Линклар

Покистон разведка хизмати бошлиғи генерал-лейтенант Надим Тож лавозимидан бўшатилди. Таҳлилчилар фикрича, Ғарб давлатлари томонидан толибларни яширинча қўллаб келаётгани иддао қилинган Надим Тож Покистон ҳарбийлари сафида ўтказилаётган тозалаш жараёнида лавозимидан четлатилган.

Покистон ҳарбий разведка хизмати бошлиғи лавозимини Афғонистонга чегарадош вилоятларда жанггариларга қарши ўтказилаётган ҳарбий операцияларга қўмондонлик қилиб келган генерал-лейтенант Аҳмад Шужо Пашшо эгаллайди.
Ўтган йил Покистон армияси қўмондони лавозимини тарк этишга мажбур бўлган собиқ президент Парвез Мушарраф ўз ўрнига генерал Ашфақ Каянини тайинлаган эди. Қарийиб бир йилдан бери қуролли кучлар қўмондони вазифасини бажариб келаётган Каяни 29 сентябр куни Покистон армияси қўмондонларидан 14 нафари ўз лавозимини тарк этганини эълон қилди. Покистон армияси матбуот хизмати бошлиғи генерал Атар Аббос буни одатдаги кадрлар алмашинуви дея изоҳлади.
Бироқ ҳарбий масалалар бўйича Лондонда чиқадиган "Jane's Defence" ҳафталигининг Жанубий Осиё бўйича мухбири Раул Беди бунинг ортида бошқа сабаблар ҳам бор деган фикрда: “Менимча, бу армия қўмондони генерал Каяни ўз мавқеини мустаҳкамлаш йўлида қилаётган уринишининг бир қисмидир. Чунки, охирги олти ёки саккиз ой ичида армиянинг юқори лавозимларига бошлиқлар ўша пайтда қуролли кучлар қўмондони ва президент бўлган Парвез Мушарраф томонидан тайинланган эди. Менимча, генерал Каяни ҳам армия устидан ўз назоратини кучайтиришга уринмоқда ва муҳим жойларга ўз одамларини тайинламоқда” – дейди Раул Беди.
Покистон ҳарбийлари, айниқса, разведка хизматида кадрлар алмашинувини бу мамлакатда вазият барқарор бўлишидан ва Исломобод терроризмга қарши курашни давом эттиришидан манфаатдор бўлган АҚШ ва унинг Иттифоқчилари диққат билан кузатмоқда.
Ғарб расмийлари Афғонистондаги Толибон ҳаракатини ташкил этишда ёрдам берган Покистон разведка хизмати терроризмга қарши курашда яна икки томонлама ўйин қилаётган бўлиши мумкинлигидан шубхаланмоқда.
Афғонистон ва Ҳиндистон расмийлари Покистон разведка хизматини июл ойида Кобулдаги Ҳиндистон элчихонасига қарши уюштирилган бомба ҳужумига алоқадорликда айблаган. Покистон эса бу айбловларни кескин рад қилиб келмоқда. Бироқ 2006 йилда Парвез Мушарраф Покистон резведка хизматининг истеъфодаги айрим зобитлари экстремистларни қўллаб-қувватлаётган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган.
Афғонистон-Покистон чегара минтақасида Покистон ҳарбийлари билан НАТО ва АҚШ кучлари ўртасида отишмалар юз бераётган бир пайтда Ғарб давлатлари Покистон раҳбарларига ҳарбий разведка раҳбариятида ўзгартириш қилиш борасида босимни кучайтирмоқда.
“Бу ҳам террорга қарши ўтказилаётган кенг кўламли урушга боғлиқ. Чунки сўнгги тўрт беш ой давомида АҚШ Покистонга босимни кучайтирди. Покистон разведкасини ҳарбий техника, разведка маълумотлари ва моддий ёрдам билан таъминлаб келган Вашингтон Покистон разведкаси ходимларини толибларга ёрдам бераётганликда айблаган. Шу боис бу ўзгаришлар Покистон разведка хизматининг мақсади жиддий экани ва толибларга қарши кураш давом этишини Вашингтонга кўрсатишдан ҳам иборат” – дейди ҳарбий масалалар бўйича Лондонда чиқадиган "Jane's Defence" ҳафталигининг Жанубий Осиё бўйича мухбири Раул Беди.
Хавфсизлик масалалари бўйича Исломободдаги таҳлилчи, Покистон армияси собиқ генерали Талат Масуд Беди айтган фикрга қўшилади. Масуд эътиборни Покистон ҳарбий разветкасидаги ўзгаришлар бу ҳақда Ғарб матбуотида жуда кўп мақолалар ёзилаётган бир пайтда амалга ошганига қаратади. Унинг фикрича, Покистон армияси қўмондони Каяни ҳарбий разведка хизмати бошлиғи лавозимига ўз одамини тайинлаш орқали ўзига хайрихоҳ гуруҳни тузган. Ўз навбатида бу унга армияни ишонч билан бошқариш имкониятини беради.
XS
SM
MD
LG