Линклар

logo-print

Адлия вазирлигида қийноқлар масаласи мухокама этилди

  • Фаррух Юсуфий

http://gdb.rferl.org/11C0A7A8-8FDE-4215-A747-AA5F59080AFE_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/11C0A7A8-8FDE-4215-A747-AA5F59080AFE_mw800_mh600.jpg Пайшанба куни Ўзбекистон Адлия вазирлигида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан инсон ҳуқуқларига риоя этилишини ўрганиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Адлия вазирлиги матбуот котиби Тўрабек Тўраевга кўра, йиғинда қатнашган вазирликлар вакиллари БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси тавсияларини бажариш юзасидан миллий ҳаракат дастури ҳамда идоралараро ишчи гуруҳи 2006 йилда тасдиқлаган Миллий ҳаракат режаси ижроси борасидаги масалаларни муҳокама қилиб, бу борада конкрет чораларни белгилаб олган.

Ўзбекистон систематик тарзда қийноқларни қўллайдиган давлатдир. 2002 йилда мамлакатдаги қийноқлар масаласини ўрганиб, ана шундай хулосага келган БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси қийноқларга чек қўйиш бўйича Ўзбекистон ҳукуматига тавсиялар берган эди.
Адлия вазирлигидаги мажлисда айни тавсияларни бажариш ҳақида гап борган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва қийноқ қурбонлари эса орадан ўтган олти йил ичида қийноқларга оид вазият янада ёмонлашганини айтмоқда. Айни пайтда, БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новакнинг Ўзбекистон ҳукуматидан қийноқларга оид бугунги вазиятни мамалкатга бориб кўриш илтимослари жавобсиз қолмоқда.
Адлия вазирлигида учрашган идоралараро ишчи гуруҳига Олий мажлис сенати ва қонунчилик палатаси, Конституциявий суд, соғлиқни сақлаш ва молия вазирликлари, адвокатлар палатаси, фуқаролик жаимиятини ўрганиш институти ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари киради.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Тўрабек Тўраев Озодлик билан суҳбатда, бошқа масалалар қаторида БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси берган тавсияларини бажаришга оид аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинганини баён қилди.
“Ўзбекистон республикаси адлия вазири Муҳиддинов Равшан Абдулатифович бошқарган ушбу йиғилишда идоралараро ишчи гуруҳининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, миллий маърузаларни тайëрлашда фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш, БМТнинг қийноқларга қарши тавсияларини бажариш юзасидан миллий ҳаракат дастурининг ижроси, идоралараро ишчи гуруҳи томонидан 2006 йил октябр ойида тасдиқланган миллий ҳаракат режасининг ижроси борасидаги масалалар муҳокама қилинди”, деди Ўзбекистон адлия вазирлиги матбуот котиби Тўраев.
Шу ерда эслатиш жоиз, 2002 йилнинг ноябрида қийноқларга оид вазиятни ўргангани Ўзбекистонга келган БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Тео ван Бовен, бу мамлакатда қийноқлар систематик тарзда қўлланади, деган хулосани берган ва қийноқларга чек қўйишга оид тавсияларни берган. Пайшанба куни мажлис ўтказган идоралараро ишчи гуруҳи ана шу тавсияларни бажариш масаласини муҳокама қилган.
БМТнинг қийноқлар бўйича жорий махсус маърузачиси Манфред Новак, Озодликка берган интервьюсида Ўзбекистон ҳукумати бу тавсиялар бажарилаётганига оид кўплаб маълумотларни тақдим қилган.
“Ўзбекистон ҳукумати менга салафим Тео ван Бовеннинг тавсиялари қай тарзда бажарилаётганига оид кўплаб маълумотларни тақдим қилган. Бу борада муайян ижобий ўзгаришлар борлигини қайд этиш лозим. Бошқа томондан, Ўзбекистонда бугун ҳам қийноқлар ва ноинсоний муносабат амалиёти давом этаётганига оид кўплаб хабарлар ҳам келмоқда. Шу сабабдан, Ўзбекистон ҳукуматидан бир неча марта мени мамлакатга таклиф қилишлари ва вазиятни, яъни амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар натижаларини бевосита ўрганишимга имкон беришларини илтимос қилиб келмоқдаман”, дейди БМТнинг қийноқлар бўйича маърузачиси.
