Линклар

logo-print

Феликс Корли: “Ўзбекистон масжидларида назорат кучайтирилган”

  • Абдулла Искандар

“Евразия.нет” сайти ўз манбаларига таянган ҳолда рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистондаги масжидларда назорат кучайтирилганини хабар қилди. Ўзбекистон расмийлари эса бу маълумотни рад этмоқда.

Ўзбекистон масжидларида рамазон байрами олдидан кучли назорат ўрнатилганидан диний эркинликларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “Форум 18” ташкилоти хавотир билдирди.

Масжидлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани айтилаëтган бундай чоралар эътиқод эркинлигига халал бериши мумкинми?

“Албатта, бу расмийлар нимани хоҳлагани билан боғлиқ. Аммо бизга маълумки, расмийлар масжидга келганларнинг шахси, қай тарзда ибодат қилиши, ëши билан қизиқмоқда. Нафақат масжидларда, балки бошқа ибодатхоналарда ҳам айни аҳвол. Улар протестантлар орасига яширин видеокамераси бор жосусни киргизишган”,- дейди “Форум 18” вакили Феликс Корли.

Феликс Корлининг таъкидича, рамазон ҳайити арафасида назорат кучатирилган бўлиб, ҳар бир маҳалла раисида мунтазам масжидга қатновчиларнинг рўйхати бор. Шунингдек, “Ҳизб ут-таҳрир” ва ваҳҳобийликда гумон қилинганлар учун алоҳида рўйхатлар мавжуд.

Тошкентдан олинган маълумотларга кўра, баъзи масжидлар ичида алоҳида хоналар хавфсизлик хизмати учун ажратилган. Диний эркинликларни ҳимоя қилиш ташкилотлари бу ҳолатдан хавотир олмоқда. Аммо Европадаги ҳар бир супермаркетда шундай хоналар мавжуд-ку, дедик биз жаноб Корлига.

“Хавсизлик масаласи муҳим. Бу юзадан давлатда масъулият бор. Аммо ўзбек милиционерларини ва МХХ ходимларини диндорларнинг хавфсизлиги эмас, балки эътиқоди қизиқтирмоқда. “Улар ҳукуматга қаршими, инқилоб қилишмоқчими?” деган маънода кузатиляпти масжидлар”,- деди саволга жавобан Ф.Корли.

Ўзини Мусо деб таништирган ўзбекистонлик дин арбобининг таъкидича, исломда масжидлар қўриқланиши учун изн бор.

“Агар душман тарафдан хавф бўладиган бўлса, шунақа пайтда қўриқлаш мумкин. Қуръон бунга изн беради. Агар бу хавфсизлик мусулмонларга қарши ишлайдиган бўлса, мумкин эмас. Диндорларни текшириб, диндорлар орасида нима бўляпти, диндорлар нима қиляпти, деб халққа зулм қилиш яхши эмас”,- деди дин арбоби.

Унинг сўзларига кўра, масжидларни назорат қилиш мунтазам тарзда олиб борилмоқда, рамазон арафасида бу назорат кучайган, холос.

“Баъзи бир имомларимиз ҳақиқатан ўшаларга ишлайди. Бунинг оқибати нима бўлишини ўзлари ҳам билади, лекин бу ўз халқига хиëнат, ишониб юрган Худосига ҳам хиëнат. Улар динга зулм қилаëтган инсонларга ишлаяпти. Булар уни жуда яхши билади”,- дейди мулла Мусо.

Мулла Мусо масжидлардаги назоратнинг доимий мавжудлигидан гапирди. Унинг билдиришича, совет даврида Бухоро мадрасасига ўқишга кириш КГБ тавсиясига кўра амалга оширилган ва бу мадрасани битирганлар пировардида ҳукумат хавфсизлик кучлари билан ишлаш мажбуриятида қолади.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Икром Ëқубов бу маълумотни тасдиқлар экан: “МХХда “Ички хавфсизлик муаммолари” деган каттагина бошқарма бор. Ўшанинг таркибида диндорлар билан, нафақат радикаллашган диндорлар, умуман диндорлар билан шуғулланадиган бўлинма бор. Уларни асосий қизиқтирадиган нарса умумий назорат қилиб туриш. Яъни ким намоз ўқияпти, масжидга ким ҳар кун қатнаяпти, масжидга қатнаëтганларнинг қариндош-уруғлари кимлар эканини назорат қилиш бу бўлинманинг устивор вазифаси. МХХ Ўзбекистонда энг кўп ходимга эга бўлган кучишлатар тизимлардан ҳисобланади. Ўзимнинг тажрибамдан маълумки, намоз ўқиëтган одам ва ҳатто диний идоранинг одами ҳам айни пайтда ичига ташланган МХХнинг штатли офицери бўлиши мумкин”,- деди.

Ўзбекистондаги масжидларда хавфсизлик ходимлари учун алоҳида хоналарнинг бериб қўйилиши назорат услубининг бир қадам олдинга одим отганидан дарак берадими?

“Маълум бир хона берилган бўлса, демак у ерга махсус техник асбоб-ускуналарни олиб келиб қўяди. Бу қанақадир олға қадам эмас, балки ўша диндорларни янада қаттиқроқ сиқиш учун қўйилган қадам, деб ҳисоблайман”,- деди И.Ёқубов.

Феликс Корлининг айтишича, у масжидларда назорат кучайтирилиши масаласида Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилган, аммо улар рамазон арафасида мусулмонлар устидан назорат ўта кучайтирилганлигини тасдиқламаган.

Феликс Корлининг таъкидича, эътиқод қилаëтганлар ëши, ибодат услуби ëки ташқи қиëфасига кўра таъқиб қилиниши халқаро меъëрларга зид. Тошкент масжидларидаги намозхонларни дурбин билан кузатаëтган МХХ ходимларини диндорларнинг ëши, қандай ибодат қилгани, бошига қандай такя кийгани ва соқоли қизиқтирмоқда.
XS
SM
MD
LG