Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:29

Ҳукумат газетаси пахта теримига болалар жалб қилинганини тан олди


http://gdb.rferl.org/CA8F7553-4FCB-43AC-B3AF-76ED68DD1D8C_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/CA8F7553-4FCB-43AC-B3AF-76ED68DD1D8C_mw800_mh600.jpg Ўзбекистон ҳукумати пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланишини тан олган кўринади. Жиззах вилоят ҳокимлигига қарашли “Жиззах овози” газетасида эълон қилинган мақолада 10-11 ёшли қизалоқлар ҳам пахта тераётгани ҳақида ёзилади. Халқаро жамоатчилик Ўзбекистонда пахта теримига болаларнинг жалб қилинишини қулдорлик билан қиёслайди.

Айни кунларда Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз иқтисодиёт коллежи талаба ёшлари¸ вилоятнинг Муборак туманидаги Қарлоқ қишлоғида пахта теримида қатнашмоқда. Уларнинг қандай шароитда пахта тераётгани билан танишган одам мамлакат пахта далаларида ҳашарчиларга яратилган шароитнинг қай аҳволда эканлигига гувоҳ бўлиши мумкин. Суҳбатдошимиз талаба йигит шароитнинг ёмонлиги боис пахта даласидан қочиб келган.

“Бизларни яшаëтган жойимиз молхона. Кўрпа тўшаб ерга ëтдик. Таги бетон. Захлаб кетган. Шароит йўқ. Сувдан балчиқ ҳиди келади. Сувини ичган кўп киши касал бўлди. Қуруқ макаронни сувга қайнатиб бераяпти ҳар куни. Гўшт йўқ. Битта буханка нон тўртта болага бўлиб берилади. Бунга ким тўяди? Ўқитувчилар теринглар деб мажбур қилишар эди. Овқати тўйимсиз ва суви ëмон бўлганлиги учун кўпчилик қатори мен ўзим ҳам қочиб келдим”.

Чарчаш, очлик, соғликка зарар бу каби ҳолатлар пахта термидаги ҳашарчи болалар учун бегона эмас. Хоразмлик бу болалар Ўзбекистоннинг ўтган йилги 4 миллион тонналик пахта хирмонига ҳисса қўшган.

“Уришади¸ уришишади. Пахта териш менга ëқмайди. Эрталаб соат 8да борамиз ва тушдан кейин соат 5 да пахтани ўлчашади. Қўлларимиз қавариб кетади. Ғўзапоя узун бўлса¸ япроқлари кўзимизга киради. Қўлларимизни қирилиши ëқмайди. Оëқларимиз ҳам шилиниб кетади”.


Жорий йилда хукумат пахта теримида болалар меҳнатини таъқиқлаш борасида кўплаб уринишлар қилди. Йил давомида “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”даги қонун кучга кирди. Шунингдек, Ўзбекистонда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди.

Ўтган ойда эса Вазирлар Маҳкамасининг болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича махсус қарори эълон қилинди.

Лекин айни кунларда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида мактаб ўқувчиларини пахта далаларида учратасиз.

Юқорида тилга олинган «Жиззах овози” газетасида эълон қилинган мақолада ҳам болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолати қайд қилинади.

Мақолада 10 ва 11 ёшли қизалоқлар ҳам пахта теримида қатнашаётгани ҳақида ёзилади. Бу ҳақда хабар қилган “Исёнкор” интернет нашри “Ҳокимият газетаси пахта теримидаги болалар мехнатини тан олдими?” дея ёзади.

Жиззах халқ таълими мутасаддилари Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам пахта теримига болалар жалб қилинганини тан олди.

“Биздаги пахтачилик ҳудудларига 9¸ 10¸ 11 синфлар чиқишаяпти. Улар уйларидан қатнаб теришаяпти. Жойларда мен норма қандай белгиланганини билмайман. Ëш болалар кучи етганча теришади. Эрталаб чиқишади¸ тушликни фермер даласида қилиб кечқурун уйларига қайтишади”¸ дейди Жиззах халқ таълими мутасаддиси.

Пахта теримида болалар кучидан фойдаланиш қулдорлик билан қиёсланиб, дунёдаги айрим нуфузли ишлаб чиқариш ташкилотлари ўзбек пахтасига бойкот ҳам эълон қилишди. Британиядаги "Tesco" ва "Marks & Spenсer", “Continental Clothing” ширкатлари Ўзбекистон пахтасини сотиб олишдан воз кечдилар. Яқинда эса Америкадаги “Wall-Mart” номли энг йирик улгуржи савдо дўкони ҳам ўзбек пахтасини бойкот қилганлар қаторига қўшилди.

Бу кетишда болалар қўл кучи эвазига ўзбек пахтасини етиштириш Ўзбекистонга қимматга тушиши мумкин. Ўзбек пахтасининг тахминан 60 фоизи экспорт қилишга мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG