Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:24

Россияда ирқчилик ва тақирбошлар ҳужуми камайди...ми?


Москвада ирқчилик асосида содир этилган жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан икки марта камайган. Бу ҳақда “Новые известия” газетаси хабар тарқатди. Москвадаги “Сова” ҳуқуқ маркази маълумотига кўра, Москвада тақирбошлар томонидан содир этилган жиноятларнинг камайиши¸ шаҳар ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг бу муаммога алоҳида эътибор қаратаётгани маҳсулидир. Айни пайтда 22 сентябрь куни Москвада ирқий асосда одам ўлдиришларда айбланган 13 тақирбош устидан ҳукм ўқилди.

Москвалик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ўтган йили Россияда 71 одам ирқчилар томонидан ўлдирилган. 278 кишига эса тан жароҳати етказилган. Ирқчилар қурбонларига айланганларнинг асосий қисми Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон, Арманистон ва Доғистон фуқароларидир. Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари¸ Москвада ирқчилик асосида содир этилган жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан икки баробар камайганини эътироф этадилар.

“Бу йил ёзида тақирбошлар томонидан 9 киши ўлдирилган¸ 61 кишига тан жароҳати етказилган. Ўтган йилнинг шу пайтида эса тақирбошлардан 180дан ортиқ одам жабр кўрган, жумладан 15 киши ўлдирилган эди. Бундай қувончли пасайиш¸ албатта ҳуқуқ-тартибот идораларининг самарали меҳнати натижасидир”, - деди Галина Кожевникова.

Бироқ Москва шаҳар прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, Россия Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги расмийлари Озодлик мухбири билан бу мавзуда суҳбатлашишни истамадилар. Уларга кўра, тақирбошлар томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан махсус статистика тўпланмайди. Бу идоралар масъулларига кўра, тақирбошлар мавзуси мураккаб ва шунинг учун бу масалада шарҳ берилмайди.

Москвада яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев эса Москвада тақирбошлар томонидан содир этилган жиноятлар камайган, деган фикрга қўшилмайди. Унга кўра, ўзбекистонликларни калтаклаш ҳолатлари Москвада ҳали ҳам анчагина кўп.

“Новые известия газетасидаги мақола билан булар ўртача ечим беришга ҳаракат қилганлар. Лекин ҳолат ҳали ўзгаргани йўқ. Куни кеча Домодедовода андижонлик ўзбекларни уриб кетишганини эшитдик»¸ деди Баҳром Хамроев.

Айни пайтда Россияда ирқчилик ва неофашистик ҳаракатнинг фаоллашгани Европа Кенгашида ҳам ташвиш уйғотмоқда. Европа кенгаши Россия миллатчилик ва ирқчиликка қарши қандай кураш олиб бораётганини ўрганмоқчи ва шу мақсадда 23 сентябрь куни Москвада махсус анжуман ўтказилади.

“Бу анжуман ЕКРИ, яъни Европа кенгашининг ирқчилик ва миллий тоқатсизликка қарши кураш комиссияси ташаббуси билан ўтказилмоқда. Анжуманда асосан бу комиссия томонидан Россияга ирқчиликка қарши кураш борасида берилган тавсиялар қай тарзда амалга оширилаётгани тафтиш этилади”, -деди москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Галина Кожевникова.

Мана шу анжуман арафасида, яъни 22 сентябрь куни Москвада қўлга олинган 13 кишидан иборат тақирбошлар гуруҳига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Маълумотларга қараганда бу гуруҳнинг асосий аъзолари вояга етмаган болалардир. Улар суд жараёнида 2 кишини ўлдирганликларини, 10 киши ҳаётига таҳдид қилганликларини тан олдилар. Улар 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилдилар. Бу борада Москвада яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳиомячиси Баҳром Ҳамроев мана буларни айтди:

“Улар ўзларининг қилган жиноятларининг бир нечта эпизодларини судга айтиб беришган. Одам ўлдириш¸ тан жароҳати етказиш каби моддалар билан ҳукм ўқилган. Менимча суд очиқ бўлмади. Чунки кўпчилик инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан вакиллар¸ мухбирлар қатнаша олмаган яъни киритишмаган”¸ деди Баҳром Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG