Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:00

Пахтадан қочган талаба: “Хурсанд бўлган тарафим халқимнинг шунчалик қийналгани ҳолатига мен ҳам тушиб кўрдим”


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:yun2DMGO4zMfWM:http://news.ferghana.ru/photos/2008_01/paxta_kuprin1.jpg “Укам уларга ҳашарчи эмас, қул керак экан, мен шу нарсани билдим, деяпти”. Бу укасининг гапи. Укаси Жиззахдаги академик лицейнинг 2-курс талабаси. Талаба шу кунда Дўстлик туманидаги собиқ 13А-совхозда мактабдошлари билан пахта теримида бўлиши керак.

Укасининг гапини айтиб бераётган қиз билан 25 сентябрь куни суҳбатлашдик. Шу куни қизгинадан электрон почта орқали бир хат келди.

Мактубда мана бу илтижо битилган:

“Кечагина укам пахтадан қочиб келди ва 10 кун ичида бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. Жуда-жуда даҳшат. Сизлардан илтимос, келиб биздан интервью олинглар, ортиқ тоқат қилиб бўлмайди. Дунё аҳли халқимнинг, ёшларнинг қанчалар қийналаётганини эшитиб қўйсин. Илтимос”.

Телефонини хабар қилиш мактуб муаллифининг хаёлига келмабди.

Лекин топдик телефонини. Гаплашдик. Пахтадан қочиб келган лицей ўқувчиси - укаси билан ҳам гаплашдик.

“Бизни 14 сентябрь куни Дўстлик туманига пахтага олиб кетишди. Ҳамма ўша ëққа чиқади”.

Озодлик: Нечанчи совхозга бординглар?

“13А совхозига”.

Озодлик: Мен 11-совхозда пахта терганман.

“Жуда ҳам олис жойлар экан”.

Ҳа, жуда олис жойлар. 1975 йил кузида, камина – 17 га кириб кирмаган болача биринчи марта Дадажонов номидаги 11-совхозга пахта теримига борганимда, бу география дегани шу ерда тугаса керак, деб ўйлаганим эсимда.

Орадан 33 йил ўтиб, бугунги суҳбатдошим, 17 га кириб кирмаган болача мендан ҳам нарига – 13А совхозига борибди. Демак, география дегани мен ўйлагандан кенгроқ экан. Икки яримта совхозга.

Эшиттиришимиз давомида қаҳрамонимизнинг пахта теримида кечган 10 кунлик ҳаётини ҳикоя қилиб берамиз.

Ҳазми осон бўлсин учун тумтароқроқ кечган суҳбатни мавзуларга бўлдик. Опанинг айтганлари уканинг айтганларига кириш сўз бўлади.

Демак, биринчи мавзу.

Пахта теримига олиб чиқилган ўзбекистонлик ўқувчи ейдиган овқат:

“Овқатлари умуман бўлмайди. Ичидан тошлар чиқади. Макарон беради, ичини титкиласангиз умуман гўшт деган нарса йўқ. Овқатнинг ичидан гўшт, картошка нарëқда турсин, иккита макарон чиқса қувонамиз. Қуруқ сув. Макарон кам солинган. Кечга мастава беради. Унинг ичидан эса тош чиқади. Ҳар бир қошиқда тош бор. Одам овқат егандай бўлмайди.

Озодлик: Ичида гўшт борми?

“Гўшти бор, фақат у ўқитувчиларга. Болаларга устидан икки чўмич солиб беради. Буханканинг учдан бир қисмини беради. Овқатланиб бўлишимиз билан яна далага ҳайдайди. Далага бориб яна терамиз. Тушдан кейин пахта баракасизроқ бўлади”.

Озодлик: Бир кунда неча кило пахта терасан?

“Бир кунда 30-35, нари борса 40 кило тердим. Шунинг 25 килосини овқатга, деб чиқариб ташлаяпти. Овқати ҳам тайинлимас. Хуллас, мол ичадиган ювинди”.

Пахта теримига олиб чиқилган ўзбекистонлик ўқувчи ичадиган сув:

“Овқат учун сув олишади ариқдан. Бу ариқнинг икки метр нарëғида болалар ювинади, буëғидан эса худди ўша ариқдан сув олиб овқатга солаверишади. Каналнинг сувини ичамиз. Яна ўша сувга ювинамиз. Биз бемалол каналдан челак билан сув олиб самоварга солиб қайнатаëтганини кўрдик. Эрталаб ярим пиëла чой беради. Уни ичишга одамни кўнгли ҳам тортмайди. Ичига яхшилаб қарасангиз сув ўти кўриниб туради. Яна каналнинг ҳиди ҳам келиб туради”.

Пахта теримига олиб чиқилган ўзбекистонлик ўқувчининг иш вақти:

“Узоғи билан эрталаб соат 5да турғизади. Биринчи борган кунимиз соат 4да турғизди. Бир соат ўтар-ўтмас далага чиқамиз. Кечқурун 8.30-9.00 ларда қайтиб келамиз. Эрталаб вақтли кун чиқишидан олдин турардик ва кечқурун кун ботиб совуқ тушгандан сўнг пиëда қайтардик. Шийпонгача ҳам 2-3 километр йўл. Жуда узоқдаги далага олиб боради”.

Пахта теримига олиб чиқилган ўзбекистонлик ўқувчининг қўшимча текин меҳнати:

“Энди уйқуга ëтдим, деганда ўғил болаларни далага олиб чиқиб, соат 2-3 гача ерга тўкилган пахталарни аравага орттирар эди. Биз кундузи терган пахтани улар пахта пунктга олиб бориб тўкади. Режа бажарилмаëтгани учун бизни кечаси турғизиб бир ярим, икки соат давомида қўлда биздан олдин борган ҳашарчилар териб қўйган 10 тонна пахтадан орттиришар эди. Кейин ўшани пахта пунктига олиб бориб, бир кунлик режани тўлдириб келар эди. Бизнинг қийналганимиз яхши ухламаганимизда эди. Уйқуга ëтишимиз билан турғизиб пахта орттиради”.

Озодлик: Сен ҳам ортганмисан шу пахтани?

“Ҳа, уч кеча мен ҳам ортдим. Бу смена билан бўлди. Олдин учинчи курслар, кейин иккинчи, кейин эса биринчи курслар. Энг қийини иккинчи курсларники бўлди. Чунки бирданига тўртта арава (тележка) келди. Тўртта аравага пахтани қўлда ортишнинг ўзи бўлмайди. Ҳеч қандат паншаха йўқ. Қўлларимиз шилиниб кетади, ачийди, бунинг устига кечаси совуқ”.

Озодлик: Бу пахта ортганингларга қўшимча ҳақ бердими сизларга?

“Йўқ. Мардикорларнинг ўрнига бизга орттиряпти. Агар фермердан пул олинадиган бўлса, бу пулни ўша ердаги домла олади-да. Биз фақат кечаси пахта ортувчи вазифасини бажардик”.

Пахта теримига олиб чиқилган ўзбекистонлик ўқувчига белгиланган нормадаги пахтани тера олмаса бериладиган жазо:

“Пахта тера олмаганларга қорин оч бўлишига қарамай, ярим соат қўл устида ëтиб туриш (оджимание) қилдирар эди. Армиядаги бўйича улар бир-икки, деб туриши керак-ку. Улар бир дейди, бола 15-20 минут эгилиб туради, кейин икки дейди. Шунақа қилиб ўқувчиларни эзишяпти-да”.

Озодлик: Ким қилади бу ишни?

“Эртага кўпроқ терсин деган мақсадда домлалар қилади”.

Озодлик: Сен неча марта қўл устида ëтиб туришни қилдинг?

“Оджимание қилишни охирги кунларда бошладик. Унгача фақат кўкрак, қорин қисмига урар эди”.

Озодлик: Ким уради?

