Линклар

ЕИ кузатувчилари Грузиядаги миссиясини бошламоқда


Франция президенти Николя Саркози воситачилигида Грузия ва Россия ўртасида эришилган тинчлик келишувига мувофиқ, ЕИ кузатувчилари айирмачи ўлкалар- Жанубий Осетия ва Абхазияга яқин ҳудудларни назорат қилади.

30 сентябрь куни Россия томони халқаро кузатувчилар Жанубий Осетия атрофида ташкил этилган буфер зонага киритилмаслиги тўғрисида маълум қилган эди. Бироқ ЕИ миссияси раҳбари Хансйоэрг Хабер мазкур масалада Россия ҳарбийлари билан музокаралар ўтказилгани ҳамда халқаро кузатувчиларга буфер зонага киришга рухсат берилишини билдирди.

Россия қўшинлари матбуот котиби Виталий Манушко эса ЕИ кузатувчиларининг буфер зонада ҳаракатланиши чекланганини таъкидлади.

“Хавфсизлик зонасининг жанубий ҳудудигина халқаро кузатувчилар томонидан мониторинг қилинади. Чунки Россия тинчликпарвар кучлари ва ЕИ кузатувчилари ўртасида аниқ келишув мавжуд эмас. Бу каби меморандум Россия ва Грузия ўртасида ҳам мавжуд эмас. Бундан ташқари, хавфсизлик ҳудудига киритилажак Грузия полицияси сони борасида ҳам ҳеч нарса аниқ эмас, бироқ бу масалада маслаҳатлашув давом эттирилмоқда”,- деди Россия қўшинлари матбуот котиби.

Сешанба куни Тбилисига сафар қилган ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана тинчлик шартномасини имзолаган иккала томон ҳам ўз зиммасига олган мажбуриятларга содиқ қолишига ишонч билдирди.
XS
SM
MD
LG