Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:36

Ўзбекистонда куйдирги касаллиги борми?


Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегараларда назоратни кучайтирди. Қўшни давлатларнинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудларида куйдирги (Сибир яраси) касаллигининг кенг тарқалиши бунга сабаб экани таъкидланмоқда.

Қозоғистоннинг Жамбил ва Жанубий Қозоғистон вилоятларида, Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод вилоятларида куйдирги касаллиги тарқалиб, ундан одамларнинг вафот этиш ҳолатлари ҳам аниқланди. Қўшни давлатларнинг бу ҳудудлари айнан Ўзбекистон чегараларида жойлашган.

Қирғизистон Республика юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Наримбек Айтқулиевнинг билдиришича, куйдирги тарқалишининг ўчоқлари мамлакатнинг жанубий ҳудудларида.

“Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида куйдирги касаллигининг тери формаси билан оғриган 20га яқин бемор аниқланди. Бир киши касаллик боис оламдан ўтди. Мамлакат бўйича жами 42 киши куйдирги билан оғриган”,- деди Наримбек Айтқулиев.

Жалолободдаги “Ҳаво” ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаров, айниқса, Жалолободда куйдиргининг тарқалиш ўчоқлари кўплигини айтди.

“Бозорқўрғон деган жойдаги Бешбодом участкаси Сибир ярасининг ўчоғи ҳисобланади. У ер тўсиқ билан ўраб олинмаган. У ердан чиқаëтган мол ва қўйнинг чек-чегараси йўқ. Шу ердан олиб сўйилган мол гўштидан еганлар касал бўлган”,- деди А.Асқаров ва куйдирги касаллиги Қирғизистондан Ўзбекистонга ҳам ўтиш хавфи мавжудлигини билдирди.

“Бешбодом Бозорқўрғондан 17-20 километр масофада. Одамлар юқтирган бўлса ўтади. Ўзбекистонга бу ердагилар сузма олиб боряпти. Қассоблар ҳам у ëқдан келиб гўштни ноқонуний йўллар билан олиб кетяпти. Ўзбекистонни гўшт билан таъминлайдиган, асосан, Қирғизистон. Дейлик, якшанба куни бозорда 10 та буқа сўйилган бўлса, шунинг 5 тасини ўзбекистонлик қассоблар олган бўлади. Тошкентга эса отлар қази қилингани олиб кетиляпти”,- деди А.Асқаров.

Андижон вилояти санитария эпидемология бошқармаси ходими Қирғизистон чегарасида жойлашган бу вилоятда касалликнинг олдини олиш учун кўплаб тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Агар биз ишламаëтган бўлганимизда бизда ҳам бу касаллик чиққан бўларди. Биз ишлаяпмиз. Аҳолини ва ҳайвонларни эмлаяпмиз”,- деди бошқарма ходими.

Ўзбекистон Республика санитария эпидемология ташкилоти ходимаси эса нафақат Андижонда, балки мамлакатда умуман куйдирги касаллиги қайд қилинмаганини, одамлар ўртасида бу касаллик умуман йўқлигини билдирди.

Тиббий маълумотларга кўра, куйдирги касаллиги манбаи, асосан, йирик ва майда шохли ҳайвонлар, шунингдек, отлар, эшаклар, буғулар ва чўчқалар ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам куйдиргининг тарқалиш ўчоқлари мавжуд.

“Республикамизда эски ўчоқлар мавжуд. Бу носоғлом ҳудудлар ҳар доим мониторингда туради. Чегара ҳудудларида санитария назорати пунктлари бор. Касалликнинг бизга кирмаслиги ва биздан ташқарига чиқмаслиги учун республикамизга кираëтган ва чиқаëтган ҳар бир одам чегарада тиббий кўрикдан ўтади”,- деди Республика санитария эпидемология ташкилоти ходимаси.

Расмий манбаларнинг билдиришича, Ўзбекистон давлат чегараларида, темир йўл бекатлари ва аэропортларда жами 78 та санитария карантини пунктлари кучайтирилган тартибда ишламоқда.
XS
SM
MD
LG