Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:44

Германия полицияси "Исломий жиҳод иттифоқи" йигитларини қидирмоқда


Ўтган ойда Германия полицияси Кёльн шаҳрида террор ҳаракатларини амалга оширишни режалаштирган ва Исломий жиҳод иттифоқи гуруҳига аъзоликда гумон қилинган икки йигит қидирилаётганини эълон қилди.

Ўзбекистонлик экстермистлар ташкил қилгани айтилаётган Исломий жиҳод иттифоқи немис хавфсизлик хизматларининг диққатига биринчи марта тушаётгани йўқ. Бундан бир йил аввал айни гуруҳга аъзоликда айбланган уч киши ҳибсга олинган ва анча шов-шувга сабаб бўлган эди. Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ажраб чиққани ва Ал-Қайдага яқин алоқаси борлиги айтилган бу гуруҳ, АҚШ Давлат Департаменти ва БМТнинг террор ташкилотлари рўйхатига қўшилган. Бироқ террорчилик бўйича мустақил таҳлилчилар, номи биринчи марта 2004 йил Тошкент портлашларидан кейин чиққан мазкур ташкилотни Ўзбекистон махсус хизматлари яратган, деган тахминларни айтиб келади.
Ўтган ҳафта Германиянинг ВДР телеканалида эфирга берилган ҳужжатли фильм ҳам Исломий Жиҳод иттифоқининг “ҳақиқийлигини” шубҳа остига олди.
Германиянинг ВДР телеканали тайёрлаган репортаж “Зауерланддаги гуруҳни ким бошқарган эди?” деб номланади. Унда юқорида айтилганидек, Исломий жиҳод иттифоқи ҳақида гап боради.
“Зауерланд гуруҳи”, деганда репортаж муаллифлари, ўтган йилнинг сентябрида Зауерланд минтақасида фош этилган гуруҳни назарда тутади. Ўшанда Германиядаги АҚШ ва Ўзбекистонга тегишли иншоотларни нишонга олишни мақсад қилгани айтилган фитнанинг фош этилиши, анча шов-шувга сабаб бўлган эди.
Германия федерал прокурори Моника Хармс, асосан сунний мусулмонлардан ташкил топган Исломий жиҳод иттифоқи гуруҳи Ўзбекистонда ташкил этилгани, лекин Европа, жумладан Гурманияда ҳам аъзолари борлигини таъкидлаган эди.

Лекин 2004 йил Тошкент портлашларидан кейин матбуотда биринчи марта тилга олиниб, бир неча йил ҳеч қаерда эсланмаган Исломий Жиҳод иттифоқининг Германияда бирданига пайдо бўлиб, йирик қўпорувчилик ҳаракатини тайёрлай олишига кўпчилик таҳлилчилар шубҳа билдирган эди.
Ўшандан бери бу гуруҳнинг номи яна бир неча марта жаҳон хабар агентликлари сарлавҳаларида эсланди. Шу йилнинг июн ойида БМТ бу гуруҳни Нажмиддин Жалолов ва Суҳайл Бўронов исмли Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилганини тан олди, ундан кейин эса, АҚШ Молия вазирлиги бу гуруҳга алоқаси бўлган барча ҳисоб рақамларни музлатиш ҳақидаги қарорни эълон қилди.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер мавжудлиги мустақил манбалардан тасдиқланмаган гуруҳни террорчи ташкилот деб тан олиниши ортидаги сабабларни бундай изоҳлаган эди.
“Агар бу қарор сабабларига чуқурроқ қаралса, унинг АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида бошланган янги ҳамкорлик, шунингдек НАТО , хусусан АҚШ қўшинларининг Ўзбекистондаги иншоотлардан фойдаланишига кенгроқ имкон берилгани билан боғлиқлигини кўрасиз. Бу Вашингтон ва Тошкент ўртасида бораëтган савдолашув жараëнининг навбатдаги маҳсули”, деган эди Брюс Панниер 18 июн куни.
Шу пайтгача Исломий жиҳод иттифоқи таҳлилчилар томонидан “арвоҳ” ташкилот, деб тахмин этиб келинган бўлса, ўтган ҳафта немис телеканалида берилган репортажда бу гуруҳнинг келиб чиқиши ҳақида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Икром Ёқубов гапириб берди.
Ўтган ойда Озодлик радиосига эксклюзив интервью берганидан кейин Британиядан бошпана сўраган МХХ собиқ ходими билан яна боғландик.
“Исломий жиҳод деган гуруҳ ўзи қаерда ва қачон пайдо бўлди деган саволга жавбо бериш керакда. Ўшанда бу масалани моҳияти ойдинлашади. Исломий жиҳод деган ташкилотни Тошкентдаги 2004 йилги портлашлардан кейин пайдо бўлди. Гўëки қандайдир исломий жиҳод деган ташкилот Ўзбекистонда портлашларни уюштирди деган баëнот билан чиқди. Лекин бу баëнот ҳеч қачон ўз тасдиғини топмади. Энг шубҳали жиҳати шундаки, бу Исломий жиҳод деган ташкилотни Ўзбекистонда вужудга келгани ва Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажралиб чиққан деган фикрни илгари сурилиши. Бу жуда шубҳали нарса. Негаки, Ўзбекистон республикаси жамиятида, аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман, бирор-бир исломий радикал ташкилотни бўлишини ҳеч қанақасига иложи йўқ. Чунки жамиятни ҳар бир қатлами МХХ томонидан тўлиқ ва тотал равишда назорат қилинади”.
МХХ собиқ майори Ёқубов, неимс телеканалига берган суҳбатида, 2004 йил Тошкент портлашлари Исломий жиҳод ёки бошқа бир экстремист гуруҳи эмас, ўзи ишлаган махсус хизмат томонидан уюштирилганини таъкидлайди. Озодлик билан суҳбатда, Ёқубов бу фикрга ўзи ўтказган текширув асос бўлганини айтади.
“Мен у пайтларда махсус хизматларда эдим. Тошкентдаги портлашлар ҳукумат билдираëтган фикрларга мос келмаган эди. Мен у пайтда ëлғиз эмас эдим. Бир киши билан бирга ўзимизча таҳлил қилиб кўрган эдик. Ўша вақтда шундай хулосага келган эдикки, бу мени шахсий фикрим, бу МХХни ўзларини ўта профессионал деб ҳисоблайдиган ходимлари яратган навбатдаги тузилмасидир”.
Исломий жиҳод иттифоқининг Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ажраб чиққанига оид иддаоларга келсак, бу иддаони инкор қилувчи далиллар бор ва керак бўлганда уларни ошкор қиламан, деб қўшимча қилади Ўзбекистон МХХси собиқ майори Ёқубов.
“Тоҳир Йўлдошдан ажралиб чиққан бир исломий гуруҳ деб гапираяпсиз. Мен Тоҳир Йўлдошни Каримов ва МХХ билан ҳамкорлик қилишда очиқчасига айблаганимдан кейин Тоҳир Йўлдошдан ҳақиқатда ажралиб чиққан бир гуруҳдан менга мактуб келди. Уларни вакиллари билан мен учрашганман. Мен буни очиқча айтаман. Улар мени фикрларимни тасдиқлашган. Ўртамизда савол-жавоб бўлганда мен Исломий жиҳод ташкилоти ҳақида сўраганимда улар “Ҳеч қанақа ундай ташкилот йўқ. Биз эшитмаганмиз ва кўрмаганмиз” деб айтишди. Яна бир бор такрорлайман, бу одамлар олдин Ўзбекистон исломий ҳаракати билан бирга фаолият юритган. Кейинчалик Тоҳир Йўлдошни асл ниятини ва кимга хизмат қилаëтганини билгандан кейин жуда бир катта гуруҳ ундан ажраб чиқиб кетган”.
Миллий хавфсизлик хизмати собиқ майори Икром Ёқубов ва террорчилик бўйича экспертлар, Исломий Жиҳод иттифоқи Ўзбекистон махсус хизматлари кашфиёти деган фикрларни илгари сураётган бўлсада, Германия хавфсизлик идоралари бу гуруҳга аъзоликда гумон қилинаётган икки кишини қидирмоқда.
Сўз сўнггида мулоҳаза учун яна бир маълумот: ўтган ойда Германиядаги Штерн журнали 2007 йилнинг сентябрида Зауерланд минтақасида фош этилган Исломий жиҳодчиларга портловчи мосламалар етказиб берган шахс АҚШ Маркази разведка бошқармасининг Туркиядаги жосусларидан бири бўлганига оид мақолани эълон қилди.
XS
SM
MD
LG