўтарилсин ëки БМТда кўтарилсин, қачонки, ҳукуматнинг ўзи демократия учун қадам қўймас экан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласида ҳеч қандай яхши томонга ўзгариш бўлмайди. Мен бунга аниқ ишонганим учун айтаяпман”, дейди Мўътабар Тожибоева.
XS
SM
MD
LG