Линклар

Ишонч қутилари самара берадими?

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонда тадбиркорларга кўмак тарзида "Ишонч қутилари " ўрнатилa бошланди. Ўзига хос почта қутисини эслатувчи бундай яшик ичига ўз муаммоларингиз битилган мактубни ташласангиз¸ сизни додингиз қозига етиб боради¸ дейилади қути рекламасида. Айни пайтда бундай қутилар ичига ташланган имзосиз мактублар тадбиркорлар учун қўшимча муаммолар яратишидан хавотирлар ҳам бор.

Совет пайтида ҳар бир маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчасида бўладиган "Шикоят дафтари" ни эслатувчи бундай қути Ўзбекистон каби ëпиқ тизим ичида ишлашига кўпчилик шубҳа билдиришмоқда.

Озодлик мухбири бу борада Намангандаги тадбиркорлардан бирига қўнғироқ қилди.

Озодлик: Мана Ўзбекистонда сиз ҳам тадбиркорлик билан шуғуллангансиз тўғрими? Ҳозир почта қутисига ўхшаган қутичалар қўйишибди. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Акмал ака: Бу қутичаларни ҳаммаси бефойда нарсалар. Мана шу ишлар масаласида мен ўзи сизга иккита масала билан телефон қилмоқчи эдим. Наманганда Дамас ҳайдаб таксичилик қилиб пул топадиган шофëрларни ҳар бир ойда ëки 15 кунда навбатчиликка чиқаришади. Наманганлик милициялар бўлса ҳаммадан пул ундириб олади.

Озодлик: Дамасчилар ҳам тадбиркорку. Улар ўз мулоҳазаларини ëзиб¸ мана шу қутичага ташласа нима бўлади?

Акмал ака: Агар Дамасчилар ўз мулоҳазаларини ëзиб қутичага ташласа¸ бу қоғоз ўша қутичадан чиқиб¸ ахлатга кетаверади.

Озодлик: Тадбиркорлар ўзини муаммоларини қанақа ҳал қилади?

Акмал ака: Тадбиркорлар ўз муаммосини ҳал қилишм учун қора йўлдан боришадида. Ўртада одам туради. У порани кимга берганини билмайди лекин иши битади.

Озодлик: Бу қутичани одамларни дардини билайлик деб қўйишибди.

Акмал ака: Агар одамларни дардини биламиз деб қўйган бўлса¸ қани қайси одам ўз дардини ëзиб ўша қутичага ташлар экан. Кўзбўямачилик бўлиши мумкиндир лекин халқ ташлагани инобатга олинишига мен ишонмайман. Сиз ўша нима гап сўз бўлса ëзиб ташланадиган қутичани айтаяпсизда тўғрими? Исм фамилия ëзилмасдан ташланадиган бўлса¸ бу қутича нима иш бажариб беради?

Озодлик: Ҳукумат сизни дардларингизни билмоқчидир?

Акмал ака: Бу қутичани ичидан шунча фойда етмагандай ҳукуматни одамлари яна фойда қилмоқчи. Порахўрлик яна авжига чиқарканда.

Суҳбатдошимиз бундай қутичалар самарасига ишонмади. Хўш¸ Ўзбекистондаги бундай ишончи қутичаларини жорий қилган мутасаддилар фикри қандай?

Озодлик: Тадбиркорларни фикрларини билиш бўйича қутичалар ташкил қилган экансизлар. Шу бўйича гапириб берсангиз.

Мулозим: 222-17-01 деган ишонч телефонига қўнғироқ қилинг. Сизни саволингиз ўша мавзудами?

Озодлик: Қутичалар ҳақида билмоқчи эдим.

Мулозим: Бу ҳақда маълумот кўпроқ ишонч телефонлари орқали олинаяпти. Ўша шикоятлари бошқарма раҳбарлари томонидан қабул қилиниб кўриб чиқилаяпти.

Озодлик: Имзо қўймаса ҳам кўриб чиқилаяптими?

Мулозим: Албатта имзо қўйилади ака. Имзо қўймаса бўлмайдику. Телефонда айтадигани ҳам барибир исм-фамилиясини айтадида. Қабулга келган одам раҳбарга “Фалон кўчадан¸ фалонча одамдан мана бу масала бўйича ариза тушди. Шуни кўриб чиқишга рухсат беришингизни сўрайман” деган тарзда билдиришнома ëзиб келади.

Айни пайтда ғарб дунëсида нафақат мулозимлар устидан балки тадбиркорларнинг устидан ҳам кучли ва самарали назорат тизими ўрнатилган¸ дейди Британияда истиқомат қилувчи Нодир.

“Бу ерда назорат қилиш воситалари бор. Ҳар бир ташкилотни ëки бизнесни ўзини назоратчиси бўлади. Масалан менга бирор бир дўкон кўрсатган хизмат ëки муомала ëқмаса¸ мен тўғридан-тўғри бориб ҳалиги назорат қилувчиларга шикоят қилсам бўлади. Кўп шикоятлар келадиган бўлса бунақа бизнес давлат тарафидан ëпиб юборилиши мумкин. Ўз бизнесини яхшилаш мақсадида “Қанақа қилсак бизнесимиз яхшиланади” деб ҳар хил қутичалар тарқатадиган жойлар ҳам бор”.

Энди бу ҳолат чақимчилик ривожига ва ўзаро ишончсизликка сабаб бўлмайдими? Қолаверса рақобатчи ширкатлар бир-бирини устидан мағзава ағдаришмайдими?

“Йўқ. Чунки назорат қилувчилар ҳар битта шикоятни текшириб чиқиши керак бўлади. Ëлғон гапириладиган бўлса буни қўрқиладиган тарафи йўқ. Масалан санэпидематанцияга фалонча ресторанни овқатлари яхшимас ëки тозалаш яхши олиб борилмайди деган маънода шикоят келиши мумкин. Улар олдин инспектор жўнатиб текшириб чиқишади. Англияда ҳар қандай шахсни ëки тижоратчини кимдир айблаëтган пайтда ундан исбот талаб қилишади. Назорат органлари кўп. Агар бу нарса фақат шикоят билан амалга оширилганда давлат ҳеч нарса қила олмас эди. Агар ҳақиқатан исботи бўлса¸ шоҳидлар бўлса¸ давлат нимадир нарса қила олади. Буларда “Харидор ҳар доим ҳақ” деган қоида бор. Шунинг учун ҳам ҳамма бизнеслар қаттиқ назорат қилиниши керак деб ишонишади”.
XS
SM
MD
LG