Линклар

Москвада “сотилган” ўзбек мардикорлари


Москва шаҳрида уч ой мобайнида 1500 нафар Ўзбекистон фуқароси одам савдогарлари қурбонлари бўлган. Бу ҳақда Озодлик радиосига москвалик ҳуқуқ ҳимоячилари маълум қилдилар. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, 1500 нафар ўзбекистонликнинг барчаси бир фирма орқали Москвага олиб келинган ҳамда иш берувчиларга сотилган. Иш берувчилар эса уларнинг ҳужжатларини олиб қўйганлар ҳамда иш ҳақи бермаганлар.

Москвада яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев ўз ватандошларининг одам савдогарлари қурбони бўлганини аниқлаб, бу фактга халқаро ташкилотлар эътиборини қаратган.

“1500 та ўзбек олиб келиниб Москва марказида 3 ой давомида сотилган. Ҳюман райтс уотч ҳозир иш бошлади ва доклад ëзади”.

Инсон ҳуқуқларини химоя қилувчи нуфузли Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Москва бўлимида ҳуқуқ ҳимоячисининг бу гапларини тасдиқладилар. Ҳюман Райтс Уотчнинг Москва ваколатхонаси ходимаси Татьяна Локшинага кўра, айни пайтда ташкилотнинг Нью Йоркда жойлашган бош қароргоҳида¸ бу масала юзасидан махсус ҳисобот тайёрланмоқда.
Айни пайтда ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари юристлари бу факт юзасидан жиноят иши очишни сўраб, махсус хизматларга ариза тайёрламоқдалар.

“25 та ўзбек бизга мурожаат қилди. Биз ўша объектларга бордик. Бир неча юристлар биалн маслаҳатлашиб¸ биз уларни гувоҳликларини ëзиб олдик. Биз яна улардан уларни қай ҳолатда сақлаганликларини кўрсатишларини сўрадик. Улар бизга буни кўрсатиб беришди. Юристлар бу масалада иш қўзғаш учун ҳужжатлар тайëрлашмоқда”.

Унинг айтишича, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини сотиш ишида Ўзбекистон ичкарисидаги тадбиркорларнинг ҳам қўли бўлган. Ўзбек тадбиркорлари ҳар бир мардикорни 1,5 минг рублдан баҳолаганлар. Москвада эса ҳар бир ўзбек ишчиси 7,5 минг рублдан сотилган.

“Московские народные биржа труда” деган ташкилот олиб келинган ҳар бир ўзбекни 1500 рубльдан сотиб оларкан ва 7500 рубльдан сотаркан”.

Москвадаги “Фуқаролик кўмаги” ташкилоти ҳам бу иш билан шуғулланмоқда. Ташкилот вакили Елена Буркинага кўра, одам савдоси фактини ҳуқуқ тартибот тузилмаларига исботлаш жуда қийин кечадиган жараёндир. Унинг айтишича, айни ҳолатда одам савдоси эмас, шахсни ўз эркига қарши равишда тутқунликда сақлаш ҳақида гап бориши мумкин. Бу ишчи кучини сотиш учун харидор излаш жараёнида, бу ишчи кучи мажбурий тарзда тутқунликда сақланади, улар ўз ихтиёрлари билан ҳаракат қила олмайдилар.

“Бу биржа ҳақида айтиш мумкинки, унинг фаолиятида ноқнуний ҳаракатлар элементи бўлган. Бу алдов ва одамларни тутқунликда сақлашдир. Биржа ишчиларни Ўзбекистондан олиб чиқаётганда бошқача, Москвага келганда бошқача шартномаларни имзолаган. Одамларни мажбурий тутқунликда сақлаб¸ уларни озиқ-овқат билан таъминлаган ва охир оқибат одамлар мана шу туфайли қарздор ҳам бўлиб қолганлар”, -дейди Елена Буркина.

Унга кўра, бундай фактларга нисбатан жиноят иши қўзғаш ва уларни судга ошириш жараёни бир неча ойларга ва ҳатто йилларга ҳам чўзилиши мумкин.
Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев халқаро ташкилотлар ёрдамида Москвада 1500 ўзбекистонликнинг қулликка сотилганини тасдиқлаш ҳамда бу иш билан шуғулланган ташкилотларни жиноий жавобгарликка тортиш мумкинлигига ишонади. Унга кўра, ўзбекистонликларга иш ҳақи берилмагани ва улардан қул сифатида фойланилганини одам савдоси сифатида тавсифлаш мумкин.

“Уларни яроқсиз¸ ташлаб юборилиши керак бўлган озиқ-овқатлар билан боқишган. Уларга ҳеч қанақа ойлик тўланмаган. Уларни олаëтган пайтда ҳар бир ишчи “Мени бу ташкилотдан 1500 доллар қарзим бор” деган қоғозга қўл қўйган экан ва 2¸ 3 ой ишлаб чиқиб кетаркан”¸ деди Баҳром Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG