Линклар

http://gdb.rferl.org/17F79DE7-F542-4B9C-A442-1867C0DD9020_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/17F79DE7-F542-4B9C-A442-1867C0DD9020_mw800_mh600.jpg Ўзбекистон республикаси халқ таълими тизимида шу кунда 1 миллионга яқин ходим, 7 миллиондан зиёд ўғил-қизга таълим ва тарбия бермоқда. Бу маълумотни президент Каримовнинг 1 октябрь – Ўқитувчилар куни муносабати билан ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табригидан олдик.

Табрикноманинг бир жойи жуда хавфли кўринди.

Президентнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг таълим соҳасида "бутунлай янгича принципларга...асосланган тизим барпо этилди" ва
“Буни ҳозирги вақтда нафақат юртимзи аҳли, балки кенг халқаро жамоатчилик тан олиб, бу тизим узоқни кўзлаëтгани, унинг миқëси ва кўлами ортиб, мамлакатимизнинг буюк келажаги учун том маънода ҳал қилувчи аҳмаият касб этаëтгани, таъбир жоиз бўлса, “портлаш таъсирига олиб келиши” мумкинлигини эътироф этмоқда”.

Халқаро жамоатчилик кўйлак-шимини шимариб, Ўзбекистон халқ таълими тизими ислоҳоти билан қанчалик қизиқаётганини бир четга қўйиб турайлик.

Одамни ташвишга соладигани президент айтаётган ислоҳотларнинг “портлаш таъсири”га олиб келиши мумкинлиги эътироф этилаётганидир.
Тушунмадик. Бу “портлаш таъсири”дан суюниш керакми ё қўрқиш?! Ахир ҳар қандай портлаш оқибати фақат ва фақат вайронагарчилик эмасми?

Физика ўқитувчиларининг айтишича, биргина портлаш – бошқариладиган термоядровий портлаш борки, фақат у бунёдкор портлашдир. Бу портлашдан электр қуввати оладилар.
Лекин агар фикр қилинса, президентнинг гапида жон йўқ эмас. Қарийб бир миллион ўқитувчи-мураббию 7 миллиондан зиёд ўқувчининг қуввати, ўша термоядровий портлаш амалга ошириладиган Атом электр станцияси берадиган қувватдан кам эмас. Уларнинг қуввати билан, масалан, пахта териб олинмоқда.

Президент ўз табригида ўқитувчи ва мураббийлар маошлари оширилганини уларнинг ёдига солибди.

Жойлардан олинган хабарларга қараганда, ўша оширилган маошларга ўқитувчиларнинг кўпчилиги бир қоп, баъзилар эса, ҳатто икки қоп ун сотиб олаяпти.

Қашқадарёлик мана бу боғча опанинг ҳам маоши оширилди.

“Олдин 40 минг олар эдим, энди 48 минг бўлди”.

Озодлик: Бир қоп ун неча пул туради?

“Энди яхшисини ейман десангиз 53.000, 58.000, 65.000 ва бошқа ҳар хил нархли унлар бор”.

Озодлик: Демак, сизни ойлигингиз бир қоп унга етмайди, шунақами?

“Ҳа бир қоп унга етмайди”.

Юртбошимиз яна бир марта оширса, маошимиз бир қоп унга етиб қолса ҳам ажабмас, деб умид билдирди боғча опа.

Биз ҳам боғча опа ноумид бўлмас, деб умид қиляпмиз. Ахир президент таълим соҳасида ишлаëтган мутахассисларнинг бугунги ва келажак ҳаëти учун замин туғдириб бермасдан, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватламасдан, ертанги кунга ишончини мустаҳкамламасдан туриб,бу ҳақдаги барча даъватлар кутилган натижани бермаслигини ҳаммамиз яхши тушунамиз, дебдику.

Ҳеч йўқ, тушунармишку!

Ўзбекистон президенти ўз табригида юксак маънавиятни енгилмас кучга айлантириш ҳақида яна бир бор гапирган.

Шу гапни айтаверса, одам ғалати бўлиб кетаверади. Нима учун маънавиятни, маънавият бўлиб ҳам, унинг юксагини кимдир енгилмас кучга айлантиришга уриниб-чираниши керак? Бу маънавият дегани, айниқса унинг юксаги кимнидир ҳимоясига муҳтожми? деб савол берсам, ўзбекистонлик ўқитувчилардан бири – Абдулла Абдураззоқ ўғли бундоқ деди.

“Ҳар ким ўзида йўқ нарсани излайди ва ўшани кўп гапиради деган матални эсимга солади. Масалан Ислом Каримов ҳар сафар маънавият ҳақида гапирганда, ўзида йўқ нарсани гапираëтгандек, ўзида йўқ нарсани излаëтгандек туюлади менга”.

Ўзбекистон президенти байрам ҳурмати бир “ҳамкасби”нинг бу гапини оғир олмас.

Ҳамкасбининг, дедик. Ҳа, ҳамкасбининг. Чунки Ислом Каримов ўқитувчи ва мураббийларни уларга йўллаган табрикномасида менинг энг яқин кўмакчиларим, деб атабди.

Демак, Ислом Каримов мамлакатнинг “энг катта ўқитувчиси”.

Бу сифат Ўзбекистон президентига кам эканлигини, масалан, самарқандлик бир муаллим тан олиб, бир йил муқаддам унинг юзига мана бу гапни айтган эди.

“Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич. Ўзбекистонни янгидан яратдингиз. Самарқандни янгидан яратдингиз. Азиз, мўътабар Ислом Абдуғаниевич. Биз, халқимизни мана шундай улуғвор йўлларда бошлаб боришингизда сизга куч-қувват, соғлик, омонлик тилаймиз”.
XS
SM
MD
LG