Линклар

Ўзбекистонда гўдакларни нима билан боқишади?


Заҳарланган хитойлик гўдак муолажа чоғида.21 сентябр¸2008 йил.

Заҳарланган хитойлик гўдак муолажа чоғида.21 сентябр¸2008 йил.

Хитойда қуруқ сутдан заҳарланиш натижасида уч нафар гўдак оламдан ўтган. Хитой соғлиқни сақлаш вазирлиги жами сентябр ойида олти мингдан зиёд бола қуруқ сутдан заҳарлангани ҳақида маълум қилади. Айрим Интернет сайтлари хабар қилишича, Хитойда 22 та компания ишлаб чиқараётган болаларга мўлжалланган қуруқ сут таркибида инсон организми учун зарарли бўлган кимёвий моддалар борлиги аниқланган.

Ҳозирда Хитойда болалар озиқ-овқатлари ишлаб чиқарадиган 66 та компания ўз фаолиятини тўхтатган. Хитойда ишлаб чиқарилган сутли маҳсулотларнинг Ўзбекистонга экспорт қилиниши ҳақида маълумотлар йўқ.

Лекин бугунги кунда Ўзбекистонда болаларга мўлжалланган сутли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қай аҳволда, ўзбек оналари ўз фарзандларини қандай маҳсулотлар бериб боқаётир, деган савол туғилиши табиий.

Аввало ўзбек оналари ўз фарзандларини қандай маҳсулотлар билан боқаяпти, деган саволга жавоб изласак.

“Мен ўз қизимни она сути билан боқаман. Қўшимча қуруқ кашани сув билан аралаштириб бераман. Творог, банан бераман”, дейди фарғоналик суҳбатдош аёл.

Тошкентлик суҳбатдош аёл эса фарзандларини Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган “Нестле” (Nestle) компаниясининг сут маҳсулотлари билан боқиши ҳақида гапиради.

“Каша, сут, пюре бераман. Анчадан бери кичкина болаларга Нестле сутидан олиб бераман. Нестле сутини Ўзбекистонда энг яхшиси деб ҳисоблайман. Мазаси ҳам яхши, пиширмаса ҳам бўлади, бир-икки кун туради”.

Бу аёлдан фарқли равишда биз суҳбатда бўлган бошқа ўзбек оналари фарзандларига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сут маҳсулотларини бермасликларини айтишди.

“Ўзбекситонда ишлаб чиқарилганлари яхшимас. Уларда керакли витаминлар етишмайди. Шунинг учун Россияда ишлаб чиқарилганидан оламиз”.

“Мен Нестленикини ишлатмайман. Уни ичида лактогени бор. Тўғриси қўрқаман. Лактогендан заҳарланиш бўлганини эшитганман. Мен буни каша чиқарадиган компаниясини ëпилиб кетганини эшитганман. Нестлени ҳеч қандай маҳсулотини болаларимга бермайман”.

Аёллар тилга олган “НЕСТЛЕ” компанияси болалар озиқ-овқатлари ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг катта компаниялардан бири ҳисобланади. Биз компания маҳсулотлари ҳақида маълумот олиш учун Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган “НЕСТЛЕ” компанияси филиалига мурожаат қилдик. Лекин улар юқорида тилга олинган Хитойдаги болаларнинг заҳарланиш воқеасига НЕСТЛЕ компаниясининг алоқаси йўқлигини айтиш билан чекланишди.

“Нестле ҳозир бўлаëтган воқеларни ичига кирмайди. Шунинг учун сизга Нестле тарафидан ҳеч қанақа маълумот бера олмаймиз. Бизни nestle.com сайтимизда маълумотлар берилган”.

“НЕСТЛЕ” ўз маҳсулотлари ҳақида гапиришни ҳоҳламаган бир пайтда, Ўзбекистонда сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “ВЕМБЕЛДАН” компанияси ходими ўз маҳсулотлари ҳақида қуйидагиларни билдирди.

Ўзбекистонда 2005 йилдан буён фаолият кўрсатаётган “ВЕМБЕЛДАН” компанияси ҳозирда 31 хил сут маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда.

“Бизда ҳозир халққа энг танилгани ва энг яхши сотиладиган бу кефир. Биздаги сут маҳсулотларини ҳаммаси болалар учун мўлжалланган. Болаларни энг яхши кўрадигани бу газланган сироп. Бизни маҳсулот бўйича, мен 100 фоиз кафолатб бераман, заҳарланиш бўлмаган. Бугунги кунда бизда бюджет ташкилотлари боғчалар, тиббиëт масканлари бор. Уларнинг 100 тадан иккитасига биз маҳсулот етказиб берамиз. Қолган 98 тасига бизни рақобатчилар олиб боришади. Бизнинг асосий мижозларимиз магазин ва супермаркетлар. Шунинг учун бизни маҳсулотлардан ëш болаларни заҳарланиши ëки касал бўлиши фоиз ҳисобида жуда ҳам кичкина. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки олаëтган харидорлар болаларни ота-оналари ëки бобо ва бувилари”.

Биз мавзуни ўрганиш жараёнида Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларига қўнғироқ қилганимизда, суҳбатдошларимизнинг аксарияти ўз фарзандларини она сути билан боқишлари ёки қўшимча равишда сигир сути беришларини айтишди. Қишлоқ аёлларига кўра, айниқса қора рангдаги сигирнинг сути гўдак учун жуда фойдали бўлармиш.
XS
SM
MD
LG