Линклар

logo-print

АҚШ Конгресси молия тизимини қутқариш режасини маъқуллади

  • Ҳасанжон

АҚШ Конгресси спикери Нэнси Пелоси 28 сенябр куни матбуот конференцияси ўтказди.

АҚШ Конгресси спикери Нэнси Пелоси 28 сенябр куни матбуот конференцияси ўтказди.

АҚШ Намояндалар палатасининг 3 октябр кунги йиғилишида мамлакат иқтисодини инқироздан сақлаб қолиш мақсадида етакчи молия ташкилотларга 700 миллиард доллар маблағ бериш ҳақида ҳукумат ишлаб чиққан режани маъқуллади. Душанба кунги биринчи муҳокамада рад этилган мазкур режа жума куни 263га 171 қарши овоз билан қабул қилинди.

АҚШ ҳукумати ишлаб чиққан режа Намояндалар палатаси аъзолари томонидан қабул қилингани катта олқишлар билан кутиб олинди: “Ушбу таклифни ёқлаб 263 аъзо, унга қарши 171 аъзо овоз берди. Таклиф қабул қилинди. Монеълар йўқ. Демак бу таклиф қабул қилинди, деб ҳисоблансин” – деб эълон қилди Намояндалар палатаси вакили.
Тузатишлар киритилганидан сўнг Сенат ва Намояндалар палатаси қабул қилган режада бизнес ва ўрта табақага мансуб бўлган фуқароларга 110 миллиард доллар ҳажмида солиқ имтиёзлари бериш назарда тутилган. Одамлар саросима билан банклардан пулларини чиқариб олмаслиги учун режада АҚШ ҳукумати кафолатлайдиган пул миқдори 100 минг доллардан 250 минг доллар қилиб белгиланган. Шунингдек, ҳужжатда истеъфога чиққан ёки ишдан ҳайдалган компания раҳбарларига катта миқдорда товон пули тўлаш ҳам таъқиқланган.
Бу ҳужжат қонун кучига кириши учун уни АҚШ президенти Жорж Буш имзолаши керак.
Намояндалар палатаси қабул қилганидан кейин Буш ҳукумат ишлаб чиққан режа албатта қонун кучига киришини айтди: “Шу ҳафтадан айрим кишилар федерал ҳукумат бу муаммога қарши чора кўра олмаслиги мумкин, деган ҳаёлга борган дамлар ҳам бўлди. Аммо Конгресснинг иккала палатасидаги икки партия аъзоларининг саъй ҳаракати, шунингдек Конгресс ва менинг маъмуриятим ўртасидаги ҳамкорлик туфайли биз ушбу қонун лойиҳасини ўз вақтида қабул қилишга муваффақ бўлдик” – деди АҚШ президенти.
Жорж Буш қонун лойиҳаси тақдим этилганидан бир ҳафта ўтмай тезда қабул қилингани учун Конгресс аъзоларига миннатдорлик билдирди.
Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Бароззо АҚШ иқтисодини таназзулдан сақлаб қолишга қаратилган режа қабул қилинганини олқишлади.
Айни пайтда 4 октябр куни Парижда Европадаги етакчи давлатлар раҳбарларининг фавқулодда учрашуви бошланди. Йиғилишда глобал иқтисодий бўҳроннинг олдини олишга қарши қандай чоралар кўриш масаласи муҳокама этилиши режаланган. Британия, Италия, Германия раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи марказий банки раиси Жан Клод Тричет ҳамда Евро зонасига кирган давлатлар Марказий банклари раислари қатнашадиган йиғилишга Франция президенти Николя Саркози мезбонлик қилади. Расмийларга кўра, учрашувда Европанинг молия тизимини барқарорлаштириш учун кўрилажак чоралар муҳокама қилинади. Мутаҳассислар Европа Иттифоқи раҳбарлари иқтисодий бўҳронга қарши кураш чоралари хусусида якдил эмаслиги боис Париж учрашувида АҚШда қабул қилингани каби қутқариш режасининг ишлаб чиқилиши эҳтимолдан йироқ, деган фикрда.
Британия ва Германия раҳбарлари ўз солиқ тўловчиларидан тушган пулни Европа Иттифоқи учун сарфлаш истагида эмас. Бунинг ўрнига улар қайси мамлакатда бўҳронга учраган банклар бўлса, уларнинг масаласини алоҳида-алоҳида кўриб чиқишни таклиф қилган. Германия Европа Иттифоқининг 27 давлатида жиддий муаммога учраган молия ташкилотларини бўҳрондан қутқариш учун 416 миллиард долларлик фавқулодда жамғарма ташкил этишни кескин рад қилган.
XS
SM
MD
LG