Линклар

http://gdb.rferl.org/F173E110-A9BA-4A78-A746-E8F395D43CD3_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/F173E110-A9BA-4A78-A746-E8F395D43CD3_mw800_mh600.jpg Журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмонов суди яна кечиктирилди. 2 октябр куни журналистнинг адвокати суд мажлисига етиб келмаганлиги туфайли маҳкама жараёни 9 октябр кунига қолдирилган. 12 сентябр куни бошланган суд шу билан тўртинчи бор кечиктирилмоқда.

Солижон Абдураҳмонов иши бўйича маҳкама жараёни 12 сентябр куни бошланган ва барча гувоҳларнинг судга етиб келмаганлиги сабаб¸ маҳкама 18 сентябрга қолдирилганди. 18 сентябр куни эса Солижон Абдураҳмоновнинг адвокатлари маҳкама ҳайъатига суд жараёнини видео тасвирга олиш ва Солижон Абдураҳмоновнинг машинасидан топилган наркотик билан боғлиқ суд экспертизаси ўтказиш бўйича илтимоснома киритди. Маҳкама ҳайъати айни илтимосномаларни ўрганиб чиқиш мақсадида¸ суд жараёнини 25 сентябрга қадар кечиктирган эди. 25 сентябр куни эса маҳкама жараёни икки ярим соат давом этгач, судя Қадрбой Жамолов суд ишини 2 октябрга қадар кечиктирди. 2 октбярда эса Солижон Абдураҳмоновнинг адвокати Рустам Тўлагановнинг касалланиб қолганлиги боис суд яна кечиктирилди. Бу ҳақда журналистнинг бошқа бир адвокати Баҳром Абдураҳмонов Озодликка маълум қилди.

“Суд ҳимоя тарафнинг илтимоси орқали кечиктирилди. Бошқа ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Суд Тўлагановнинг касал бўлиб қолганлиги туфайли қолдирилди”.

Ўтказилган маҳкама жараёнларига назар ташлайдиган бўлсак¸ суд мажлисларидан бирида Солижон Абдураҳмоновга сўз берилиб¸ унинг кўрсатмалари тингланди. Суд жараёнини бевосита кузатаётган хуқуқ фаоли Комилжон Ашуровга кўра, Солижон Абдураҳмонов ўзига қўйилган барча айбловларни инкор қилган.

“Солижон ака жуда яхши гапирдилар. 2001 йилдан бери ўзига бўлган тазйиқларни айтди. Америка овози¸ Озодлик радиоларига мухбир бўлиб ишлаганликлари ва ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланаëтганликлари кимларгадир ëқмаëтганлигини ҳам айтдилар. Бу менинг интернетда чиқаëтган мақолаларимга ва фаоллигимга нисбатан провакациядир¸ деб ҳам қўшимча қилдилар”.

Адвокат Баҳром Абдураҳмоновга кўра, судда қатнашаётган гувоҳларнинг айримларининг кўрсатмалари Солижон Абдураҳмонов фойдасига бўлган.

“Автомашинани таъмирлашга ëрдам берган автослесар кўрсатма берди. У Солижоннинг унга мурожаат қилганлигини¸ автомашинани таъмирлашда ëрдам берганини¸ карбюраторини тузатиб берганини айтди. Солижон тушликка кетган пайтида машинанинг калитини ташлаб кетганини ҳам тан олди. Бундан шу келиб чиқадики¸ агар ҳақиқатан машинани ичида наркотик модда бўлганида ва буни Солижон билганида эди¸ у калитни ташлаб кетмас эди. Мана шундан ҳам унинг наркотик моддага ҳеч қандай алоқаси йўлиги келиб чиқади”.

Адвокат Рустам Тўлаганов эса маҳкама жараёнида бир қатор қонунбузилишлар ҳам кузатилаётганлигини айтади.

“Суд бошланишидан олдин нимагадир гувоҳлар судяни олдида бўлиб туришибди. Биз эса кейин кираяпмиз. Гувоҳлар билан ана шундан кейин сўроқ олиб борилаяпти”.

Қорақалпоғистонда ўтказилаётган икки ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов ва Солижон Абдураҳмоновларнинг маҳкама жараёнларини бевосита кузатаётган мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова¸ икки ҳуқуқ фаоли ҳам уюштирилган жиноят қурбонига айланганлигини айтади.

“Бу икки ишни битта ўхшаш томони бор: иккови ҳам уюштирилган. Аъзам Турғуновни судланишига айнан унинг ҳуқуқ ҳимояси борасида қилаëтган ишлари ва сиëсий фаоллиги сабаб бўлган бўлса¸ Солижон Абдураҳмоновнинг судланишига унинг журналистик фаолияти ва ҳуқуқ ҳимояси учун қилаëтган ишлари сабаб”.

Эслатиб ўтамиз, Солижон Абдураҳмонов Uznews.net интернет сайтининг Қорақалпоғистондаги мухбири бўлиб фаолият кўрсатаётганди. Шунингдек, у «Озодлик» ва «Америка овози» радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор ҳалқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Шу билан биргаликда Солижон Абудараҳмонов беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатаётганди.

118 кундан буён ҳибсда сақланаётган Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинган пайти унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган. Дастлаб у истеъмол қилиш учун наркотик сақлашда айбланган эди. Кейинчалик наркотик сотишга ҳаракат килганликда айбланди.

Ўзбекистон қонунларига кўра, Солижон Абударҳмонга қўйилган айбловлар учун ўн йилдан йигирма йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилади.
XS
SM
MD
LG