Линклар

Тўлқин Қораев: “Каримов режими билан муросага келишилдими, демак кураш бўлмайди”

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов

“Ўзбекистонда муроса ва қайтиш даври бошландими?” деб номланган бугунги эшиттиришимизда Бишкек студиясидаги ҳамкоримиз Меҳрибон орқали мустақил сиëсатшунос, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев, “Бирдамлик” ҳаракати фаоли Ëдгор Турлибеков, исми айтилишини ҳоҳламаган ва айни пайтда Бишкекда сиëсий қочқинлик мақомини кутаëтган опа-сингиллар, шунингдек 1993 йилдан бери муҳожиратда яшаб келаëтган “Бирлик” халқ ҳаракати етакчиларидан бири Алибой Йўляхшиев, диссидент шоир Ëдгор Обид, Канадада яшаëтган сиëсий қочқин Холдор Вулқон, мустақил журналист Тўлқин Қораев, “Бирлик” МК аъзоси Анвар Усмон, “Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти раҳбари Надежда Отаева, АҚШда истиқомат қилаëтган ва сўнгги дақиқаларда Ўзбекистонга қайтишдан воз кечган андижонлик қочқин Абдуманноб, Европада истиқомат қилаëтган андижонлик қочқин Абдусалом ака, “Лондон ташаббус гуруҳи” раҳбари Шоҳида Ëқуб ва собиқ сиëсий маҳбус, яқиндагина Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг мукофотига лойиқ кўрилган инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниëзова иштирок этади.

1 октябр куни Озодлик радиоси электрон почта қутисига ўзини “Миллий яраш ижроия қўмитаси” деб таништирган ташкилотнинг ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига йўлланган мактуби нусхаси келиб тушди. “Ислом Каримов ҳазрати олийлари” деб бошланадиган ушбу мактубда дунëнинг турли мамлакатларида яшаëтган ўзбекистонликлар Тошкент раҳбарини сиëсий қочқинларнинг ихтиëрий равишда ватанга қайтиши борасида сиëсий ирода кўрсатишга даъват қилганлар. Бу мактубга Алибой Йўляхшиев ва Ахтам Эшмоновлар қўл қўйишган. Айни пайтда бу ташкилот номидан гапириш ҳуқуқи Алибой Йўляхшиев ва Холдор Вулқон чекига тушган. Алибой ака қисқа ва лўнда қилиб айтиб берсангиз. Ўзбекистонга неча киши қайтаяпти? 100 киши қатаяпти деган гапни айтибсизлар. Шу гап ростми?

Алибой Йўляхшиев: Мен Холдор Вулқонни эшитмаяпман.

Холдор Вулқон: Алибой ака мен шу ердаман.

Алибой Йўляхшиев: Биз қайтаëтганларнинг сони масаласини ҳеч қаерда тилга олмадик. Буни ҳозир айтмоқчи эмасмиз лекин юзлаб оила деган гапимиз бор. Бунинг ҳеч ҳам хато жойи йўқ. Ҳақиқатан ҳам шундай оилалар ҳозир Ўзбекистонга қайтмоқчи. Буларни ичида иқтисодий фактор туфайли чиққанлар ҳам, сиëсий қочқин сифатида чиққанлар ҳам бор. Мактубда кўрсатилган шартлар доирасида қайтишга рози бўлган кишилар бор.

Озодлик: Алибой ака, ватанга қайтиш иштиëқи нега айнан бугун пайдо бўлди?

Алибой Йўляхшиев: Айтайлик бу ҳам тасодиф ëки бирор мақсадни кўзлаб тутилган нарса эмас. Бу масала бугун чиққани йўқ. Кўпдан бери айтиб келинаяпти. Менинг Ўзбекистондан чиққанимга 15 йил бўлди. Сиëсий муҳожирларнинг Ўзбекистондан чиқиши 1992 йилдан бошланган. Мана шу ўтган 15, 16 йил ичида ҳар хил йўлларда жуда кўп ҳаракатлар бўлди ва ҳаракатларимизнинг натижаси самарасиз бўлди. Ўзбекистонда аҳволни ўзгартириш ҳаракатларининг йўллари изланди. Шу йўлларнинг бири мана бугун бир қанча сиëсий муҳожирларнинг фикри ўлароқ ўртага чиқди. Биз шу фиркни хат шаклида ифода қилдик.

Озодлик: Холдор Вулқон сиз қўшимча қиласизми? Алибой Йўляхшиевни мамлакатдан чиққанига 15 йил бўлди. Сиз бу борада ҳали янгисиз. Мана яқиндагина Бишкекдан Канадага келдингиз.

Холдор Вулқон: Ассалому алайкум ëппасига. Мен ўз сўзимни устозимиз ўзбек халқининг буюк шоири Шавкат Раҳмонни бир байти билан бошласам.
Нақадар бахтсиздир, нақадар гулдур,
Ягона қўшиғи бўлмаган халқлар.
Ҳақиқатан ҳам ақлли миллатларни бундай қарасангиз халқ манфаати йўлида ҳамиша ҳамжиҳат. Уларга мени ҳавасим келади.

Озодлик: Холдор ака муддаога ўтсак. Нега қайтмоқчисиз?

