Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:24

ЕИ санкцияларни бекор қилиши мумкин


http://gdb.rferl.org/8EE15870-53D1-4C4A-88F9-F2FC9CB77D2F_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/8EE15870-53D1-4C4A-88F9-F2FC9CB77D2F_mw800_mh600.jpg Европа Иттифоқи Ўзбекистонга жорий этган санкцияларини бутунлай бекор қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Франциянинг Европа Иттифоқидаги миссияси раҳбари муовини Диде Гонзалез таъкидлаган.

13 октябр куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда бўладиган учрашувида Ўзбекистонни муҳокама этишади ва музокаралар пайтида Ўзбекистонга 2005 йил содир этилган қонли қирғин туфайли киритилган санкциялар масаласи кўрилади. Европа Иттифоқи расмийларидан бирининг Озодлик мухбирига айтишича, қандай қарор бўлиши ҳақида олдидан айтиш эрта. Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқи санкцияларининг олиб ташланишига арзирлик каромат кўрсатгани йўқ дейишмоқда, ҳуқуқ ҳимоячилари.

Франциянинг Европа Иттифоқидаги миссияси раҳбари муовини Диде Гонзалез Варшава шаҳрида ўтаётган ЕХҲТ йиғилиши норасмий учрашувлардан бирида¸ ЕИ Ўзбекистонга жорий этган санкцияларини бутунлай бекор қилиш масаласини кўриб чиқмоқда деб айтган.

"Ўзбекистон ҳукумати бундай ҳаракат учун жуда таъсирчан эканига амин бўлдик. Тошкент билан мулоқотга эгамиз ва шу боис бу давлатга жорий этилган санкциялар бутунлай олиб ташланади деган тахмин бор", - деб айтган Диде Гонзалес.

13 октябр куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда бўладиган учрашувида Ўзбекистон масаласи муҳокама этилади ва музокаралар пайтида Ўзбекистонга 2005 йил содир этилган қонли қирғин туфайли киритилган санкциялар масаласи кўрилади. Европа Иттифоқи расмийларидан бирининг Озодлик мухбирига айтишича, Европанинг 27 давлатидан ташқи ишлар вазирлари қатнашадиган учрашувда қандай қарор бўлиши ҳақида олдидан айтиш эрта. Франциянинг Европа Иттифоқидаги миссияси вакили Диде Гозалезнинг таъкидича, марғилонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевага чиқиш визаси берилишини фақат олқишлаш керак. Уч ойдан бери Тожибоева рухсатнома йўқлиги боис¸ четга чиқа олмаётган эди.

"Ўзбекистондаги Франция элчихонасидан бизга маълум қилинишича, Тожибоева чиқиш визасини олган ва Германия ўзининг касалхоналаридан бирида уни тиббий кўрикдан ўтказишга розилик берган", - дея айтган Диде Гонзалес.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқи санкцияларининг олиб ташланишига арзирлик каромат кўрсатгани йўқ дейишмоқда, ҳуқуқ ҳимоячилари. Хьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Игор Воронцовнинг таъкидича, бир-икки ҳуқуқ ҳимоячисининг озод этилиши ва Тошкентда матбуот эркинлиги анжуманиннг ўтказилишидан вазият яхшиланяпти дейиш нотўғри.

"Биз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазиятнинг бундай талқин этилишига қаршимиз. Ўзбекистонда вазият талаб этилган барча соҳаларда ўзгаришсиз қолаётгани ҳақда биз ЕИ расмийларини бир неча марта огоҳлантирганмиз. Мўътабар Тожибоева ва Тошкентда ўтаётган матбуот эркинлиги семинарига келсак, бу айнан Тошкент ҳукуматининг санкциялар масаласи кўрилиши арафасида Европа Иттифоқи оғзини ёпиш учун қилинаётган ҳаракатлардир. Ўзбекистон бундай туҳфаларни айнан муҳим муҳокамалар арафасида қилиши бизга маълум. Лекин, биз бу ерда тизгин ўзгаришларни кузатмаймиз", - дейди Игор Воронцов.
Суди чўзиб келинаётган қорақолпоғистонлик журналист Солижон Абдураҳмонов ёки ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновларни Тошкент ҳукумати айнан муҳокамалар арафасида озод этар. Бундай ҳолатлар авваллари ҳам кузатилган. 2007 йил май ойида ҳуқуқ фаоли Умида Ниёзовани Тошкент суди айнан ЕИ муҳокамалари арафасида шартли жазо билан озодликка чиқарган эди. Лекин санкциялар қолдирилиши учун ЕИ талабларининг улкан бир қисми бажарилмаган, дейди Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева.

