Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:35

Ўзбекистон Ғарб ҳарбийларини хурсанд қилиб қайтаряпти


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:gggqDbXRPF4giM:http://www.ukraine-nato.gov.ua/data/upload/publication/nato/ua/2602/nato_logo.jpg Ўтган ҳафта ғарблик ҳарбий расмийларнинг бирданига икки нафари Тошкентда меҳмон бўлди. Пайшанба куни НАТОнинг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Роберт Симмонс Тошкентга ташриф буюриб ҳукумат расмийлари билан учрашди.

Ундан бир кун аввал - 24 сентябрь куни эса АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги вакили генерал Жеймс Лавлейс Ўзбекистон мудофаа вазири билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Тошкентга пайшанба куни келган Р.Симмонс ҳафтанинг охиригача Ўзбекистон расмийлари билан қатор қизиқарли ва самарали учрашувлар ўтказган.

Бу ҳақда “Озодлик”ка маълум қилган НАТО мулозими матбуот котиби ўз раҳбари Р.Симмонс Тошкентда айнан ким билан учрашиб, қизиқарли суҳбатлар қилгани ҳақида ҳозирча айта олмаслигини таъкидлади.

“Лекин жаноб Симмонс Тошкентдан жуда хурсанд бўлиб қайтди”,- деди у.

Маълум бўлишича, АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги вакили Жеймс Лавлейс ҳам Ўзбекистонга сафаридан мамнун бўлиб қайтган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси пресс атташеси Молли Стивенсон “Озодлик” билан суҳбатда: “Генерал-лейтенант Жеймс Лавлейс Ўзбекистонга режадаги маслаҳатлашувлар доирасида келди. У мудофаа вазири Қобил Бердиев билан учрашиб, минтақа хавфсизлиги, Афғонистон, наркотикларга қарши кураш ва ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик каби масалаларни муҳокама қилди. Хусусан, бу ҳамкорлик доирасида америкалик мутахассисларнинг ўзбек ҳамкасбларига амалий ёрдам кўрсатиши бўйича келишиб олинди”,- деди.

“Бу АҚШнинг минтақадаги давлатлар билан одатий муҳокамаларининг бир қисмидир. Бу муҳокамаларда ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик, Ўзбекистон мисолида, Американинг Когонда портламай қолган ўқ-дориларни олиб чиқиш борасида кўрсатган техникавий ёрдами каби масалалар ҳақида гаплашилди. Генерал-лейтенат Лавлейс, шунингдек, ўзбек ҳарбийларининг Тошкентда ўтказилган машғулотини кузатди. Бу, асосан, тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган, яъни жанг майдонида яраланган ҳарбийларга тиббий ёрдам кўрсатиш курси, деб аталган машғулот эди”, - деди элчихона вакили.

НАТО ва Пентагон мулозимларининг Тошкентга эътибори фавқулодда ошиб қолгани, ҳарбий таҳлилчилар фикрича, бу минтақада рўй бераётган жараёнларнинг мантиқий давомидир.

Россиялик ҳарбий шарҳловчи Павел Фельгенгауэр Афғонистондаги вазият кун сайин кескинлашиб бораётган ва АҚШнинг халқаро террорга қарши курашда асосий иттифоқчиси бўлиб келган Покистон билан муносабатлари таранглашаётган шароитда НАТО ва Пентагон яна Тошкент режими билан яқинлашиш имкониятларини қидиришга мажбур бўлаётганини таъкидлади.

“АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий операцияларида техникавий ёрдам кўрсатиш учун жуда қулай бўлган Хонободдан ҳайдалишига сабаб бўлган Андижон воқеаларидан бери вазият анча ўзгарди. Тошкентнинг Ғарб, хусусан, АҚШ билан муносабатлари анчагина силлиқлашиб қолди. Ғарбнинг Ўзбекистонга бўлган эҳтиёжи ошиб бормоқда. Чунки бир томондан Афғонистондаги вазият ёмонлашмоқда, боз устига, Американинг ҳарбий амалиётлари учун таъминотда асосий кўприк вазифани бажариб келган Покистон билан ҳам муносабатлари таранглашяпти. Ҳозир у ерда вазият Америка ва Покистон қўшинлари ўртасидаги қуролли тўқнашувларгача етиб борди. Шунинг учун Ўзбекистон бу вазиятда муҳим стратегик ролни ўйнаши мумкин. Бундан ташқари, Америка ўзининг Афғонистондаги ҳарбий контингенти сонини ошириш ниятида экани Ўзбекистоннинг аҳамиятини янада оширади”,- деди ҳарбий таҳлилчи.

Айни пайтда расмий Тошкент ҳам ўзининг нархи ошиб бораётганини яхши ҳис қилмоқда. Буни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ Бош ассамблеяси минбаридан туриб Афғонистон бўйича “6 қўшув 2” гуруҳини қайта тиклаш таклифини яна такрорлаши мисолида кўриш мумкин. Бу таклифни апрель ойида НАТО саммитида қатнашган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам илгари сурган эди.

Каримов режимининг яна Ғарб билан илиқлашиб бораётган муносабатлари Андижон воқеаларидан кейин уни ўз паноҳига олган Россияга ёқмаслиги мумкинлигини айтади П.Фельгенгауэр. Лекин Москва на Каримов, на Марказий Осиёдаги бошқа ҳукмдорларни ўз манфаатларига қарши боришга мажбур қила олади.

“Марказий Осиё ҳукуматлари ва ҳукмдорлари, жумладан, Каримов ҳам ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб қолишда Москва унга ёрдам беришини истайди, албатта. Лекин улар минтақа ичкарисидами-ташқарисидами, Москвага Ғарбга қарама-қаршилик кўрсатишда ёрдам беришни истамайди, чунки бу уларнинг манфаатларига тўғри келмайди. Мақсад битта - бу қарама-қаршиликда бетарафликни сақлаб қолиш. Москва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби тузилмалар воситасида аксилғарб блокни яратишни истайди, албатта. Лекин Марказий Осиё ҳукмдорларига бу умуман керак эмас. Ўз ҳокимиятини сақлаб қолиши учун уларга Москва ҳам, Вашингтон ҳам ва ҳатто Хитой ҳам керак”, - дейди Павел Фельгенгауэр.
XS
SM
MD
LG