Линклар

Тошкентдаги дизайн ва мода ҳафталигига Хулио Игласиас келади


Каримова хоним уюштирадиган мода кечаларининг доимий меҳмонларидан бири россиялик дизайнер Вячеслав Зайцев.

Каримова хоним уюштирадиган мода кечаларининг доимий меҳмонларидан бири россиялик дизайнер Вячеслав Зайцев.

Ўзбекистонда Дизайн ва мода ҳафталига тайёргарлик ишлари бошланди. 12 октябрь куни расман очилиши кутилаётган бу ҳафталик Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова томонидан уюштирилмоқда. Хабарларга қараганда, бу ҳафталикда жаҳон санъати ва модаси юлдузларининг иштирок этиши кутилмоқда. Айни пайтда мода саноати хом ашёси ҳисобланган пахта далаларида эса навбатдаги фожеалар сожир бўлаётир.

Дизайн ва мода ҳафталиги ташкилий қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, жаҳон эстрадаси юлдузи Хулио Игласиас Тошкентда, бошқа бир юлдуз Род Стюард эса Самарқанддаги тадбирларда иштирок этадилар.

Ташкилий қўмита жаҳон юлдузларига таклиф қилинган хизмат ҳақи тўғрисидаги маълумотларни ошкор этмади. Бироқ, Хулио Игласиаснинг Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри биносида берадиган концертига билетлар камида 50 минг сўм атрофида сотилишини айтиб ўтдилар.

Дизайн ва мода ҳафталиги ташкилотчилари нафақат эстрада юлдузлари, балки жаҳон модаси карчалонлари учун ҳам пулни аямаганлар.

“Хориждан жуда кўп дизайнерлар келишади. Япониядан, Австриядан, Буюк Британиядан ва бошқа кўплаб давлатлардан корчалонларни таклиф этганмиз. Уларнинг энг машҳурлари Япониялик Такада Кензо, “авангард қироличаси” Юлия Далякян, рус модаси юлдузи Алена Ахмадуллиналардир. Бундан ташқари¸ мода саноатининг машҳурлари бўлган яна 20 нафар дизайнер бу йилги ҳафталикда қатнашади”, деди ташкилотчилардан бири Малика Сайдуллина.

Унга кўра, Тошкентда бундай дабдабали маросининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги имиджи ва кийим-кечак саноати ривожига катта ҳисса қўшади.

Дизайн ва мода ҳафталигига қизғин тайёргарлик кетаётган бир пайтда, кийим-кечак саноати ва дизайнерлар учун хомашё вазифасини ўтовчи пахта далаларида ҳам ҳосил учун қизғин кураш кетмоқда. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов куни кеча¸ пахта 50 минг сўм сарфлаб Хулио Иглесиас концертига кира олмайдиган оддий ўзбек деҳқонини бойитувчи ягона восита эканини¸ фермерларга қайта-қайта уқтирди.

“Энг катта ҳосил берадиган¸ энг катта даромад берадиган¸ энг катта фойда берадиган деҳқонни 100 фоиз ҳаëтини фарово қиладиган мақсад учун бизлар шу пахтани ўстираяпмиз”¸ деди президент.

Айни пайтда пахта далаларига кийим-кечак дизайнерлари ижодининг қалбакилаштирилган нусхалари асосий харидорлари бўлмиш талаба ёшлар ҳам жалб қилинган. Ахир пахта қанча кўп бўлса, мато ҳам шунча кўп ва хилма-хил бўладида. Бу эса ҳар йили Тошкентга келиб ўзбек пахтасидан тўқилган матолардан турли фасонларни яратувчи дизайнерларнинг ош-нони... Бироқ, қизиққон талабаларнинг пахта далаларидаги жанги фақат ҳосил учун бўлмаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатган хабарга кўра, Қашқадарё вилояти Миришкор тумани¸ Чаманзор қишлоғидаги Ибодов фермер хўжалиги дала шийпонида Яккабоғ иқтисод коллежининг уч нафар талабаси бир бирларини пичоқлаб қўйганлар. Бу ҳақда талабалардан бири мана буларни айтди.

“Учта бола бўлган. Шуҳрат деган бола бўйин қисми томонга пичоқ тортган. Ҳозир аҳволи жуда оғир. Тез ëрдам келиб олиб кетди”.

Озодлик: Жанжал нимадан чиқибди?

“Биттаси биттасига сен шу ерда ëтасан деган. У бола эса “Йўқ мен тўрда ëтаман” деган. Кейин жанжал келиб чиққан”.

Озодлик: Болалар билан бирга пахтага чиққан коллеж ўқитувчилари алоҳида хонада ëтадими ëки болалар билан бирга ëтадими?

“Улар алоҳида хонада ëтишади”.

Озодлик: Пахта даласига чиққанингларда қанақа кўнгилсиз воқеалар кўп бўлади?

“Кўпинча жанжал ва уруш бўлади”.
XS
SM
MD
LG