"Режим ҳисобига плюсларни қўшиб қўйиш учун қилинаётган бунақа ҳаракатлар жуда кўп кузатилган. Лекин булар туҳфа эмас, булар шунчаки баҳона. Жиной ишни ўйлаб топиб¸ икки ҳуқуқ ҳимоячисини олдин қамаб¸ кейин ўзини ЕИ талабини бажараётгандай кўрсатиб¸ уларни озод этса, буни нимаси туҳфа? Лекин сиёсий маҳбуслар сони камамаймаяпти, рўйхат фақат янгиланаяпти¸ холос. Аввалдан ўтирган сиёсий маҳбуслар эса ўтираверади. Ўзбекистонда сиёсий маҳбусларни савдо қилиш ҳукуматнинг сиёсий технологиясига айланган", - дейди Надежда Отаева.

Надежда Отаева ҳам Тошкентдаги матбуот эркинлиги анжумани хўжа кўрсин учун ўтказилаётган тадбир эканлигини айтади.

"Сўнгги ярим йил мобайнида Ўзбекистонда қанчадан қанча инсон ҳуқуқлари бўйича анжуман ва йиғинлар ўтказилди. Булар режимга кўпрок плюс беради, лекин вазият ўзгармайди", - дейди Надежда Отаева.

Айни пайтда Хьюман Райтс Уотч ташкилоти Европа Иттифоқини Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни бекор қилмасликка чақирмоқда. Ташкилот вакили Игор Воронцовнинг айтишича, ЕИ бу чақириқларга қарамай санкцияларни бекор қилиши мумкин деган хавотирда.

"Бу ерда Ўзбекистон масаласи кўрилганда айнан инсон ҳуқуқлари ҳал қилувчи омил бўлади дейиш қийин. Биз Ўзбекистонда аслида нима бўлаётгани ҳақида ЕИдаги ҳамкорларимизни огоҳ этяпмиз. Биз халқаро муносабатлардан хабардор бўлган ҳолда¸ ЕИ қандай қарор бериши ҳақида олдиндан айта олмаймиз", - дейди Игор Воронцов.

Андижон ва унинг қурбонларига келсак, Европа Иттифоқи учун юзлаб инсонларни ҳаётдан олиб кетган ушбу қонли қирғин, қоғозлар ва бюрократик чалкашликлар остига кўмилаётгандек. Холбуки¸ Европа Иттифоқи санцияларни 2005 йил 13 май куни Андижонда содир этилган ҳукумат қирғини ортидан киритган ва дастлабки талаб Андижон воқеалари тергов этилиши бўлган. Бу талаб бажарилмади. Кейинчалик Европа муҳокамаларида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаши ва сиёсий маҳбуслар озод этилиши талаб этилди. Инсон ҳуқуқлари фаоллари вазият Ўзбекистонда ўзгаришсиз қолаётганини айтишмоқда.

“Охирги пайтда тергов давомида Аъзам Турғуновни устига сув қуйиб юборилганлиги ëки Юсуф Жумага нисбатан қийноқларни давом этаëтганлиги¸ ҳали ҳам мактабнинг 7¸ 8¸ 9 синф ўқувчиларини пахта теримига чиқарилаëтганлиги¸ тергов давомида 6¸ 7¸ 10 яшар болаларга ҳам қийноқлар бўлаëтганлигидан кўриниб турибдики¸ Ўзбекистон ҳукуатига нисбатан санкцияларни ЕИ бекор қилмаслиги керак”¸ дейди Ирландиядаги Фронт лайн ташкилоти билан ҳамкорлик қилаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдужалил Бойматов.

Лекин Европа Иттифоқи ўз қадриятларига зид тарзда иқтисодий ва геосиёсий манфаатларни демократик қадриятлардан устун қўйган тарзда санкцияларни бекор қилади деган ишончда ҳуқуқ ҳимоячилари.
XS
SM
MD
LG