Холдор Вулқон: шунга бораяпман. Сиз эшитиб туринг. Уларни президентлари ҳам танқидга тоқатли. Айтайлик мухолифчиларини қамаса ҳам ўлдириб юбормайди. Ҳаммани мухолифи ичкарида. Бизни мухолифат бўлса ини бузилган ари сингари тўзиб ташқарида юрибди. Ҳатто Лукашенко ҳам ўзининг мухолифи Казулинни қамоқдан чиқарди. Ҳатто Зимбабве диктатори Роберт Мугабе ҳам мухолифат билан муроса қилди.

Озодлик: Холдор ака ўзимизни Мугабеларга қайтсангиз. Вақтимиз озроқ. Гап кўп, кўмир оз.

Холдор Вулқон: Гап кўп, умр оз. Ўша Роберт Мугабедан Каримовни нима кам жойи бор? Ëки дейлик Назарбоевдан, Бакиевдан? Мана қирғизларни мухолифати ичкарида юрибди. Нимага бизники ташқарида юрибди? Бир муроса қилса бўлмайдими деган савол туғиладими ëки йўқми? Айтайлик Тожикистонда миллий муроса амалга оширилдию! Нимага бизда буни имконияти йўқ? Мен Алибой Йўляхшиевни жуда яхши биламан. Мана бу генерал Эшмонов ҳақида унча-мунча эшитганман. Лекин у одам билан мени муносабатим йўқ. Домла менга ўша хатни матнини жўнатди. Бу матн ҳали мухолифатни муҳокамасига қўйилиши, тўлдирилиши ва кўп фикрлар билан бойитилиши керак. мен уни муҳокамага муҳтож, ҳали тўлиқ ва пишиқ бўлмаган матн деб биламан. Мен ҳали унга имзо чекканим йўқ. Каримовга жаноби олийлари деб ëзилган хатга мен ҳали имзо чекканим йўқ. Мени мақсадим уларникидан бошқачароқ.

Озодлик: Ўзбекистонга қайтмоқчимисиз?

Холдор Вулқон: Меники бунақа қайтиш эмасда. Мен жиддий шаклда қараганманда. БМТ Ўзбекистонда ўзининг муваққат кузатувчилик ваколатхонасини очса, ана ундан кейин бу нарса ўзининг жиддий шакл-шамойилига эга бўларди. Бу йўсинда ватанга қайтиш менимча жиддий нарса эмас. Бу ҳужжат менга ҳозир тўғри келмайди. Мен ўйлаган ғоя бошқа.

Меҳрибон: Бугун бизни Бишкек студиямизга йиғилганларни тўрт нафари ҳам сиëсий қочқин мақомини олиш истагида бўлганлар. Бугунги суҳбатимизни Тошпўлат ака сиз бошлаб берсангиз. Мана юқорида Алибой Йўляхшиев юзлаб оилалар қайтмоқчи деган гапни айтди. Сиз нима дейсиз?

Тошпўлат Йўлдошев: Ëзган мақолаларимдан ташқари яна ўзимни хизматимни таклиф этганман.

Меҳрибон: Демак сиз ҳам муроса йўлини танлагансиз.

Тошпўлат Йўлдошев: Ҳа танлаганман. Мен шунчалик ҳаракат қилдим лекин булар мени имкониятларимдан, билимимдан, тажрибамдан фойдаланиш ўрнига орқамдан 20 талаб, 30 талаб қўриқчини пойлашга, мени компютерларимни бузиб, ичидаги нарсаларни олишга қўйишди. Мендан ватанпарвар сифатида хизматимдан фойдаланишни ўйлашмасдан мени таъқиб қила бошлашди. Охири шу нарса охирги нуқтасига боргандан кейин мен ўз юртимни, севган ватанимни, уйимни, дўстларимни ташлаб кетишга мажбур бўлдим.

Меҳрибон: Тошпўлат ака сиз бугунги ўзбек ҳукумати мухолифат билан, эркин фикрли шахслар билан муросага келмайди демоқчисиз.

Тошпўлат Йўлдошев: Мен энди ўшани бирор белгисини кўраëтганим йўқда. Мана Алибой ака айтдилар, Холдор ака ҳам бир ярашиш йўлларини қидираяпти. Мен масалан шунча пайтгача қидириб келдим лекин топа олмадим. Балки буларни бир йўли бордир. Агар шу амалга ошадиган бўлса, биз бугуноқ зудлик билан ватанимизга қайтишга тайëрмиз.

Меҳрибон: Демак қайтишга тайëрсиз?

Тошпўлат Йўлдошев: Имкон бўлса тайëрмиз. Булар мана шунча илиқлик билан Каримовга мурожаат қилишибди. Буларни шартларини, энди шартлари ҳам кўп экан, бирортасини агар Каримов бажарадиган бўлса, биз ҳам қайтишга тайëрмиз.

Меҳрибон: Ëдгор ака мана сиз яқинда АҚШдан сиëсий бошпана олдингиз. Энди кетишга тайëргарлик кўраяпсиз. Бу борада сиз нима дейсиз?

