Линклар

Одинахон: “Қамоқхонада ëтган мусулмонларга Аллоҳ озодликни насиб қилсин”

  • Абдулла Искандар

Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланган йигитлар маҳкама катагида.2005 йил¸ сентябр

Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланган йигитлар маҳкама катагида.2005 йил¸ сентябр

“Давр менинг тақдиримда” дастурининг бу галги қаҳрамони Андижондаги 13 май қирғини боис ҳаëти 180 даража ўзгарган Одинахон. Одинахоннинг кечаги ҳаëти минглаб оддий ўзбек аëллариникидан фарқ қилмайди.

“Мен 1964 йилда Андижонда туғилганман. Мактабни битириб турмушга чиққанман. Биласиз, у пайтда эрта турмушга берилар эди”.

Совет давридаги турғун ҳаëт Одинахон зеҳнида худди байрам каби из қолдирди. Бировдан олдда, бировдан орқада эр-хотин турмуш кечира бошлади.

“У пайтда орзу-ҳаваслар яхши ҳаëт кечириш, фарзандли бўлиш, уларнинг камолини кўришдан иборат эди. Чет элларга чиқиб кетиш хаëлимизда ҳам йўқ эди. У пайтларда ҳамма ëқ тинч эди”.

Андижон марказидаги мўъжазгина кўзойнаклар дўконидан келадиган даромаддан оила қозони шақирлаб қайнаб турди.

“Бизнинг кўзойнак дўконимиз бор эди. У ерда хўжайиним билан бирга ишлар эдим. Ҳаëт яхши эди”.

Аммо бу кунлар узоққа чўзилмади. Каримов режими юритган сиëсат боис, дўкон касодга учради.

“Дўконни хусусий қилиб олдик. Ундан кейин яна ҳам қийинчилик бўлиб кетди. Дўконимиз кичкина эди. Бизга тўлаш учун жуда катта солиқ қўйишди. Аниқ эсимда йўқ-ку? лекин шу бир йилига 1 миллион қанчадир ҳам эди. Яъни биз метр квадратига тўлар эдик. Шунақа қонун чиққан эди. Шу қонун бизни синдирди. Ҳеч ишлашнинг иложи қолмади. Кейин дўконни ëпишга мажбур бўлдик”.

Дўкон соҳиби Лутфулла ака ўз ҳақини ва бировлар ҳақини ҳимоя қилиш учун мужодалага киришди. Бола-чақа боқиш учун Одинахон ўзини бозорга урди.

“Дўкон ëпилгандан кейин хўжайиним ўзини ҳуқуқ ҳимоясига урди. Оила тебратиш учун мен савдо билан шуғулланар эдим. Қорасувдан майда-чуйда олиб келар эдим”.

Бу ҳолат то 2005 йилнинг 13 майигача давом этди. Ўзбекистон тарихига “қонли жума”, дея ëзилган 13 май куни Одинахон Бобур майдонида эди.

“Мен ҳам Бобур майдонида эдим. Эрталаб турсам гумбурлаган овоз эшитиляпти. Кўчага чиқсам, кўча тўла одам. Ҳар хил гап, шов-шув. Ҳамма аëллар биз ҳам борамиз экан, деб кетаëтган экан. Мен ҳам ўшаларга қўшилиб бордим. Эрта билан кетган бўлсам соат 4гача ўша ерда бўлдим. Мен шундан кейин болаларим уйда қолгани учун хабар олиб келай, деб уйга кетдим. Уйимизнинг ëнида ХБК бор. Ўша ерга етганимда ëмғир қуйиб юборди. Ўша ерда гумбурлаган овоз эшитилди. Мен кетганимдан кейин отишма бошланиб кетибди”.

Майдонга чиққан минглаб оддий аëллар қатори Одинахон ҳам ўзгаришлардан умид қилган эди.

“Ҳамма бизнинг ҳам ҳаëтимиз яхшилансин, деб бир-бирига гапиряпти. Ҳамма бошидан ўтган қийинчиликларни гапиряпти. Эрлари қамалган аëллар қийналганларини юракдан гапиряпти. Шуларнинг гувоҳи бўлганман. Бизнинг ҳаëтимиз ҳам яхши бўлиб кетсин, деган умид ҳаммада бор эди”.

Аммо ҳукумат тинч намойишчиларга қараб ўқ узди. Ўзгаришлар умиди билан тепган юракларга ҳукуматнинг қўрғошин ўқлари келиб тегди. Аммо шунда ҳам Одинахон кетишни ўйламади.

“Ўша куни болаларини қидириб юрган аëлларнинг жуда кўпини кўрдим. Ҳатто бизнинг маҳалламизга ҳам келишди. Биттаси 14 яшар дейди, биттаси 12 яшар дейди, биттаси 16 яшар дейди. Йиғлаб болаларининг расмларини кўтариб юрганларни кўрдим. Рўпарамиздаги қўшнимизнинг ўғли “Юбилейний” кинотеатри ëнидаги ошхонада ишлар экан. Йиғлаб, ўлган одамларнинг оëғини боғлаëтган пайтда унга ҳам ўқ тегиб ўша ерда ўлган. Ўшанда ҳам бизнинг хаëлимизда кетиш йўқ эди”.

Вазиятни таҳлил қилган Одинахоннинг умр йўлдоши Лутфулла ака Андижондан чиқиб кетди. Одинахон уйда қолди.

“Мен “Сиз чиқиб кетаверинг. Мен болалар билан ўтириб тураман. Бир нарса бўлар”, деганимдан кейин у киши кетган эди”.

Аммо уйдаги гап кўчага тўғри келмади. Одинахоннинг уйига режим посбонлари бостириб кирди.

“Бир йўла 6 тами, 8 тами МХХданмиз деб бостириб киришди. Текширамиз, дейишди. Ордеринглар борми, десам йўқ дейишди. “Мен сизларни ордерсиз қанақа қилиб уйимга киритаман. Мени ҳеч нарсани билмайди, деб ўйламанглар. Текшириш учун ордер бўлиши керак”, деб анча тортишган бўлдим. Деҳқонов деган терговчиси келди. Хўжайиннинг офисини, дўконни, уйни тинтув қилишди. Ўшандан кейин қўрқиб чиқиб кетишга мажбур бўлдим”.

Шу тариқа Одинахон қон ҳиди анқиб турган, ҳар қадамда айғоқчилар изғиган Андижоннни тарк қилди.

“Тошкентга бордим ва хўжайиним билан учрашиб Қозоғистонга ўтиб кетдик”.

Олдин Тошкентга, ундан кейин Қозоғистонга йўл олишди.

Қозоғистонда ҳам Одинахон опа ўзбек айғоқчилари кузатувида яшади. Одинахоннинг эри Лутфулла ака қамоққа олинди. Қўрқув ва ҳадик улар орқасидан эргашиб келгандек эди.

“У ерда 1 ой яшадик. Рўйхатдан ўтишни янгилаш учун милиция участкасига бордик. Кейин милиция хонасида хўжайинимни бир ҳафта ушлаб туришди”.

БМТ қочқинлар идораси кўмагида Одинахон опа ўз оиласи билан бирга қочқинлик мақоми олиб, ўзга юртга кўчиб кетди.

“Биринчи Амстердамга учдик. Кейин Франкфуртга бордик. У ерда 9 кун яшадик. У ерда қочоқлар турадиган лагери бор экан. Бизни у ерда врачлар текширувидан ўтказиб: “Энди сизларни қаер қабул қилса, ўша ëққа жўнатамиз”, дейишди. Энди ўзбекчилик, шунақа қилиб юрасизми энди, ўзимизнинг уйимиз бор эди, деб роса сиқилдик. Бошида анча ғалати бўлдик. Кейин кўникиб қолдик. 9 кун шаҳар айлантиришди. Бизга Америка қабул қилганини ва у ëққа учиб кетишимизни айтишди. Олдин Нью-Йоркка, кейин эса Атлантага келдик”.


Америкага келгач ҳам икки кўзим орқамда эди. Ана кетамиз, мана кетамиз билан бу мамлакатда ҳам уч йилдан ошиқ яшаб қўйдик, дейди Одинахон опа.

“Мана, 3 йил тўлиб тўртинчи йилга ўтди. Биз бу ерга 21 июлда кириб келганмиз. Биз иссиқ пайти келдик. Август ойида бу ерда ëмғир бошланар экан. У пайтда анча-мунча нарсани сезмайдиган ҳолатда юрак сиқилган эди. Менда озгинадан кейин ўзгариш бўлади ва биз яна қайтиб кетамиз, деган ўй-фикр бор эди. Ҳозир мен уйда ўтирибман. Болалар ишлаяпти. Соғлиғим бўлмай, икки ярим йил ишлаб ишдан бўшадим”.

Одинахон ўтган умрига ачинмайди.

“Мен хўжайинимнинг қилган ишидан, қилган ҳаракатларидан нолимайман. Аксинча, мағрурланаман. Нимагаки унинг иши ҳақиқатга юзланган. Ўртада оғир кунлар бўлган бўлса ҳам ҳеч қанақа хафа бўлмайман. Ҳақиқатга юзлангани учун ҳам Худойим бизни қўллаб мана чиройли ҳаëт кечириб ўтирибмиз”.

Одинахон Андижондаги яқинларини келаëтган рамазон байрами билан қутлади.

“Ҳаммаларига улуғ айëм муборак. Рамазон ҳайити билан табриклайман. Бизнинг Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бўлади, деган умид-орзуларим бор. (йиғлаб) Қамоқхонада ëтган мусулмонларга Аллоҳ озодликни насиб қилсин. Менинг тилагим шу. Шаротимиз яхши, шароитдан нолимайман. Ватандошларга ҳам Аллоҳ яхши кунни насиб қилсин”.
XS
SM
MD
LG