Линклар

logo-print

Мактаб ўқувчилари пахта теримига жалб этилди


http://gdb.rferl.org/397DEA47-30A4-45AF-B977-3DEBCDD1E03D_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/397DEA47-30A4-45AF-B977-3DEBCDD1E03D_mw800_mh600.jpg 24 сентябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг Жиззах, Қашқадарё, Андижон, Сирдарё ва бошқа вилоятларида ўрта умум таълим мактабларининг 8 синф ўқувчилари ҳам пахта теримига жалб қилинди. Мактабларнинг юқори синф ўқувчилари эса аллақачон пахта териш билан машғул. Коллеж ва лицей ўқувчилари эса сентябр ойи бошидаёқ пахта йиғимига сафарбар қилинган.

Бу маълумотларни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги манбалар тасдиқлашади.

24 сентябр куни Қашқадарёдаги мактабларнинг 8 синф ўқувчилари пахта теримига сафарбар қилинди. Шаҳрисабзлик бир тингловчимиз бу ҳақда Озодликка маълум қилди.

“Олдин қишлоқ мактабларини кунликка олиб чиқаëтган эди. Бугундан бошлаб шаҳардаги ҳамма мактабларни пахтага чиқаришди. Бугун иккита мактабга бордим. У ерда автобуслар турибди. Ота-оналар ўз болалари билан кўрпа-ëстиқ кўтариб боришган. Булар 8¸9 синф ўқувчилари. Мен ота-оналар билан гаплашдим. Биттаси 107 мактаб¸ биттаси Улуғбек номидаги мактаб”.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Маъмуржон Азимовга кўра, Жиззах вилоятида ҳам мактабларнинг 8 синф ўқувчилари пахта теримига жалб қилинди.

“20 сентябр куни юқори синф ўқувчиларининг ҳаммасига жавоб берилди. Узоқ туманлардаги 8¸ 9¸ 10¸ 11 синф ўқувчиларига жавоб берилиб¸ ҳаммаси колонна қилиб пахтага ҳайдалган. Бахмал¸ Ғаллаорол¸ Фориш туманларидан Дўстлик¸ Мирзачўл туманларига колонна қилиб олиб келишди. Жиззах туманига 22 сентябр куни эрталабдан жавоб берилган. Улар ҳам пахтага жалб қилинган. Ҳамма туманларда 8¸ 9¸ 10¸ 11 синф ўқувчилари пахтага жалб қилинган”.

Бу каби ҳолатлар Сирдарё, Андижон ва бошқа вилоятларда ҳам кузатилди. Биз вазиятни ўрганиш учун айрим мутасаддилар билан боғланганимизда¸ улар мактаб ўқувчиларининг пахта теримига чиқарилиш ҳолатини умуман инкор қилишди. Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси ходими шулар жумласидан.

“Тўраев бўламан. Бу йил Сирдарë вилоятидаги болалар пахтага чиқарилмайди. Умуман чиқарилмайди. Ҳаммаси мактабда ўқияптию”.

Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси ходими эса мактабларнинг юқори синф ўқувчилари пахта теримига жалб қилинганлиги тасдиқлади.

“Биздаги пахтачилик ҳудудларида 9¸ 10¸ 11 синфлар чиқишаяпти. 8 синфлар чиқишгани йўқ. Улар пахтани уйларидан қатнаб теришаяпти. Уларга қанча норма белгиланганини мен билмадим энди. Ëш болалар кучи етганча теришса керак. Улар эрталаб чиқиб¸ тушликни далада қилиб кечга уйларига қайтишади”.

Мутасаддилар 8 синф ўқувчиларинг пахтага жалб қилинганини инкор қилаётган бир пайтда¸ биз пахта тераётган 8 синф ўқувчиларидан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Суҳбатдошимиз Жиззах мактабларидан бирининг 8 синфида ўқиётган қизалоқ.

Озодлик: Нечанчи синфда ўқийсиз?

“8”.

Озодлик: Пахтага чиқдингларми?

“Ҳа”.

Озодлик: Қачондан?

“Кечадан. 23 сентябрдан”.

Озодлик: Сизлар дарс пайтида пахтага чиқаяпсизларми ëки дарсдан кейинми?

“Эрталабдан чиқаяпмиз”.

Жорий йилда Ўзбекистонда “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”даги қонун кучга кирди. Яқинда Вазирлар маҳкамаси томонидан бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш бўйича махсус қарор қабул қилинди.

Бу йилги пахта мавсумида мактаб ўқувчилари иштирок этмасликлари таъкидланган эди. Бироқ Ўзбекистон ҳукуматининг болалар ёрдамисиз пахта йиғиштириб олиши қийин кўринади.
XS
SM
MD
LG