Ëдгор Турлибеков: Мен айтадиган бўлсам агар Каримов муҳожиратдаги, мухолифатдаги одамларга ëн бериб, ўртада ишончли ваъдани берадиган бўлса, мен эрта-индин АҚШга кетиш ўрнига шу ерда изимга қайтиб ватанимга боришни истайман. Истар эдим. Мен ўзимни эмас бутун ўзбек халқини, муҳожиратдагиларни, мухолифатдагиларни, мардикорларни ҳаммасини қочқинларга тенглаштирсам улар бу ердан шундай хавф бўлганлиги учун чиқиб кетишган. Буларни ҳаммасини юзлаб эмас минглаб оила деса бўлади. Бу халқимизга Каримов томонидан енгил қараш, енгиллик қилиш, умрида биринчи марта енгиллик қилаëтгани бўларди. Мен афсуски ачиниб шуни гапираман, Каримовни 17 йиллик даврини кўриб ва Қашқадарëда обкомлик қилган 4 йиллик даврини ҳам таҳлил қилиб шу қарорга келганманки, шу Каримов ҳокимият тепасида турар экан ундан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди ва чиққан ҳам эмас. Мен бунга 100 фоиз ишонаман.

Меҳрибон: Ўзбек ҳукумати мухолифат ва эркин фикрли шахслар билан муросага келишга тайëрми?

Ëдгор Турлибеков: Мен ҳеч қачон ижобий нарсани Каримовдан кутмайман. Гап тамом вассалом.

Озодлик: Шоҳида Ëқуб мана турли фикрларни эшитдик. Бу ташаббусга сизни муносабатингиз қандай?

Шоҳида Ëқуб: Авваламбор хорижда ўтирган мухолифатдан ҳеч қанақа фойда йўқ. Алибой аканинг гапида ҳам жон бор. Чунки мана 10, 12, 15 йилдан бери хориждамиз лекин мамлакат ичида ҳеч қанақа силжиш йўқ. Бунақа мухолифатдан ҳеч қачон ҳеч қанақа фойда бўлмайди. Мухолифат бўлсанг, мамлакат ичида курашишинг керак. Тошпўлат ака тўғри айтди, бу режим билан ҳеч қанақа муросага бориб бўлмайди. Чунки бу режимни муросага келиш нияти йўқ ва бўлмайди ҳам. Бу ерда яна Тожикистон ва Зимбабве мисоллари келтирилди. Бу икки мисолда ташқаридан босим жуда катта бўлган. Шунинг учун ҳам улар муроса йўлини танлашган. Ўзбекситон мисолида агар АҚШданми, ЕИданми, Россияданми босим бўлмаса, ҳеч қанақа муроса бўлмайди. Бу режимга муросадан нима фойда? Ҳеч қанақа фойдаси йўқ. Агар фойдаси бўлмаса, бу режим ҳеч қанақа муросага бормайди.

Озодлик: Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб дейишади. Мана Умида Ниëзова Бишкекдан Ўзбекистонга қайтиб боришни амалга оширган. Сиз бу борада нима дейсиз?

Умида Ниëзова: Сиëсий фаол бўлган инсонлар бугун Ўзбекистонга қайтса, бу жуда яхши нарса. Лекин қайтиш борасида иккита йўл бор. Масалан қайтиб бориб маҳалла кўйда тинч юриб, яшаса бўлади ва бунақа қайтиб боришда унақа хавф йўқдир. Лекин қайтиб, сиëсий фаол бўлиб ишламоқчи бўлган одамларга Ўзбекистонда ҳозирги кунда, ҳозирги вазиятда ҳеч қанақа жой йўқ.

Озодлик: Қайтиш борасида таклифлар ҳар кимга ҳар хил келаëтгани ҳам маълум. Шунингдек Анвар Усмоновга ҳам қайтиш таклифи бўлган экан. Биз Анвар аканинг муроса ташаббусига муносабатини ўргандик.

Анвар Усмон: Мени фикрим шу: Офарин Каримов командаси. Яна бир марта офарин. Бу Каримовни ўйини деб тушунаяпман. Мен сизга айтай. Мени олдимга бир-иккита одам келган. “Анвар энди қайтсангиз ҳаммаси жойида бўлади. Уйингиз ҳам қайтиб берилади” деду. Биласиз мени уйимни майнавозчилик билан биттаси олди.

Озодлик: Анвар ака сизни олдингизга ким келган эди?

Анвар Усмон: Битта турист келди. Кейин билсам бу турист қуда томондан экан. Мен ҳозир туризмда ишлаяпманку. Шу турист орқали мен билан гаплашиб, ҳаммасини тўғирлаб берамиз дейишди. Бунақаси ҳам бўлиб туради. Бу нарса ҳозир Каримов командасига жуда ҳам керак. “Мана мухолифатдан бир-иккита одам қайтди” деб кейин жар солишади. 99та одам дегани бу ëлғон. Йўляхшиев Бирликдан умуман чиқиб қолди. Мен ўйлайманки Каримов командасидан одамлар келиб “Уни қиламиз, шароит қилиб берамиз, жой берамиз” деб айтган. Сиз фақат шуни ëзиб олинг ва қайтинг. Гапни очиғи кўп ўзбеклар ғарбни кўтара олмайди. Бу ерда ҳаëт бошқача. Бундан Каримов командаси яхши фойдаланаяпти. Мана андижонликларни ярми АҚШдан қайтди. Нимага қайтди? Америка буларга ëқмади. У ерда бошқа ҳаëт.

