Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:32

Россияликларнинг аксари ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватламоқда


Россия ҳарбий қисмлари Грузияга бостириб киргани Ғарб давлатлари томонидан ҳозиргача танқид қилмоқда. Афтидан бу россия жамоатчилигига таъсир қилмаётган кўринади. Ўтказилган сўров натижаларига кўра, Россия жамоатчилиги ҳукумат юритаётган ташқи сиёсатни қўллаб-қувватлашини ҳамда Россия қудратли давлат сифатида қайта оёққа туриши тарафдори эканини кўрсатган.

Август ойида Россия армияси Грузияни қисқа муддат босиб олгани Гарб томонидан кескин танқид қилинди. АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Россия халқаро саҳнада ўз обрўсига путур етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Британияда чиқадиган “Financial Times” газетаси ўтказган сўров натижаси европаликларнинг аксари глобал хавфсизликка Эрон, Ироқ ва Шимолий Кореядан кўра Россия кўпроқ таҳдид солмоқда, деган фикрда эканини кўрсатган. Афтидан европаликларнинг фикри россияликларга таъсир этмаётган кўринади. Чунки Грузия билан содир бўлган бўҳронда россия-ликларнинг аксари Россия ҳукумати ва у юритаётган ташқи сиёсатни қўллаб-қувватлади:
“Шахсан мен Россия жуда тўғри йўл тутди деб ўйлайман. Улар биз кучли бўлишимиз, ҳақ ва адолатли бўлишимиз мумкинлигини кўрсатишди. Мен шундай фикрдаман” – дейди россияликлардан бири.
Бошқа фуқаролар эса совет иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин танг аҳволга қолган Россия қудратли давлат сифатида қайта оёққа турадиган пайт келгани ва одамлар россиялик бўлишдан ғурурланиши кераклигини айтди: “Россия қайта оёққа турадиган вақт келди. Россия шунчаки ўз манфаатларини ҳимоя қилиши керак. Биз мамлакат ватанпарвари бўлишимиз керак. Россияда қандайдир камчиликлар бўлиши мумкин. Аммо кўп нарса айтилаётганчалик ёмон эмас. Биз шу мамлакатда яшаётганимиздан ғурурланишимиз керак” – дейди бошқа бир фуқаро.
Россияда ўтказилган бир нечта сўров натижасига кўра, Россия ҳукумати юритаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаётган фуқаролар сони Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан бери энг юқори кўрсаткичга етган. Жорий йил май ойида ўтказилган сўровда Россия фуқароларининг 47 фоизи янги президент Дмитрий Медведевга ишонишини айтган эди.
“Жамоатчилик фикри” жамғармаси сентябр ойи ўртасида ўтказган сўров натижасига кўра, ҳозирда Россия фуқароларининг 57 фоизи президент Дмитрий Медведевга ишонч билдирган. Шунингдек, сўров натижаси россияликларнинг 75 фоизи Бош вазир Владимир Путинга ишонишини кўрсатган. Айни пайтда, россияликлар Ғарб ҳақида ижобий фикрда эмас. Сўров натижасига кўра, АҚШнинг россияликлар орасидаги рейтинги энг қуйи даражага тушган.
“Левада” тадқиқот маркази ўтказган сўров натижалари россияликларнинг 67 фоизи Америка ҳақида ёмон фикрда эканини, атиги 23 фоизи яхши фикрдалигини кўрсатган. Россияда европаликларга нисбатан муносабат бир оз яхшироқ. Сўров натижалари россияликларнинг 39 фоиз европаликлар ҳақида ёмон фикрда, 45 фоизи яхши фикрда эканини кўрсатган.
Маша Липман Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси. Унинг фикрича, Россия ҳукумати рейтингининг кўтарилишига икки омил, яъни, одамларнинг россиялик эканидан қайта ғурурлана бошлагани ва турмуш тарзининг яхшилана бошлагани сабаб бўлмоқда.
Владимир Путин ҳокимият тепасига келганидан кейин ватанпарварлик шиорларини илгари сурган. Турмуш шароити яхшилангани эса кўпчилик россияликларда ўзига нисбатан ҳурмат туйғусини қайта уйғотган. Маша Липман дунё молия бозорларида кузатилаётган бўҳрон Россия иқтисодиётига салбий таъсир этиб, мамлакатда озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар нархлари кескин кўтариладиган бўлса, Кремлнинг рейтинги пасая бошлайди деган фикрда:
“Шубхасиз Россия халқи ҳукумат раҳбарияти таклиф қилган дастурни қабул қилди. Яъни, ҳукумат ҳамма нарсани мухайё қилади, одамлар эса сиёсатга аралашмайди. Бундай келишув ҳукумат ҳамма нарсани етказиб бериш имкониятига эга бўлгунга қадар давом этади. Агар ҳукумат халққа зарурий нарсаларни ўз вақтида етказиб бера олмаса ва мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлаша бошласа, менимча, одамларнинг ҳукумат ҳақидаги фикри кескин ўзгаради” – дейди Москвадаги Карнеги тадқиқот маркази таҳлилчиси М.Липман.
XS
SM
MD
LG