Новакнинг айтишича, қийноқлар давом этаётганига оид хабарлар унга инсон ҳуқуқлари фаоллари ва қийноқлар қурбонлари ёхуд уларнинг яқинларидан келмоқда.
Хусусан, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳозирда суд қилинаётган Аъзам Турғуновнинг устига тергов пайтида қайноқ сув тўкиб юборилгани, қийноқлар ва ноинсоний муносабат амалиёти давом этаётганига мисолдир. “Терговчи Исмоилов тергов қилаëтганда унинг устига бир чойнак иссиқ сув тўкилиб кетади. Орқаси думбасигача куйган. Охирги суд мажлисида Аъзам ака кийимларини ечиб ҳаммасини кўрсатди. “Мана шунақа. Мен ëзиб ўтирганимда тепамдан иссиқ сув тўкилиб, ҳамма еримни куйдирди. Кўз олдим қоронғилашиб кетди. Кўйлагимни ечиб ташлашди. Орқамда фақат терговчи Исмоилов бор эди. Бошқа ҳеч ким йўқ эди” деб айтди”, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг адвокати Рустам Тўлаганов.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот котиби Тўраевга кўра, идоралараро ишчи гуруҳи ҳам пайшанба кунги мажлисда мамлакатда қийноқлар амалиёти давом этаётганини эътироф этишган ва бунга ўз муносабатини билдирган.
“Бу борада албатта фикр-мулоҳазалар билдирилди. Чунки бу ерда дейлик мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига оид миллий институтларни барча вакиллари иштирок этишди. Қолаверса, олий мажлиснинг сенати, қонунчилик палатасининг депутатлари, тегишли вазирлик ва идораларни бу борадаги масъул раҳбарлари ҳам иштирок этишди ва табиийки бу борада келажакдаги қилиниши лозим бўлган вазифалар ва бугунги кунда мана шу ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан аниқ кўрсатма ва тавсиялар берилди”, дейди Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот котиби Тўрабек Тўраев.
Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов, қийноқларга чек қўйиш учун пайшанба кунги мажлис каби тадбирлар ёхуд миллий дастурни ишлаб чиқишнинг ҳожати йўқ, дейди. Бунинг учун ҳукуматнинг қийноқлардан воз кечиш нияти холис эканини намойиш этиши кифоя қилади, чунки қийноқлар бевосита ҳукумат кўрсатмасига кўра амалга оширилмоқда, дея таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячиси.
“Масалан қамоқхонада бир маҳбусни жуда қаттиқ қийноққа учратишди. Ўша маҳбсуни онаси ë отаси муассаса раҳбари билан учрашади. Натижада қийноққа учратган одам келтирилади ва у ўша жойда очиқдан-очиқ “Мени уни қийноққа учратгим келмайди лекин мени юқоридан мажбур қилишаяпти” деб айтади. Яъни бунинг систематик экани бир томон, иккинчидан аниқ маҳбусларни яъни диний эътиқод билан қамалганларга нисбатан юқоридан ўшаларни қийноққа учратиш бўйича “Пўстагини қоқиб қўйинглар, одам қилиб қўйинглар” дефан мазмунда оғзаки буйруқ келар экан”.
БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси, Ўзбекистон расмийлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари бераётган бир-бирига зид таъкидлар юзасидан холис хулоса чиқариш учун, мамлакатга бориб вазиятни бевосита ўрганишим лозим, дейди.
“Биласиз, жаноб ван Бовеннинг мамлакатдаги қийноқлар систематик тус олган, деган хулосаси Ўзбекистон ҳукуматини хурсанд қилмади, албатта. Бошқа томондан Ўзбекистон ҳукумати бу борада муайян чоралар кўраётганини ҳам тан олишимиз даркор. Лекин, айтиб ўтганимдек, қийноқлар давом этаётганига оид хабарларни ҳам олмоқдаман. Бу бир бирига зид маълумотларни текширишнинг эса, ҳозирча имкони йўқ. Ўзбекистон ҳукумати қийноқлар масаласида ижобий ўзгаришларга эришаётган бўлса ва яширадиган ҳеч нарсаси бўлмаса, менга мамлакатга бориб вазиятни бевосита ўрганиш имконини беришларига умид қиламан”, дейди БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак.
XS
SM
MD
LG