Озодлик: Энди бу ерда инсоний факторлар ҳам борку. Мана Алибой акани ëши 70га борди. Кўряптики кўпчилик ватан ташқарисида ўлиб кетаяпти. Ўлигим чет элда қолиб кетмасин деган инсоний туйғу ҳам бордир? Балки бу нарса уларни ўзларини ичидан чиққандир?

Анвар Усмон: Бу гапингизда жон бор. Ҳақиқатан қари одамлар шунақа ўйлайди. Мана мен Мюнхенда яшаяпман. Бу ерда яшаëтган эски туркистонликлар ҳам “Ўлимни ватанда кўрайлик” деб кўп айтган. Лекин кўплари бормаган. Мен айтаман: Сиз мухолифатга тушдингиз. Бу оғир йўл. Агар шу йўлга тушсангиз охиригача шу йўл билан боринг.

Озодлик: Энди “Ўзбекистон фақатгина Каримовни эмас, бизни ҳам ватанимиз” деган гап ҳам борку. Тандирни ташқарисида бўлгандан ичкарисида бўлган яхшику. Шу нуқтаи назардан бунда бир хайрли ишорат йўқми?

Анвар Усмон: Гапингиз тўғри. Лекин бу ерда чегараси бор. Йўляхшиев билан Ахтам бу чегарадан ўтган. Нима учун? Худди бошқа мухолифатчига ўхшаб Каримов билан муросага боришди. Каримов билан ҳеч қанақа муросага бориш мумкин эмас. Каримов тулки, иккиюзламачи. Унга ишонч йўқ. Мен умуман хафа бўлиб кетдим ҳозир. Менга телефон қилиб “Эй акалар хафа бўлсангиз ҳам, бўлмасангиз ҳам шу. Ўзбекистонга мени кўнглим тортаяпти. Яшай олмаяпман” деб айтишса мен буни тушунаман. Лекин баëнотни кўтариб 99 одам, ноинсоф, қанақа 99 одам. Мен айтаяпманку бу майнавозчилик.

Озодлик: Алибой ака Анвар акани гапларига сизни муносабатингиз борми? Анвар ака сизни ташаббусингизни ҳукумат тарафидан ташаббуслантирилган деяпти.

Алибой Йўляхшиев: Мен ҳақиқатан 70га кирдим. Қаридим. Лекин мени қарилик ҳиссиëти, мурдам ватан тупроғида қолсин деган ҳиссиëт уйғотган эмас. Бу биринчидан. Иккинчидан мен Каримовни одамлари билан мана шу гапимни айтаëтган пайтимгача ҳеч қачон сўзлашмаганман. Мен 1993 йилда мамлакатдан чиқиб кетаëтганда ҳам “Мени турмага ташланглар. Турмада сиëсий муҳожир учун керакли шаоритлар яратиладиган бўлса, мен турмада ўтираман” деганман. Бу гапни бугун ҳам айтишим мумкин. Бу хатда ëзилган гаплар менинг чет элдаги ҳаëтимнинг хулосаси. Агар биз ҳақиқатан ҳам ярашиш деган гапни ўртага қўяëтган бўлсак, сўзимизни саломдан бошлаймиз. Мен бир гапни айтишим мумкин ва шу гапим билан мақтанишим мумкин. Мухолифат ичида Каримовни мендан яхши биладиган одам йўқ. Мен Каримов билан ҳеч қачон суҳбатлашмаганман. Лекин унинг қанақа инсон эканлигини ва қанақа раҳбар эканлигини мен ҳаммаларингдан яхши биламан.

Озодлик: Демак сиз Каримовга муроса қўлини чўзаяпсиз. Биз шу ўринда Ëдгор Обидга мурожаат қилсак. Муроса қўлини чўзилишида яхшилик аломати борми?

Ëдгор Обид: Муроса қўлини чўзиш ëмон нарса эмас. Лекин бу кимга қўлни чўзишга ва ким билан муроса қилишга боғлиқ. Масалан мен бугунги жиноятчи ҳукумат билан муросага боришга ëки унга қўл узатишга ҳаракат қила олмаган бўлардим. Чунки бу ҳукумат ҳақиқатан жиноятчи. Умуман давлат бошлиқлари орасида бирорта муроса қилиш мумкин бўлган одамни ëки оқимни кўрмаяпман. Биласизми, зулмга қарши курашни ҳамма усуллари ҳалол. Ким қайси усулни танласа ўша йўл билан боради. Йўляхшиев бошчилигида 100 киши, дарвоқе Йўляхшиев илгаридан Ўзбекистонга бемалол бориб келиб юрарди, бундан хабаримиз бор, бошқа бир бошлиқни мен яхши эслай олмаяпман. Балки буларда шундай бир имконият бордир. Агар шундай имкониятлари бўлса ва бундан фойдаланмоқчи бўлишса, марҳамат фойдаланишсин. Лекин ҳукумат ўзига мухолифат деб биладиган одамларни Ўзбекистонга қайтиши ўзига ўт қўйиши билан баробар. Мен буни маслаҳат қилмаган бўлардим. Чунки президент Каримовни қасоскорлик феъли бор. Бу илгаридан маълум нарса. Ҳар ким ўзи танлаган кураш усулини қўллаб кўрсин. Мен бунга албатта қарши эмасман.

