Линклар

АҚШ Сенати мамлакат молия тизимини қутқариш режасини мақуллади

  • Ҳасанжон

АҚШ Сенати чоршанба куни кечқурун мамлакат молия тизимини қутқариш ҳақидаги режани 74га 25та қарши овоз билан қабул қилди. Кўпчилик мазкур режанинг қабул қилиниши АҚШнинг кредит тизими ва банк соҳасини фожиадан сақлаб қолади деган фикрда.

Тузатишлар киритилганидан сўнг Сенат қабул қилган режада бизнес ва ўрта табақага мансуб бўлган фуқароларга 110 миллиард доллар ҳажмида солиқ имтиёзлари бериш назарда тутилган. Одамлар саросима билан банклардан пулларини чиқариб олмаслиги учун режада АҚШ ҳукумати кафолатлайдиган пул миқдори 100 минг доллардан 250 минг доллар қилиб белгиланган. Шунингдек, ҳужжатда истеъфога чиққан ёки ишдан ҳайдалган компания раҳбарларига катта миқдорда товон пули тўлаш ҳам таъқиқланган.
Овоз бериш жараёни тугаганидан кейин Сенатдаги кўпчилик лидери демократ Харри Рейд АҚШ иқтисодиётида юз берган энг оғир иқтисодий муаммони икки партия вакиллари биргаликда ҳал қилишга бел боғлаганларини айтди: (Овоз: НС100204) “Бу ҳар томонлама нуқсонлардан ҳоли бўлган қонун лойиҳаси эмас. Буни ҳаммамиз биламиз. Аммо бу бизга тақдим этилган кўринишидан анча яхшидир. Биз бир ёқадан бош чиқариб ишлаганимиз учун ҳужжат яхши кўринишда бўлди. Бу Демократлар ишлаб чиққан қонун лойиҳаси эмас. Бу Республикачилар ишлаб чиққан қонун лойиҳаси ҳам эмас. Бу биз бирга ишлаб чиққан қонун лойиҳаси” – деди сенатор Хенри Рейд.
Озчилик лидери республикачи сенатор Мич Мак Коннел мухбирларга қутқариш режасининг Сенат аъзолари томонидан қабул қилингани АҚШ иқтисодиёти бўҳронга юз тутишига қонун чиқарувчилар йўл қўймаслигини дунёга намойиш қилганини айтди: (Овоз: НС100205) “Бу мамлакатимиз учун муҳим воқеа. Биз бундан ғурурланишимиз керак. Бу мавжуд муаммони буткул ҳал қилмайди. Аммо у Америка иқтисодиётини қайта асли изи солишимизга туртки бўлади” – деди сенатор Мак Коннел.
АҚШ президети лавозимига номзод бўлган республикачи Жон Мак Кейн ва демократ Барак Обама ҳам ҳукумат кўраётган чораларни қўллаб-қувватлаган. Сенатдаги овоз бериш жараёнида иштирок этиш учун Обама ва Мак Кейн сайлов кампаниясини тўхтатиб 1 октябр куни Вашингтонга қайтди.
АҚШ молия тизимини қутқариш бўйича ҳукумат таклиф қилган режа душанба куни Конгресснинг Намояндалар палатаси аъзолари томонидан қайта овозга қўйилади.
Мамлакат молия тизимини қутқариш ҳақидаги режа Сенат томонидан тасдиқлаганидан кейин Европа ва Осиё биржаларида кўрсаткичлар ижобий томонга ўзгара бошлади. Намояндалар палатасидаги демократлар лидери Стени Хойер АҚШ молия тизимини қутқариш ҳақидаги Сенат қабул қилган режа 3 октябр куни Намояндалар палатасида қайта овозга қўйилишини айтди. Мазкур режа қабул қилиниши учун унинг тарафдорлари душанба кундагидан 12та кўп овоз олиши керак бўлади. Намояндалар палатасида тасдиқланганидан кейин қонун кучига эга бўлиши учун режа имзолаш учун президент Жорж Бушга тақдим этилади.
XS
SM
MD
LG