“Ўша далада ўқувчиларни назорат қиладиган домлалар. Тарозибон борми, ортувчи борми”.

Озодлик: Ўғил болалар оджимание қиларкан. Қизлар кам терса нима қилишади?

“Уларга шийпон атрофларига сув септиришади. Тупроқли жойларга септиради. Қизлар сувни каналга тушиб олади. Уларни шунақа қилиб қийнашади”.

Эшитганингиз бемаза ва қувватсиз овқат, ифлос сув, боланинг тоқатидан ташқаридаги меҳнат, маънавий тазйиқ ва жисмоний қийноқ ўз ишини қилади.

“98 фоиз болалар грипп. Ҳатто домлаларнинг ўзи бир кундан ëтиб даволанди. Касаллик шу даражага етиб борди-да. Грипп бўлсанг ҳам фақат тер, дейди. Йўталсанг ëтма, дейди. Битта дори беради. У ҳам таъсир қилмайди. Ҳашарчиларнинг иккитаси оғир касал бўлиб шийпонда ëтиб қолди ва охири директор уларни шифохонага олиб кетди. Бир куни директор келиб, биз мақтайдими, деб турсак, бизни уришиб кетди. “Сизларда ҳамма шароитлар бўлса, ҳамма дориларни олиб келаëтган бўлсак, озиқ-овқатларинг етарли бўлса, нимага нормани бажармаяпсизлар. Кунига 60 кило терасизлар”, деб уришиб кетди.

Пахта теримига олиб чиқилган ўзбекистонлик ўқувчи ётадиган жой:

“Биринчи куни жой етмагани учун бизни биринчи курслар орасига тиқиб қўйишди. Хуллас, у ерда шароит жуда ëмон-да. Шу даражада тиқилинчки, ҳамма ўқувчилар бир ëқлама ëтди”.

Озодлик: 30 йилдан олдин сен ëтган баракда мен ҳам ëтганман. Мен у баракнинг қанақалигини биламан. Таги, девори, томи бетон”.

“Тўғри”.

Озодлик: Ëзда дори сақланади. Биз боришимиздан олдин ўша дори сақланадиган барак икки қаватли уч қатор қилиб сўри қилинар эди. Ҳозир ҳам сизларга шунақа сўри қилиб берадими?

“Йўқ, унақа нарса йўқ”.

Озодлик: Нима, бетонда ëтасизларми?

“Ҳа. Шолча тўшалади ëки ҳар ким ўзининг кўрпачасини солиб ëтаверади. Шийпоннинг ичи ҳам совиб кетади”.

Озодлик: Ер бетон-ку?

“Уйдан олиб борилган кўрпачани бетоннинг устига солиб ëтаверади-да. Унинг устига, битта жойга иккитадан ўқувчи ëтяпти. Мана шуниси алам қилади-да. Одам яхши ухлай олмайди. Мен 10 кун чидаб бердим”.

Озодлик: Ўша бинога нечта одам сиғдинглар?

“Ўзи вагондан сал каттароқ ўша жойда 25 киши ëтдик”.

Пахтадан қочиб келган бола билан гаплашар эканман, илгари, бундан 30-35 йил аввал, ўша Мирзачўлда пахта териб юрганимда кузатилмаган икки ҳодиса шу кунда пайдо бўлганини билдим.

Биринчиси дедовшчинадир. Совет армияси учун хос бўлган бу касалликнинг олис Жиззахдаги бир лицейда пайдо бўлгани ҳайрон қолдирди.

“Учинчи курслар ўзини армияда юрибман, деб ҳис қилади. Кечқурун овқатланиб бўлганимиздан кейин ҳар хил баҳоналар топиб, ўзларининг ҳисобига пахта ўтказиш учун биринчи курсларни урарди”.

Озодлик: Ўқитувчилар шунга қарамайдими?

