Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:42

Башаранг қийшиқ бўлса, ўзбек киносидан ўпкалама


Ўзбекистонда яқинда режиссёр Равил Ботиров суратга олган “Қани ўша жаннатинг” кинофильми мамлакатдаги ҳақиқий аҳволни бўяб-безамасдан кўрсатди, дейилади “Марказий Осиё янгиликлари” нашрида.

Куни-кеча Остона шаҳридаги халқаро кинофестивалда намойиш қилинган “Кичкина одамлар” фильми Ўзбекистондаги аянчли аҳвол борасида томошабинларда кучли тасаввур уйғотгани билан мунаққидлар назарига тушди.

Бундан олдин суратга олинган “Бахт учун миллион” кинофильмида эса маҳбусларни қийнаб ўлдирган қамоқхона нозирининг прокуратура ходимига пул бериб, айбни бошқа маҳбусга юклагани ҳақидаги лавҳа акс эттирилган.

Ўзбекистондаги “жаннат”ни акс эттириш учун ҳукуматдан грантлар олаëтган “Ўзбекфильм” ижодкорлари қанча боқилса ҳам аслига тортадиган бўри болаларини эслатмаяптими?

Ҳар ҳолда кинонинг миллат онг ости қатламига нақадар кучли таъсирини киночилар яхши билади.

Кўп ўзбек киночиларига устозлик қилган Михаил Роом суратга олган “Оддийгина фашизм” фильми дунëни даҳшатга солган бўлса, Исамат Эргашев 1990 йилда яратган “Темир хотин” фильми оддий ўзбеклар юзига кўзгу тутган эди.

Башаранг қийшиқ бўлса, кўзгудан ўпкаламаслик керак.

Бугунги Ўзбекистон ҳаëти киноларда бутун зиддияти билан ўз аксини топмаяпти. Ҳолбуки, бундай киноларга халқимиз ташна, деб билдирди таниқли кинорежиссëр Шуҳрат Аббосов.

“Ҳозир халқ шунга ташна бўлиб турибди. Ўзини қиëфасини¸ ҳақиқий ҳаëтни кўрмоқчи”.

Шуҳрат Аббосовнинг айтишича, ўзбек киночилигида ҳаëтни бутун зиддиятлари билан кўрсатиш анъанаси мавжуд. 1990 йил суратга олинган “Темир хотин” фильми ана шундай фильмлар сирасига киради.

“Темир хотин” фильмидан сал ўтиб, 1992 йилда Али Ҳамроев “Ким жинни” фильмини суратга олди. “Нон тугади”, “Ҳақиқат ҳам йўқ”, деган фабула асосига қурилган бу фильм ўзбек раҳбарларига ëқмаган эди, дейди Али Ҳамроев:

“Яхши қабул қилишмаган. Ҳамма кинолар хизмат қилувчи бўлган. Ҳаммаси ашула, рақс, ҳеч қандай қарама-қаршиликсиз бўлган. Шу туфайли бу фильм видеода ҳам, кассетада ҳам чиқмади. Шунақа бўлиб турибди”.

Али Ҳамроев суратга олган фильм финалида ўзбек мафия отаси устидан оддий ўзбек ўт ўчирувчиси ғолиб чиқади.

Аммо ҳаëтда ундай бўлмади. Ўзбек киноси эстетикасини ва ғоявий мундарижасини Қўйлиқ ва Оқсаройдаги бой оталар белгилай бошлади. Бир тарафдан Ўзбекистондаги воқеликни бўяб кўрсатувчи мафкуравий фильмлар, иккинчи тарафдан оддий муҳаббат можароларидан иборат кассабоп фильмлар урчиди.

Кино устаси Гулчеҳра Жамилова назарида айни ҳолат кино таназзулидан дарак бўлди.

“Маза-бемаза 88 та кино чиққандан кўра, битта чиқсин, биракай чиқсин. Йиллар оша одамлар: “Мана, шу Ўзбекистоннинг маҳсулоти”, деб керилиб гапириб юрсин. Арзимайдими? Арзийди. Шуни қилса бўлади. Фақат бунинг учун жонкуяр одам керак”,- дейди Гулчеҳра опа.

Гулчеҳра опа айтган жонкуярлардан бири Али Ҳамроев ўзбекларнинг замонавий ҳаëтидан ҳикоя қилувчи фильмлар яратиш истагида “Ўзбеккино” эшигини қоқди:

Агар “Ëр-ëр”, “Водиллик келин”, “Еттинчи ўқ” фильмларини олсак, ҳаммалари хурсанд. Али Ҳамроев мана шунақа киноларни қилса яхши бўларди. “Ўзбекфильм”нинг директори менга “Яна “Ëр”-ëр қилиб беринг”, деб неча марта айтган. Мен бошқа фильм қилмоқчиман десам, йўқ ҳозир “Ëр-ëр” керак, дейди”.

Али Ҳамроевнинг умиди ëшлардан.

“Ҳотам Файзиев “Кичкина одамлар”, деган кинони олган. Мен кўрганман. Жуда зўр кино”,- дейди Али Ҳамроев.

Али Ҳамроев мисол келтирган “Кичкина одамлар” фильми Ўзбекистондаги бугунги ҳаëт манзарасини кўрсатади.

Ҳотам Файзиев суратга олган бу фильм Остонадаги халқаро фестивалда совринга лойиқ бўлди.

“Аммо ўзбекларнинг бугунги ҳаëти, қамоқда азоб чекаëтган шоир, ëзувчилар изтироби, мухолифат ва муҳожиратдаги ҳаëт кино қилинишини кутиб ëтибди,- дейди Али Ҳамроев. - Ҳали кинониyu бошлиқлари тайëр эмас. Уларнинг фикрлари, ниятлари бошқа. Бизнинг фикрларимиз, ниятларимиз эса умуман бошқа. Ҳар хил раҳбарлар бор. Биттаси ҳақиқатни яхши кўради, сезади, иккинчиси ëмон кўради. Қўрқоқлар кўп. Ҳозир ҳам қўрқоқлар бор”.

Айни пайтда Али Ҳамроев ўзбек кино усталарининг гап орасига гап қистириб, эзоп тилида бўлса ҳам ҳақиқатни халққа етказаëтганидан хурсанд.
XS
SM
MD
LG