Озодлик: Балки бундан ҳам хайрли бир аломат чиқиб қолар деган фикрдасиза Ëдгор ака?

Ëдгор Обид: Шунақа фикрдаман лекин бу ерда сиз ишлатган балки деган сўз бор. Шу балки деган сўз мени ҳам юрагимда бор. Шунақа муносабат ўрнатишга, муроса қилишга интилиш бор экан демак буни қандайдир замири бўлиши керак. Жаҳон ташкилотларини кафолатлари Ўзбекистонда бир пулга айланиб қолади. Мен бунга аминман. Бундан ташқари мен қандай қилиб муроса қилишим мумкин? Масалан Пўлат Охунов муроса қилиб кўрди. Бу ҳаммани кўз ўнгида аниқ факт. Бўлмади. Охири ўз оиласига қандайдир йўллар билан қайтиб келишга мажбур бўлди. Бу шунга ўхшаган нарса. Булар агар муроса йўлини топса, ҳукумат томонга муносабатни юмшатишга, муроса қилишга мажбур бўлади. Масалан мен бундай муроса йўлига кирмаган бўлар эдим. Бу одамни бироз ўйлантириб қўядиган нарса. Албатта ҳаммамиз умид билан яшаймиз. Албатта ватан бизники. Бу Каримовни ватани эмас.

Озодлик: Бишкек студиясидагилар сизларда қандайдир фикрлар борми? Йўляхшиевни ташаббусини олдиндан ўлик туғилган чақалоқ дейишаяпти. Лекин Алибой акани гапларида жон бордир? Муроса йўлини излаш керакдир?

Опа-сингилларни каттаси: Мени ҳеч ҳам қайтиш ниятим йўқ. Агар бизга имкониятлар яратиб беришса, қайтишимиз мумкин. Бизга тазйиқлар бўлмаса, бемалол юрсак. Мана Каримов бир вақтлар “Ваҳҳобийларни, акромийларни кечираман. Уларга кенг йўл бераман” деган. Улар қайтиб келгандан кейин уларга нисбатан тазйиқлар кучайиб кетган. Ҳатто битта-иккиталари қамоқни афзал кўришди. Мен яхшиликни натижасини кўрмаганман. Мана бу ерда ҳам қийналиб юрибмиз.

Меҳрибон: Тазйиқлар қилинмаслигига сизни кўзингиз етадими?

Опа-сингилларни каттаси: Йўқ. Мен буни Ўзбекистонда яшаб билдим. Каримовни яхшилик тарафларини билмайман.

Меҳрибон: Демак сиз қайтмайсиз?

Опа-сингилларни каттаси: Энди нима қиламиз. Европа ҳаëтига кўникишга тўғри келади. Ўзимизни Ўзбекистонимиз минг марта яхши. Ҳамма ҳам ўзини ватанида яшашни ҳоҳлайдику.

Озодлик: Алибой ака сизни мана шу опа-сингилларга айтадиган гапингиз борми? Сизни 15 йиллик ғурбатдаги тажрибангиз бор.

Алибой Йўляхшиев: Мен бу опа-сингилларга биринчидан яхшиликлар тилайман. Байрам кунлари ҳайит билан табриклайман. Сизлар қўяëтган қадамни нотўғри деб айта олмайман. Тўғри Ўзбекистонда бугун шароит ëмон. Лкеин шу шароитни яхшилаш йўлларини излаяпмиз. Шу яхши йўлларнинг бирини биз таклиф қилаяпмиз. Лекин биз ҳозир Ўзбекистондан чиқиб кетаëтган одамларга “Тўхтанглар. Мана биз келишув программаси қилаяпмиз” деб айтмаймиз. Биз буни айтганимиз ҳам йўқ. Биз хатимизда “Биз ҳеч нарсани эсимиздан чиқарганимиз йўқ. Ҳеч нарсани эсимиздан чиқармоқчи эмасмиз. Лекин келинг, ана шу ўтган гапларни йиғиштириб қўйиб, яна бир гаплашиб кўрайлик. Бошқа йўл йўқмикин? Муомала қилиб яшаш мумкин эмасмикин?” деган фикрга келдик. Бу бир-икки кишининг фикри эмас. Ҳақиқатан ҳам биз бир нечта кишиларни фикрини хатга туширишга журъат қилдик. Сизлар Ўзбекистон билан келишув бўлар экан, ҳозирча ҳеч қаерга кетмай туришимиз керак экан деган хулосага келманглар. Сизлар нимани фойдали деб кўраëтган бўлсаларингиз шундай. Келажакда Ўзбекистондан чиқиб кетганлар, сиëсий муносабат биланми, иқтисодий муносабат биланми, ватанга қайтиши керак ва ҳукумат бу қайтишни ташкил қилиши керак деган хулосага келганмиз. Ҳукумат ҳам ақлини йиғиб олиши керак. Сиëсий матонат кўрсатиши керак. Биз шу матонат юзага чиқар экан деган фикрдан жуда узоқмиз. Биз ҳам балки деяпмиз. Яхши таклифдан яхши хулосалар чиқармикин деган ниятдамиз.

