Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:39

Конституция ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатими?


Ўзбекистон адлия вазирлигида "Аҳолининг конституцияни билиши - давр талабидир " деган мавзуда семинар кенгаш бўлиб ўтган. Кенгаш иштирокчилари Адлия вазири муовинининг Ўзбекистон конституцияси дунëдаги энг одил, энг мукаммал ва амалда қўлланиладиган қомус эканлиги ҳақидаги маърузасига қулоқ солишган. Кенгаш давомида бу қомус ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг ҳоҳиш-истакларини ўзида акс эттиради деб таъкидланган.

Ростан ҳам шундайми? Ростдан ҳам ўзбеклар конституцияда ваъда қилинган ҳуқуқ ва эркинликлар соҳибими? Ўзбек мулозимларининг Ўзбекистон конституциясига муносабати қандай?

Бу саволга жавоб берган инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниëзова Тошкентда бўлган бир воқеани ҳикоя қилди.

“Мирзо Улуғбек суди олдида Елена Урлаева ва яна бир нечта ҳуқуқ ҳимоячилари намойиш ўтказишаëтган эди. Улар “Ўзбекистон конституциясига риоя қилинглар” деган шиор билан чиқишган эди. Конституция китоби ҳам уларнинг қўлларида бор эди. У ерда Елена Урлаевани ҳар доим назорат қилиб юрадиган Мирзо Улуғбек тумани терроризмга қарши кураш бўлимида ишлайдиган Илëс Мустафоев ва яна бир нечта милиция ходимлари бор эди. Улар ҳуқуқ ҳимоячиларининг олдига келиб уларнинг қўлидаги шиорларни ва конституция китобини йиртиб ташлашди”.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Елена Урлаева ушлаб турган конституциянинг милиция ходими томонидан бурда-бурда қилиб ташланиши, Каримов режимининг қиëфасига мисолдир, дейди жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиëр Ҳамроев.

“Конституцияни йиртиб ташлаши биринчи навбатда ўзига нисбатан ҳурматсизлик, иккинчи навбатда ватанга ҳурматсизлик. Мен бу нарсани жуда яхши биламан. Бу жуда ҳам қўпол нарса. Бунинг учун у ким бўлишидан қатъий назар, оддий фуқаро бўладими, юқори мансабли шахс бўладими,
жазоланиши керак”.

Елена Урлаева қўлидан тортиб олиниб, бурда-бурда қилинган Ўзбекистон конституциясида қатор эркинликлар ваъда қилинган. Масалан, сўз ва ифода эркинлиги. Ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги.

Бахтиëр Ҳамроевга кўра, амалдаги конституция талаблари амалда бажарилмаяпти.

“Ўзбекистонда сўз эркинлиги умуман йўқку. Масалан мен бир мухолифатчи сифатида оналар ҳақида, жамиятимиз ҳақида, жамиятимизда бўлаëтган инқирозлар ҳақида, мухолифат ҳақида жуда кўплаб нарсалар ëзганман. Лекин бу ëзганларим мухолифатнинг айрим сайтларида чиққан холос. Мен шу ëзганларимнинг айнисини “Жиззах овози”, “Жиззах ҳақиқати” газеталарига юборганман. Бирортаси босиб чиқаргани йўқ ва босиб ҳам чиқармайди. Инсонни у ердан бу ерга кўчиб юриш имконияти чегараланган. Мана яқинда жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партиясининг йиғилишига борганда, 5 соат милиция таянч пунктида “меҳмон” бўлиб келди. Гўëки паспорт режими эмиш. Паспортни текширсанг текшириб, кейин кетавер. Нима қиласан 4 та ҳуқуқ ҳимоячисини милицияхонага судраб олиб бориб?”.

Ўзбекистонда кўпгина қонунлар мазмуни ва руҳи конституцияга зид. Бу ҳам ўзига хос муносабат белгисидир, дейди Ҳамроев.

“Қабул қилинган кўплаб қонунлар конституциямизга зид. Масалан мен вилоят миқëсидаги буйруқларни ўқиб чиқиб ҳайрон қоламан. Жуда кўплаб буйруқлар, вилоят миқëсидаги фармойишлар конституцияга зид. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўзбекистон конституциясини биров-бировга пеш қилиб кўтариб ҳам турмасин, китоб жавонида ҳам турмасин. Конституция ҳаëтга тадбиқ қилинсин”, дейди Бахтиëр Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG