Линклар

logo-print

Ватанпарварлик учун алоҳида фан муҳимми?

  • Сарвар Усмон

Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар Турсуновнинг "Ўзбекистон овози" газетасига берган интервьюси мана шу фикр атрофига қурилган. Газетанинг 30 сентябрь сонида босилган суҳбатида пойтахт имоми¸ ёшларни мустақиллик берган неъматлар учун миннатдор бўлишга чақирган. 1 октябрь куни эса ўзбекистонлик ўқитувчилар ўзларининг касб байрамини нишонлади. Имом айтаётган миннатдорлик руҳини ёшларга сингдиришни мана 17 йилдирки¸ ўзбекистонлик ўқитувчилардан талаб қилаяптилар.

Ўзбекистонлик қатор ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, шуни тушундикки, мустақиллик тушунчаси Ўзбекистонда бир санамга айлантирилган, агар ўша тушунча конкрет нарса бўлганида¸ мамлакат бўйлаб марҳум Туркманбошининг ҳайкалидек ҳайкаллар кўпайиб кетган бўлур эди.

Тошкентдаги лицейлардан бири ўқитувчисининг айтишича, мустақиллик ғоясини ёшлар онггига сингдиришга хизмат қилувчи аввалги Миллий истиқлол ғояси, Маънавият ва маърифат, Ватан туйғуси, деб аталувчи дарслар ёнига яқинда яна бир предмет қўшилди.

“Президентнинг “Маънавият – енгилмас куч” деган охирги асари бўйича ноябр ойини охиригача махсус курс қўшилди. Бу ўша китоб бўйича 3 ой давомида ўқиладиган махсус курс. Буни 100 фоиз ҳамма курс ўқияпти”.

Мактабларда ҳам бор лицейдагидай дарслар. Масалан, Ватан туйғуси, деган дарс, дейди андижонлик мактаб ўқитувчиси.

“Ватан туйғуси алоҳида фан қилиб киритилган. Худди математика¸ она тили дегандай”.

Андижонлик бошқа бир ўқитувчининг айтишича, бир-бирини тўлдирувчи ва такрорловчи бундай дарслардан мақсад ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдир.

Лекин тошкентлик лицей ўқитувчисидан эшитганимиз мана бу гаплардан кейин, ёшлар ҳам, уларнинг ватанпарварлиги ҳам асл мақсад эмасдек кўринади.

“Институтдан кейинги курсда ҳам дейлик аспирантлар ва докторантлар бундан алоҳида дарс ўтишади ва алоҳида имтиҳон топширади. Бу ҳимояга чиқиш учун энг муҳим фан ҳисобланади”.

Тасаввур қилинг, соч-соқолига оқ тушган докторантдан қурт-қумурсқалар ҳаётидан ёзгани диссертациясини ёқлаётган пайтда сўрашаяпти: Сиз юртбошимизнинг "Маънавият енгилмас куч", деган китобини ўқиганмисиз? Маънавиятнинг қумурсқа илмига нима алоқаси бор?!

Демак, бу жойда ватанпарварлик тарбияси тўғрисида гапириш ортиқчага ўхшаб турибди. Ахир, ёши 50ка яқинлашиб қолган докторантни тарбиялаш тўғрисида гапириш кулгили эмасми?!

Умуман, Ўзбекистонда ватанпарварлик тарбияси давлат раҳбариники, деб нисбат бериладиган битикларни ўрганиш атрофига қурилиб келмоқда.

“Ҳамиша Ўзбекистон президенти янги бир асар ëзмасин¸ иссиғида¸ ҳатто унинг қилган маърузаларини махсус курс қилиб ўқитилган ҳолатлари бўлган. Бу университетларда ўқиб юрган пайтларимда ҳам бўлган”.

Бирликчи, муҳожиратда яшаётган Акбаржон Орипов ҳам 30 йиллик ўқитувчилик стажига эга. Ватанпарварликни тарбиялаш воситаси сифатида ўқитилаётган китоблар тўғрисида гапирар экан, у мана бундай деди.

“Президентни доҳий сифатида кўрсатиш учун¸ қолаверса жамиятни ҳам мана шунақа йўл билан ўзига бўйсундирган ҳолатда ушлаб туриш учун қилинаяпти. Бу ерда бошқа нарса йўқ. Бу нарсаларни фанда берилган мазмунига ëки унинг манбаларига қарайдиган бўлсак¸ ҳеч нарса йўқ. Икки пулга қиммат нарсалар”.

Озгинагина инсоф қилган одам Акбар Орипов бу гапни мухолифатчи бўлгани учунгина айтмаётганини тан олса керак.

Ленину Сталин, Хрушчеву Брежневларни бир четга суриб деярли бугунги гапни – Туркманбошини, унинг Қуръони Каримга тенглаштирилган Руҳномасини эсланг.

Муаллиф ўлди, Руҳномаям ўлди.

Ёш авлодни ватанпарвар қилиб тарбиялаш керак, албатта. Фақат бошқа усуллар билан¸ дейди тошкентлик ўқитувчи.

“Ватанпарварлик бўйича маълум бир система ишлаб чиқилиб¸ фақатгина бугунги ҳукуматга бўйсунадиган таълимот эмас¸ умуминсоний ва демократик тамойиллларга асосланган реалроқ нарса ишлаб чиқилса¸ мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин”.

Мақоламиз, мантиқан, мана шу жойда якунига етди. Бироқ тошкентлик ўқитувчи қиз совет даврига бир саëҳат қилдики, уни ҳам эшитиб қўйсак.

“Мен совет даврини сўнгги пионерларидан бириман. Хотирамда қолгани мактаб фанларида бунақа алоҳида фан йўқ эдию¸ фақат ўша Ленин ҳақидаги қўшиқларни айтиб¸ ошхонага кириб¸ сут ичиб¸ ширин кулча еб чиқар эдик. Болага шу ҳақиқатан бир стакан сут орқали кирар эди. Бугун мустақиллик ғояси сингдирилар экан¸ ҳамм гап бир стакан сутни йўқлигида. Шунинг учун ҳам¸ худди қумга сув сепсангиз сингиб кетгандай¸ болаларга Милиий истиқлол ғоясини ўқитиш ҳам бесамар холос. Ҳозир бу йўналишга болалар қизиқмайди. Кўнгилга тегиш деган гап борку¸ худди шунга ўхшаган”.
XS
SM
MD
LG