Озодлик: Қочган ҳам, қувган ҳам Худо дейди. Алибой ака сизларни бу ташаббусларингиздан олдин ҳам бир қанча ташаббуслар бўлган. Ўша пайтдаги адлия вазири Мардиев АҚШга келиб мухолифат билан учрашган. Муроса йўлларини излаган. Ундан кейин Айдаҳо штатидан андижонликлар орқага қайтиб кетди. Ўша гуруҳни орасидан Абдуманноб қайтмасдан қолиб кетди. Биз у кишига нега қайтмадингиз, деган савол билан мурожаат қилдик.

Абдуманноб: Бу ерда энди ҳақиқатда демократия деган нарса бор экан. Бу ерда ҳақиқий демократияни ва ҳаëтни бошқача кўрганимиз учун қолдик.

Озодлик: Иқтисодий жиҳатдан қийналгани учун кетишди деган гаплар ҳам бўлди. Сизни ойлигингиз етяптими?

Абдуманноб: Худога шукур унақа қийинчилик йўқ. Лекин барибир ватан соғинчи бор.

Озодлик: Қайтиб борганлар билан гаплашдингизми? Улар қайтиб боришганидан розими?

Абдуманноб: Кимлардир рози, кимлардир норози. Баъзи-баъзида телефонлашиб турамиз.

Озодлик: Америкада қолсак бўларкан деганлари орасида борми?

Абдуманноб: Ҳа бу гапни ҳаммаси гапиради.

Озодлик: Кетаëтганларга нима маслаҳат берган бўлардингиз?

Абдуманноб: Энди душманни қўлига тушгандан кўра, тушмаганинг яхши деган гап бор. У ëққа бориб нима бўлиши мумкин? Ҳаëтим у ëқда яхши бўлади деб мен ўйламайман. Кетаëтганларни ҳаммаси калласини ишлатиши керак. Кўриб туриб ўзини-ўзи ўтга тиқишлик яхши эмас. Шу ерда Худо сенга осмонингни том қилиб, ерингни покиза қилиб бердими бўлди. Ҳамма ëойга шукур қилиш керак. Кетишлик бу ношукурлик, ўзини-ўзи ўтга тиқишлик.

Тошпўлат Йўлдошев: Муроса имкониятини мана Пўлат Охун мисолида айтишди. Пўлат Охун таваккалчилик билан мамлакатга келди. Раҳбарлар билан учрашишга ҳаракат қилди. Сиëсий қочқинлар қайтиб келсин деб ўзини ҳаракатларини қилди. Лекин шу 1,5 йил ичида уй қамоғидан чиқа олгани ҳам йўқ. Катта қийинчиликларга дучор бўлиб қайтиб кетишга мажбур бўлди. мен ўйлайманки ҳозирги раҳбарлар билан умуман гаплашиб бўлмайди. Алибой Йўляхшиевни кўпгина талаблари бор экан. Бу талабларни 20 фоиз эмас, 10 фоизига ҳам жавоб келмайди. Мана ҳозир Бишкекдаман. Агар эртага имконият бжўлдиган бўлса, мен нима қиламан бошқа мамлакатларда дарбадар бўлиб? Албатта ўзимни ватанимга қайтаман. Қайтишга ҳаммамиз тайëрмиз. Лекин ҳозирги ҳукумат билан хусусан Ислом Каримов билан ҳеч қанақа келишиш имконияти йўқ. У келишадиган одам эмас. Шу пайтгача фуқаролари билан келиши у ëқда турсин, ëн қўшни мамлакатлари билан келиша олган одам эмас. Ким қайтадиган бўлса, менимча ўзини қийинчиликка солиб қўяди. Алибой ака агар ташаббус билан чиққан бўлса, келинг юзлаб оила эмас, 20та оилани олиб бориб кўрсинлар. Кўрайлик. Агар яхши бўлса, бу кишини орқаларидан биз ҳам қайтамиз.

Озодлик: Тошпўлат ака қочқинлик мақомини олиш анча жиддий ва харажатли жараëн эканлигини биласиз. Қайтиб кетиладиган бўлса, шунча харажатни нима кераги бор деган гапни бизга Надежда Отаева айтди.

Надежда Отаева: Бу жуда ҳам провакацион бўлиб кўринмоқда. Олдин қочқинлик мақомини сўраб, кейин қайтиб кетиш ҳаракатида юрган одамларни ҳаммасини хронологиясига назар ташлайдиган бўлсак, мен айтаманки, бундай инсонлар оддий қилиб айтганда янги жамиятга ўзлари ҳоҳлагандай киришиб кета олмаганлардир. Бу кўпроқ иқтисодий қийинчиликлар ва ўз характери билан боғлиқ. Бунда ҳеч қандай ватанга жон куйдириш ҳиссиëти, жонни қурбон қилишга арзийдиган ғоялари йўқ. Булар оддий омадсиз инсонлар. Бундай пайтда одамлар халқаро ташкилотлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлишади холос. Биз ўзимизда масъулият ҳис қилишимиз ва ўзларимиз мурожаат қилаëтган ташкилотларни мақсад ва вазифаларини билишимиз керак. Ҳозир қайтмоқчи бўлиб турган одамларга Сталин даврида пароходда қайтган одамларни тақдири қандай тугаганини айтишимиз лозим. Бундан ҳукумат яхши фойдаланади ва мамлакатда яхши об-ҳаво ҳукмронлик қилаëтганини айтишади.

