Линклар

logo-print

Вице президентликка номзодлар дебат ўтказди


АҚШ вице президентлигига номзодлар республикачи Сара Пэйлин ва демократ Жо Байден ўртасида телевизион дебат ўтказилди.

Бир ярим соат давом этган дебат иштирокчилари АҚШ молия тизимидаги инқироз, ички ва ташқи сиёсат ҳамда бир қатор муҳим масалаларга тўхталди.

Сара Пэйлин АҚШ президентлигига номзод демократ Барак Обаманинг Ироқдаги америкалик ҳарбийлар сонини қисқартириш режаси ҳамда Эрон раҳбарияти билан музокаралар ўтказиши мумкинлиги борасидаги чиқишларини кескин танқид қилди.

Демократ Жо Байден эса сенатор Жон Маккейнни АҚШ иқтисоди юзланаётган муаммога жиддий ёндашмаётганликда айблади. Шунингдек, Жо Байден Жон Маккейн қарашлари АҚШнинг амалдаги президенти Жорж Буш юритаётган сиёсатдан фарқ қилмаслигини таъкидлади.

“Маккейннинг Афғонистонга оид сиёсати Жорж Буш сиёсатидан фарқ қилишини эшитганим йўқ. Покистон масаласида ҳам Маккейн қарашлари президент қарашларидан фарқ қилади, деб эшитганим йўқ. Бу қарашларда фарқ бўлиши мумкин, бироқ шу пайтгача ҳеч қандай ўзгариш рўй бергани йўқ ҳамда мазкур сиёсат бизни қаерга олиб келганини ҳозир ҳамма кўриб турибди. Мен ва Барак Обама мамлакатимизга улкан ўзгаришлар олиб келиб, АҚШни обрўли давлатлар сафига қайтарамиз”,- деди Жо Байден.
XS
SM
MD
LG