Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:08

Ўзбекистонлик муҳожирлар: ”Биз ватан ичкарисида ишлашимиз керак“


Россиядаги ўзбек муҳожирлари турмушидан бир кўриниш.Сентябр¸2008
Россиядаги ўзбек муҳожирлари турмушидан бир кўриниш.Сентябр¸2008

1 октябр куни Озодлик радиоси электрон почта қутисига ўзини “Миллий яраш ижроия қўмитаси” деб таништирган ташкилотнинг ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига йўлланган мактуби нусхаси келиб тушди.

Ислом Каримовга мурожаат шаклида ëзилган ушбу мактубда, дунëнинг турли мамлакатларида яшаëтган ўзбекистонликлар Тошкент раҳбарини сиëсий қочқинларнинг ихтиëрий равишда ватанга қайтиши борасида сиëсий ирода кўрсатишга даъват қилганлар.

Айни пайтда, миллий яраш қўмитаси ишчи гуруҳи БМТ нинг қочқинлар бўйича идораси, ЕХҲТ шунингдек Россия, АҚШ, Британия,Канада, Франция, Германия, Голландия, Белгия, Норвегия, Дания, Швеция ва Швецария ҳукуматларига ҳам мурожаат қилиб, ўзбекистонлик юзлаб сиëсий қочқин ва улар оила-аъзоларининг ватанга қайтиши жараëни, хусусан қочқинларнинг нормал яшаш шароити билан таъминланиши, йўқотилган мол-мулкининг қайтарилиши, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий таянчи учун маъсулиятни ўз зиммасига олиш ва улар хавфсизлигини кафолатлашни сўраган.

Озодлик мухбири ишчи гуруҳи аъзоси, 1993 йилдан бери муҳожиратда яшаб келаëтган Бирлик халқ ҳаракати етакчиларидан бири Алибой Йўляхшиев билан суҳбат аввалида бу мурожаатнинг нега айнан ҳозир пайдо бўлгани билан қизиқди.

Алибой Йўляхшиев: Ўзбекистоннинг аҳволини жуда яхши билганимиз учун, ватанимизнинг аҳволини яхшилаш йўлини излашда шу йўллардан бири деган фикрга келганлигимиз учун, бу мурожаат пайдо бўлди. Яъни муроса қилиш масаласига келаяпмиз. Қарама-қаршиликлар эмас, муроса йўли билан ишлаш масаласига келаяпмиз. Биз эски гап-сўзларни унутиш эмас, бугун бошқача ëндошиш масаласини айтаяпмиз. Ватаннинг тақдири учун қизиқиш, ватанга ëрдам бериш учун қайси йўлдан бориш керак деган масала ўртага чиқди-да. Биз ватанга киришимиз керак, ватаннинг ичида ишлашимиз керак. Мен ватандан 1993 йилда чиққан пайтимда ҳам бу гапни айтганман.

Озодлик: Бугун Ўзбекистонда ҳукуматга ëқмайдиган ҳаракат қиладиган инсон ҳуқуқлари ташкилоти бўладими, журналист бўладими, мухолифатчи бўладими аксариятининг тақдирини кўриб турибсиз. Ҳозир қайтиб борган билан бирон нарсага, сиз айтгандай ватан тақдирини, ватан бораëтган йўлни бошқа тарафга буришга озгина бўлса ҳам таъсир кўрсатишингизга кўзингиз етадими?

Алибой Йўляхшиев: Агар бизнинг мурожаатимиздаги мазмунда келишув бўлса, мурожаатда келтирилган масалалар ҳал бўлса, албатта фойдаси бўлади деб ишонаман.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати сизга ўхшаган мухолифатчилар, мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган ўзгача фикрловчилар билан сиз айтгандай муросада ишлашга мойиллигини кўрсатувчи бирор қадам қўйдими?

Алибой Йўляхшиев: Йўқ, албатта. Лекин бу дегани бундай қадам бўлмайди дегани ҳам эмас. Бу бир кишининг фикри эмас¸ ўзбекистонлик муҳожирлар бир-биримиз билан ëзишмалар¸суҳбатлар асносида ғундай хулосага келдик. Ҳукумат томонидан бизнинг фикримизга яқин бир фикр уйғонар деган умидимиз бор. Ҳозиргача буни кўрмадик¸ тўғри. Лекин булар тилда гапирмаса ҳам дилида шундай фикрга келганлигига ишонамиз.