Холдор Вулқон: Мен примитив бир мисол келтираман. Дейлик Худо кўрсатмасин сизни оилангизда жанжал чиқиб, ўғилларингиз бир-бири билан муштлашиб, биттаси уйда қолсаю иккинчиси чиқиб бировни уйига бориб бошпана сўраб юрса. Бу яхши бўладими? Албатта ëмон. Оилангизни парокандалигидан кимга фойда? Сизгами, ë ўғилларингизгами? Балки оилангизга фойдадир. Бу парокандаликдан фақатгина сизни оилангизни кўра олмаëтган душмангагина фойда. Биз мана шуни унутмаслигимиз керак. бизни бу аҳволимиздан урушмай, аҳил яшаëтган бошқа қўшнилар кулади. Ачингани жуда кам бўлади. Шунинг учун тезда бу беманигарчиликни йиғиштириб, муроса йўлига ўтишимиз керак.

Озодлик: Қандай қилиб?

Холдор Вулқон: Мени ҳукуматни топшириғини бажараяпти дейиш мен учун жуда ҳақорат. Мен ҳеч қачон уларни оëғини яламаганман. Мен Йўляхшиев қилган ҳужжатга имзо ҳам чекканим йўқ. Халқимизни ўйламасдан Худо бизга осмонни том қилиб берибди, ерни покиза қилиб берибди деб ўзимизни қорнимизни ўйлаб юраверишимиз керакми? 17 йилдан бери одамларни бағри қон бўлиб кетди. Сиз айтгандай Ўзбекистон Каримовни ватани эмас. Мухолифат қайтса, биз ҳам бошқа давлатларга ўхшаб одамдай яшаймиз.

Озодлик: Мен шу саволлар билан Европадаги андижонлик қочқин Абдусалом акага ҳам мурожаат қилдим. Бу киши ҳам президентга мактуб йўллаганлардан бири. Ҳозир у кишини фикрларини эшитиб кўрсак.

Абдусалом ака: Муроса қилиб яшашлик яхши. Муросани ўзини қонун-қоидаси борку. Муроса қилди дегани оғиздаги сўзмасда.

Озодлик: Сиз ҳам анча мол-мулкингизни йўқотдингиз. Ўшаларни қайтариб берилишига кафолат бўлса...

Абдусалом ака: Шунинг учун ҳам ариза ëзганмизда. Агар шу нарсаларга кафолат бўлиб жавоб келса, биз ҳам қайтамиз.

Озодлик: Ариза ëзишдан олдин шунақа ариза ëзинглар деб кимдир сизларга маслаҳат бердими?

Абдусалом ака: Табиий, шу чиққан одамлар бир-бири билан маслаҳат қиладиган одамларку. Шундан келиб чиқаяптида.

Озодлик: Ўзбекистондан тарафдан маслаҳат келмадими?

Абдусалом ака: Йўқ.

Озодлик: Кетишни иштиëқ қилган сиëсий қочқинларга нима деган бўлардингиз?

Абдусалом ака: Энди улар ташқарида ўтказган шунча йиллик ҳаëтларидан ниманидир дарс қилиб олишди ўзларига. Уларнинг нимага суянаëтганини ўзлари билади. Қалбини тубида ëтган ҳақиқий кечинмаларига мен бир нарса дейишим қийин. Ҳар бир одамни нима мақсадда Ўзбекистонга кирмоқчилиги, нима мақсадда ариза ëзаëтганлиги ўзи ва Худони орасидаги иш.

Озодлик: Мусулмон учун ҳамма ер ҳам Худоникику.

Абдусалом ака: Гапингиз жуда тўғри. Барча жой Оллоҳни ери. Лекин мана сиз ҳам иш тугагандан кейин уйингизга бола-чақангизни олдига кетасизку. Ишхонангизда Худони ери деб қолмайсизку. Ишхонамда яшайвераман, Худо берган жой демайсизку. Худди шуна ўхшаб одамлар қўмсайди, туғилган жойи бор, она юрти бор. Қийналиб, дард чекаëтган ҳар бир инсон ўз жойини обод қилишни ҳоҳлайди. Еб-ичиб ëтган ва дард чекмаëтган инсон унақа нарсани ҳоҳламайди.

Озодлик: Биз нимага кечирим сўрашимиз керак, Каримов муроса қилиб бўламйдиган одам, бизни айбимиз нима деган гаплар ҳам бор. Бу иддаоларга нима дейсиз?

Абдусалом ака: Ҳар бир инсонни ўзини босиб ўтган ҳаëтидаги тушунчаси бор. Ўшандан келиб чиқиб қарайдида.

