Линклар

Беларусда парламент сайлови ўтказилди

  • Фаррух Юсуфий

Белорус президенти Александ Лукашенко 28 сенябр кунги овоз бериш чоғида.

Белорус президенти Александ Лукашенко 28 сенябр кунги овоз бериш чоғида.

Беларус парламентидаги 110 та ўрин учун 260 номзод, жумладан, мухолифатдан 70 номзод курашди. Александр Лукашенко режими Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 350 вакилига сайловни кузатишга рухсат берди.

Беларусни 14 йилдан бери бошқариб келаётган президент Александр Лукашенко бу сафарги парламент сайлови Ғарб билан алоқаларни яхшилаш мақсадида демократияга тўлиқ этган қилган ҳолда ўтказилишини ваъда қилди. У бунинг учун Беларус қўлидан келганини қилаётганини таъкидлади.

“Ҳатто бу сафар ҳам сайлов “нодемократик” бўлиб чиқса ва Ғарбда кимгадир ёқмаса, биз улар билан умуман гаплашмай қўямиз. Мен яқинда Ғарб матбуотига интервью бериб, бу сайловни нафақат мамлакат конституциясига кўра, балки ЕХҲТ ва Ғарб кузатувчиларига ёқиш учун ўз қонунларимиз ва конституциямизга зид равишда ўтказаётганимизни уқтирдим”,- деди А.Лукашенко.

Мухолифат бу иддаоларни рад қилди.

Бирлашган фуқаролик партияси етакчиси Анатоль Лябедзка А.Лукашенконинг тактикаси аниқлигини билдирди.

“Биз ҳеч қачон бу сайлов кампаниясини адолатли ёхуд қонуний, деб тан олмаймиз. Овозларни санайдиган комиссиядан муқобил номзодлар вакиллари 0,05 фоизни ташкил қиладиган бўлгандан кейин ҳеч қандай сайлов бўлмаслигини ишонч билан айтиш мумкин. Одатдагидек натижаларни қалбакилаштириш ва депутатлар тайинланиши бўлишини айтиш мумкин”,- деди Беларус мухолифати етакчиси.

А.Лябедзка “Рейтер” агентлигига берган интервьюсида: “А.Лукашенко “Россия билан Европани шантаж қилишга уринмоқда. Яъни у Россияга газ нархини туширмасанг, мен Европага юзланаман, Европага эса мен билан муносабат қилинг, тўсиқларни олиб ташланг, менга сармоя беринг, бозорларни очинг, акс ҳолда Россия бу ерга келиб олади ва Польша билан Литва ўз остоналарига келиб олган рус айиғи билан юзма-юз бўлишга мажбур бўлади, демоқчи”,- деди.

Мухолифат ўз номзодларининг 30 фоизи турли баҳоналар билан рўйхатга олинмаганини маълум қилди.

Мамлакатга келган юзлаб европалик кузатувчиларнинг сайловга берган баҳоси Беларус учун сайлов натижаларидан кўра муҳимроқ бўладиган кўринади.

ЕХҲТ ўтган ҳафтада эълон қилган баёнотида бу сафарги сайловолди кампанияси аввалгиларидан кўра эркинроқ бўлганини таъкидлади, лекин халқаро кузатувчиларга овозларни санаш жараёнини кузатиш имконияти берилмаганидан шикоят қилди.

Айни пайтда ЕХҲТ делегацияси етакчиларидан бири Анна-Мария Лизин Беларус расмийлари бу сафарги сайлов Ғарбда ижобийроқ қабул қилиниши учун жиддий ҳаракат қилаётганини билдирди.

А.Лукашенко Ғарб билан алоқаларни яхшилаш истагида эканини кўпдан бери таъкидлаб келади. Ўтган ойда Россиянинг Грузияга қарши уруши унга бундай имкониятни очиб берди.

А.Лукашенко Москвага нисбатан илтифотсизлик қилиб, Грузиянинг айирмачи минтақалари Жанубий Оссетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олиш борасидаги Кремль босимларига рад жавобини берди.

Якшанба кунги сайлов А.Лукашенконинг нияти самимийми-йўқми, намойиш этади.
XS
SM
MD
LG