“Ўқитувчилар билмайдиғда буни. Ҳамма ухлаган пайтда секин турғизиб ўзининг хонасига олиб кетади. Кейин битта-битта гаплашади. Уларга сал бир нотўғри гап гапириб қўймаслик керак. Нотўғри гап гапириб қўйса, сенга лотарея чиқди, деб кеқурун чақириб олади. Кейин роса уради. Кейин учинчи курсларга кунига 20 килодан пахта ўтказади. Учинчи курслар пахта термайди. Фақат юради, чойчилик қилади. Улар умуман иш қилмайди, фақат лагерга боргандай юради. Биринчи, иккинчи курслар эзилиб теради”.

Каминани ҳайрон қолдирган иккинчи ҳодиса лицей талабалари бойлар ва камбағалларга бўлиниб қолгани, бойларнинг болалари ўзлари ўрнига мардикор сотиб олиб, курсдошлари сафига қўшиб қўяётганидир.

“Шийпонга шунчалик кўп оилалар борган. 60дан ошган отахон ҳам кампири билан борган. Иккита қизи ҳам бор. Кунига 200 килодан зиëд пахта теради. Оладиган пули 50-60 минг бўлади”.

Озодлик: Тушунмадим? у отахон нима қиляпти?

“У отахон бизнинг лицей номидан ҳашарчи бўлиб борган”.

Озодлик: Лицейнинг номидан кимнинг ўрнига борган?

“Бормайдиган талабалардан 65 мингдан пул олиб, ўша ҳашарчиларни далага олиб борган”.

Озодлик: У отахон сизлар билан битта бинода яшайдими?

“Ҳа. Биз билан бирга лицейнинг номидан терарди”.

Узр, шу ўринда бир нарсани сўраб қолмабман суҳбатдошимдан. 65 мингдан пулни пахтага кетаётган мардикор оладими ё лицей маъмуриятими?

Пахтадан қочиб келган бола билан суҳбатимиз ҳам якунига етай, деб қолди ва унга табиийки, мана бу саволни ҳам бердим.

Озодлик: Мана, пахтадан қочин келибсан. Энди нима бўлади?

“Нима қилай энди? Одамга соғлиқ керак. Биз ўқишимиз керак ахир. Ўзи энди ўқиш бошланиши билан бизни пахтага жўнатиб юборди-да. Энди уйда опам билан бирга дарс қилиб ëтибман”.

Озодлик: Лицейдан ҳайдаб юбормайдими?

“Ҳадемай ҳайдалди, деган қарор ҳам чиқиши мумкин. Агар ҳозир пул берадиган бўлсак, ишимиз тўғри бўлиши мумкин. Биласиз-ку, ҳамма жойда ҳозир пул. Ўзбекистонда ҳамма нарса пора билан-да. Пул билан ҳал қилсак бўлади. Агар пул бермайдиган бўлсам, ҳайдаши ҳам мумкин”.

Озодлик: Бу иш неча пул билан ҳал бўлади?

“Нари борса 50 минг ëки 60 минг. 10 кун пахтада туриб берганимга арзонроқ олиши ҳам мумкин.

Бўлди. Жиззахдаги академик лицейнинг пахтадан қочиб келган талабаси билан суҳбатимиз тугади.

Эшиттиришимиз ҳам деярли тугади.

Фақат яна битта гап қолди. Пахтадан қочиб келган бола суҳбат давомида бир гапни айтдики, эшиттиришимизни ўша гап билан тугатмоқчиман.

“Хурсанд бўлган тарафим халқимнинг шунчалик қийналгани ҳолатига мен ҳам тушиб кўрдим”.

Мана, энди бўлди. Ҳа айтганча, бугунги мавзунинг ёритилишига сабабчи бўлган, ўзининг исмини ҳам, укасининг исмини ҳам айтмаслигимизни сўраган қизга раҳмат.

Энг охирги гап. Ўзбекистон бош вазири болалар меҳнатини тақиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолаганига икки ҳафта бўлди.

Қарорнинг кучи 10 кунга ҳам етмади.
XS
SM
MD
LG