Озодлик: Энди Андижон воқеларидан кейин бир гуруҳ мустақил журналистлар ҳам Ўзбекистонни тарк этишди. Уларни кўпчилик қисми Швецияда истиқомат қилмоқда. Улар ҳаммаси бирлашиб Тўлқин Қораевга сўз ҳуқуқини беришди. У ҳам Алибой ака вакиллик қилаëтган “Миллий яраш ижроия қўмитаси” ташаббусига муносабат билдирди.

Тўлқин Қораев: Ватанга қайтиш кўпчилик қатори менинг ҳам орзуим. Мен ҳам ҳамма вақт шуни ўйлаб яшаяпман. Аммо ватанга мағлуб ҳолатда қайтишни ҳоҳламайман. Чунки турнани учиб кетганини ҳеч ким кўрмас экан, қайтиб келганини ҳамма кўрар экан. Қандай қилиб Ўзбекистон президентини шунча жиноятларидан сўнг, халққа нисбатан қўллаган геноциди, Андижондаги қирғинидан кейин ҳам ундан узр сўраб муросага келайлик дейиш бу билмасим қайси мантиққа тўғри келади. Лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Ватанга қайтишни мен ҳам ҳоҳлайман лекин бу аҳволда эмас.

Озодлик: Ватанни ичида ҳам курашиш мумкинку. Бу фақатгина Каримовни ватани эмаску.

Тўлқин Қораев: Жуда тўғри. Хориждан туриб ҳам кураш олиб бориш мумкин. Олиб боришаяпти ҳам. Ўзбекистон ичкарисида туриб фаолроқ кураш олиб бориш мумкин. Аммо Каримов режими билан муросага келишилдими, кураш бўлмайди. Чунки кириб бораëтганда режимни қўллаб-қувватламаса ҳам улардан жим туриш талаб қилинади. Референдум ўтказадими, сайлов ўтказадими жим туриш керак. Мана шундай бир вазият.

Озодлик: Тўлқинжон мана отангни ўлдирганга онангни бер, ўнг юзингга урганга чап юзингни тутиб бер дейди. Биз муросакор халқмизку. Юртдан чиқсак ҳам элдан чиқмаслик керак. Майли энди эгилган бошни қилич кесмайди дейишади.

Тўлқин Қораев: Мен “ЭРК” демократик партиясининг лидери бўлган Муҳаммад Солиҳнинг “Эгилган бошларни қилич кессин” деган фикрини жуда ҳам қўллаб-қувватлайман. Чунки мана бошни эга-эга мана шу ҳолатга келиб қолдик. Халқимиз дунëнинг мардикор бозорини тўлдирди. Қаерга борманг ўзбеклар бор. Улар энг паст, энг азобли ишларни қилишаяпти. Қизларимиз фоҳиша бўлиб кетаяпти. Бу аҳволда ватанга қайтишни мен тўғри деб ҳисобламайман. Чунки бу режим билан муросага келиб бўлмайди.

Алибой Йўляхшиев: Тўлқинжон сиз бир қизиқ гапларни гапирдингиз. Баъзи гапларингиз жуда маъқул. Ўзбекларнинг мардикорлиги, қизларнинг овора бўлиб юргани бу тўғри. Сиз бош эгиб кириш деган бир гапни гапираяпсиз. Бизнинг хатимизни агар ўқиган бўлсангиз ҳеч бир жойида бош эгиш ва кечирим сўраш деган гап йўқ.

Озодлик: Эски гиналарни унутайлик деган гап бор.

Алибой Йўляхшиев: Ҳа, эски гиналарни унутайлик деган гап бор. Бу сен ҳам унут, биз ҳам унутайлик, янги қиладиган ишларни келишайлик деган гап бўлади. Унутганимиз йўқ. Сенинг қилган ишларингни биз унутганимиз йўқ деяпмиз. Бунга ҳар биримиз жавобгармиз. Ўзбекистон ҳукумати қилган хатоларни биз ҳам қилдик. У ҳам, биз ҳам гуноҳимизга лойиқ жазо олишимиз керак. Бугун бир-биримизни қиличлаб ўлдирмайликда, ўтириб қиладиган ишларни келишайлик деяпмиз. Бу хатни қайта-қайта яхшилаб ўқиб чиқиш керакка ўхшаяпти. Тўлқинжонмени кечирингда мен бу гапни таъкидлаб қўймоқчиман.

Тошпўлат Йўлдошев: Агар Тошкентдан бир ишора келадиган бўлса, биз шу ишорани қунт билан ўрганишга ва чуқурга тушиб кетган мамлакатимизни кўтаришга, уни фаровонлигини оширишга, халқимизни ҳаëтини яхшилашга ўзимизни бор ҳиссамизни қўшамиз. Агар биз борадиган бўлсак, “Тавба қилгин. Мен бошқа танқид қилмайман. Қилган ишларимга пушаймонман” деб айттириб радио ва телевизорда чиқарадиган бўлса, биз албатта бормаймиз. Агар Алибой Йўляхшиев бирор йўлларини топган бўлсалар, бизга ўша йўлларни кўрсатиб берсинлар. Кўрайликчи бу йўл қандай экан. Агар яхши бўлса, изларидан борамиз.
XS
SM
MD
LG