Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:31

Ўзбекистон яна коррупциялашган давлатлар қаторида


Ўзбекистон Бош прокуратураси жаҳон бўйлаб коррупцияга қарши курашувчи нуфузли “Transparency International” ташкилотининг xулосаларига қўшилмаслиги ҳақида билдирди. 23 сентябр куни эълон қилган навбатдаги ҳисоботида “Transparency International” Ўзбекистонни коррупция даражаси энг юқори қолаётган 15 давлат қаторига киритганди.

“Transparency International” хулосасига кўра, 2008 йилда Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бир қадар яхшилаган бўлса ҳам, бу давлат ҳамон дунёдаги энг коррупциялашган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

“Ўзбекистон ҳар доим энг коррупциялашган давлат сифатида кўрилган ва бунинг ҳайратланарли жойи йўқ”, - деди “Transparency International” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича раҳбари Миклош Маршал.

Ўзбекистон бош прокуратурасининг матбуот вакили Светлана Ортиқова эса
“Сиз тилга олган ташкилотнинг Ўзбекистонга бўлган муносабатига мен мутлақо қўшилмайман” деди “Transparency International” ташкилотининг хулосаларига ўз муносабатини билдирган ҳолда.

Айни пайтда жаноб Маршал, коррупцияга қарши кураш масаласида минтақа ҳукуматларининг сиёсий иродаси сўниб бораётганини айтиб, буни минтақада Россиянинг таъсири ортаётгани ва ғарб босимининг камайгани билан изоҳлади. Бош прокуратура матбуот вакили Светлана Ортиқова бунинг мутлақо аксини таъкидлади ва 27 июн куни Ўзбекистоннинг БМТ нинг коррупцияга қарши конвенциясига қўшилгани бунинг амалий исботи бўлишини айтди.

“Ўзбекистон республикасининг бош прокуратураси, ИИВ, МХХ ва адлия вазирлиги БМТнинг коррупцияга қарши конвенциянинг норма ва стандартларини миллий қонунчиликка тадбиқ қилиш учун ишчи гуруҳ ташкил топган. Ҳозирги даврда Ўзбекистонда бизни қонунчилигимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, гиëҳванд ва жиноятчилик, БМТнинг ўша битта бошқармасини номини айтаяпман, шуларни тавсияларини ўрганиб чиқаяпти. Халқаро ҳамжамиятни ëки бошқа демократик давлатларни тажрибасини ўрганаяпмиз. Албатта тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритамиз. Коррупцияга қарши конвенцияга қўшилишимиз муносабати билан тегишли миллий ҳаракат режасини ҳам ишлаб чиқамиз”.

Бош прокуратура мулозими Светлана Ортиқова билан суҳбатимизни давом эттиришдан аввал, тингловчиларимиз мамлакатнинг деярли барча соҳаларини эгаллаб олган порахўрлик ва коррупция борасида билдирган фикрлари билан танишсак. Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги аҳвол.

“Домлаларни бир жиҳатини биламан: Ўзига тўқ бўлган оила талабаларини, агар бу талабанинг имконияти баҳо олишга етишини билиб турса ҳам, кўпинча ҳар хил баҳоналар билан пора олишади. Бу очиқдан-очиқ рўй беради”.

“Ҳозир касалхоналарда оддий ишни ҳам битириб бўлмайди. Ҳамма нарса пул. Агар пул бермасангиз қарашмайдиям”.

Қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги коррупцияга оддий бир мисол.

“Жуда аҳвол чатоқ. Ким шоли экса, шу сувни олади. Сув сотилаяпти. Сувга хўжайинлик қиладиган идоранинг бошлиқлари шоликашлардан пул йиғиб олар экан. Одамлар сабзисини, помидорини суғоришга сув топа олмаяпти. Аввал ер сотилар эди, энди сувни ҳам сотаяпти бу ноинсофлар”.

“Қайси бозорга кирсангиз ҳам милиционерлар қишлоқлардан келганларни ушлаб, пулини тортиб олишдан бошқа нарса қилаëтгани йўқ. Энг зўр коррупционерларни мушугини ҳеч ким пишт деяëтгани йўқ. Шу нарсага қарши курашадиган одамларни ўзи пок бўлиши керак. Суд, милиция, прокуратура ва бошқа ташкилотларни раҳбарлари қуриб қўйган уйларни кўрсангиз. Бухоро амирида бунақа уйлар бўлган эмас. Ойлиги 250, 300 минг бўлса, қолган пулларни қаердан олади? Ҳамма кўриб турибди, билиб турибди”¸ дейди профессор Файзулла Исҳоқов Ўзбекистондаги коррупция ҳақида.

Коррупцияга қарши курашувчи асосий воситалардан бири, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг аҳволи борасида мустақил журналист Алексей Волосевич шундай дейди.

“Бу масалалар ёритилмайди ва ҳатто коррупция сўзи ишлатилмайди ҳам. Ўзбекистон телевидениеси ва газеталари журналистларининг ўзлари ўзларининг қилмишлари билан анча танилган. Уларнинг ўзлари республика минтақаларига бориб, у ердагиларнинг чўнтагини қоқишади. Улар дейлик бирор фермер хўжалиги раиси олдига бориб унга ижобий лавҳанинг қанча туришини айтишади, салбий бўлмаслиги учун ундан пул ундириб олишади”, - дейди Алексей Восевич.

Мана энди шунча гапдан сўнг яна Ўзбекистон бош прокуратураси мулозими Светлана Ортиқовага мурожаат қилдик.

Озодлик: Оддий одамларни қизиқтирадиган содда саволлар бор. Нима учун соғлиқни сақлаш, таълим соҳасида пулсиз кўп нарсани битира олишмайди? Ундан ҳам оддий қилиб айтадиган бўлсак, прокуратура ëки милиция ходимларининг ойликлари паст бўлган ҳолда данғиллама уйлар қуришлари. Сиз шу саволларга қандай жавоб берасиз?

“Мана демократик нуқтаи назарда жуда ҳам ривожланган давлатларнинг прокуратура, милиция ходимлари ëки давлат арбоблари шунақа уйларни қурмайди дейсизми? Албатта бизни давлатимизда ҳам беш қўл баробар эмас. Прокуратура ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг ходимлари, бошқа вазирликларнинг ходимлари ножўя ҳаракатларни содир этишаяпти. Мен ўтган сафар айтганман, ИИВда, МХХда, бош прокуратурада коррупцияга қарши алоҳида бошқармалар ташкил этилган. Шу бошқармалар коррупцияга қарши курашишаяпти. Шу иллатга кириб кетган ëки жиноятни содир этган мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилиб, суд олдида жавоб беришаяпти. Жиноят учун жазо муқаррар деган тамойил албатта ким бўлишидан қатъий назар адо этилаяпти. Яна бир бора айтаман, Ўзбекистон давлат миқëсида, парламент миқëсида коррупцияга қарши конвенцияга қўшилиши муносабати билан бу ишлар янада жадаллашади. Албатта самарадорлик ҳам ошади. Келинг коррупцияга қарши курашишни ўзимиздан бошлайлик.

Айни пайтда расмийлар, Ўзбекистоннинг дунёдаги энг коррупциялашган давлатлардан бири экани тўғрсидаги халқаро ташкилотлар хулосаларига қўшилмаса ҳам, расмий маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён 20 дан зиёд ҳукумат расмийлари коррупцияда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган. Шу вақтгача қандай сабаб билан ишдан олинаётганидан қатъий назар, деярли барча ҳукумат амалдорларига коррупция айби ҳам осонлик билан қўшиб келинган.
XS
SM
MD
LG