Озодлик: Бу ишончингизга асос бўладиган бирор-бир сигнал борми? Ëки бу сизга ўхшаб ватанни соғиниб, ватанга қайтишни истаëтганлар орзуси холосми?

Алибой Йўляхшиев: Сигналлар бор. Лекин мен Каримовнинг ўзидан сигнал бор деб айта олмайман. Буни айтиш жуда соддалик бўларди. Лекин сиëсатда, дунëқарашда Ўзбекистоннинг бугунги сиëсатида янги кўзқараш борлиги ҳақида сигналлар борлигини айтишим мумкин. Бугунги Ўзбекистон ҳукуматининг иштирокида бу гап амалга ошиши мумкинми десангиз¸ бунга аниқ бир жавоб айтиш қийин. Ўйлаймизки¸ музокаралар бошланса, халқаро ташкилотлар қўшилса, одамлар қўшилса¸ ҳозир тилнинг учида турган гаплар овозга кўчади¸ ишонамиз. БМТни, ЕХҲТни, ўзбекистонлик муҳожирлар жойлашган давлатларни воситачиликка чақираяпмиз. Улардан Ўзбекистонга қайтиб борганимиздан кейин хавфсизлигимизга кафолат бўлишни сўраяпмиз. Биз бу ташкилотлар билан мулоқот қилишга, улар билан суҳбатлар ўтказишга ҳаракат қиламиз. Жумладан¸ Ўзбекистоннинг масъул кишилари билан ҳам учрашишга, гаплашишга ҳаракат қиламиз.

Озодлик: Сиз номини айтиб ўтган ташкилотлар, Ғарб ҳукуматлари ўзбекистонлик сиëсий қочқинларнинг ватанга қайтиш жараëнига бош қўшади деб ўйлайсизми?

Алибой Йўляхшиев: Биласиз, буларнинг Ўзбекистонга қизиқиши бор. Ўзбекистоннинг иқтисодий ва географик жиҳатдан дунëнинг стратегик масалаларида аҳамияти жуда катта. Бу давлатларнинг Ўзбекистон билан қизиқмаслиги мумкин эмас. Шу туфайли ҳам Андижон масалалари бўйича киритилган санкциялар йилдан-йилга юмшаб бораяпти. Ўзбекистон дунë учун керак. Ўзбекистон ҳақида қандайдир ижобий режалар, ижобий маслаҳатлар ўртага чиқаëтган бўлса, бу ташкилотларнинг аралашмаслиги мумкин эмас.

Озодлик: Шу ташкилотлар воситачилигида Ўзбекистон сиëсий муҳожирларнинг қайтишига рухсат берди, хавфсизлигини кафолатлади ҳам дейлик. Мамлакат ичкарисида ҳозирги шароитда нима қилишларингиз мумкин? Қайтишга имкон топилса¸ нима иш ¸ қандай фаолият билан шуғулланмоқчисизлар?

Алибой Йўляхшиев: Мен бир нарса дейишим қийин. Менинг ëшим анчага бориб қолди. Мен муҳим ишлар билан шуғулланаман деб айта олмайман. Самарали маслаҳатчи бўлишим мумкин. Бизнинг мурожаатдаги шартларимиз бажарилса, хавфсизлигимиз таъминланадиган бўлса, очиқ, эркин ишлашга шароит яратиладиган бўлса, бу Ўзбекистонда демократияга йўл очилди дегани. Биласиз Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқ, демократия йўқ. Сўз эркинлиги бўлса, демократия элементлари амалга оша бошласа, шунинг ўзи мамлакатда ижобий ўзгаришлар бошланганини кўрсатади. Бир оғиз гапи учун одамларни қамоққа ташлаш тўхтаса, бунинг ўзи ҳам катта ижобий иш. Агар Ўзбекистоннинг раҳбарлари ана шунақа мардлик кўрсатса, бу Ўзбекистонда демократлашиш бошланди деган сўз.
XS
SM
MD
LG