Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:35

Ҳукумат болаларсиз пахтани йиғиштира олмайди


http://gdb.rferl.org/397DEA47-30A4-45AF-B977-3DEBCDD1E03D_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/397DEA47-30A4-45AF-B977-3DEBCDD1E03D_mw800_mh600.jpg “Ўзбекистонда 10-11 ёшли болалар ҳам пахта теримига жалб қилинди”, “Андижон вилоятида мактабларнинг ҳатто 4 синф ўқувчилари пахта теримига чиқарилди”, деб хабар қилади Uznews.net интернет нашри. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг Озодликка маълум қилишича, мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида 6 синф ва ундан юқори синф ўқувчилари пахта теришга мажбур қилинмоқда. Жорий йилда Расмий Тошкент пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланмасликка қарор қилган эди. Бироқ Ўзбекистон ҳукуматининг болалар ёрдамисиз пахта йиғиштириб олиши қийин кўринади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси мамлакатда пахта теримига мактаб ўқувчиларининг жалб қилиниш ҳолатлари бўйича мониторинг ўтказмоқда. Ташкилот раҳбари Елена Урлаевага кўра, Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида пахта теримига мактаб ўқувчилари жалб қилинган.

“Болалар пахта далаларида эксплуатация қилинмоқда. Бунга жуда кўплаб далиллар келтириш мумкин. Масалан, Наманган вилоятида 6 синф ва ундан юқори синф ўқувчилари, коллеж ва лицейлар талабалари пахта теримига жалб қилинган. Альянс ташкилотининг фаоллари мамлакатнинг барча ҳудудларида мониторинг ўтказиб, болалар пахта теришга мажбур қилинаётган ҳолатлари мавжудлиги аниқлади. Биздаги маълумотларга кўра, барча жойларда 6 синф ва ундан катта синф ўқувчилари пахта далаларига ҳайдалган. Бугуннинг ўзида Бухоро вилоятининг Когон туманида ва Қорақалпоғистоннинг барча туманларида болалар пахтага чиқарилгани ҳақида маълумот олдик”, дейди Елена Урлаева.

Елена Урлаева тилга олган ҳолатларни мамлакатдаги бошқа ҳуқуқ фаоллари ҳам тасдиқлашади.

Андижон вилоятида ўн минглаб олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ва лицейлар талабалари, бюджет идоралари ҳизматчилари, ўрта мактабларнинг катта синф ўқувчилари сафига, бир неча минглаган 4-5-6 синф ўқувчилари ҳам қўшилишди, деб хабар қилади Uznews.net интернет нашри.

Биз айни ҳолатни аниқлаш мақсадида Андижон вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилдик.

Озодлик: Ҳозир нечанчи синфлар пахтага чиқаяпти?

“Ҳамма мактабларни 7 синфидан тепалари пахтага чиқарилди”.

Озодлик: 4, 5, 6 синфлар ҳам чиқаяпти деган хабарлар олдик. Шу ростми?

“Йўқ бу ëлғон. Фақат 8, 9 баъзи мактабларда 7 синфлар ҳам чиқарилаяпти”.

Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси ходими 7 синф ўқувчилари ҳам пахта теримига жалб қилинганини тан олди. Шу ўринда жорий йилда хукумат пахта теримида болалар меҳнатини таъқиқлаш борасида кўплаб уринишлар қилганлигини эслаш ўринли бўлар. Йил давомида “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”даги қонун кучга кирди. Шунингдек, Ўзбекистонда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди.

Ўтган ойда эса Вазирлар Маҳкамасининг болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича махсус қарори эълон қилинди.

Хўш, нега болалар яна пахта далаларида эксплуатация қилинмоқда, деган савол пайдо бўлади. Бу саволни Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси ходимига ҳам бердик.

“Ҳеч қайси мактабда 1 синфдан 5 синфгача пахтага чиқарилгани йўқ. Ҳаммаси мактабда ўқияпти. Уларни чиқиши мумкин ëки мумкин эмаслигини вазирлар маҳкамаси ëки вилоят ҳокимлигидан қарор келсагина айтишимиз мумкин. Дейлик 7 синфларни пахтага олиб чиқиш бўйича ҳокимият тарафидан қарор келди. 3, 4 кунликда об-ҳаво қаттиқ совиб кетиши мумкин дейишаяпти. 7, 8 синфлар ҳам фақат 10 кунга пахтага чиқарилади дейилган. 10 кунни ичида йиғиштириб олинади ва улар яна ўқишга қайтишади”.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти раҳбари Надежда Отаевага кўра, Ўзбекистонда бундан кейин ҳам болаларни пахта теримга жалб қилиш давом этади.

Кейинги икки йил мобайнида ҳам бола меҳнатидан фойдаланиб, бу жараён ҳар қачонгидан кўра яширинроқ тарзда амалга оширилишини айтар экан Надежда Отаева бунинг сабабларига тўхталади.

“2000 йилда бир тонна пахта 1000-1200 доллар атрофида эди. Ҳозир эса биз биламизки, Ўзбекистон ҳукумати пахта таннархини тушириш сиёсатини юритмоқда. Бу сиёсатни эса болалар меҳнатидан фойдаланмасдан амалга ошириб бўлмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистонга халқаро конвенция талабларини ҳаётга тадбиқ этишни таъминлаш ишларига камида икки йиллик муддат керак бўлади”,- дейди Надежда Отаева.

Халқаро жамоатчилик Ўзбекистонда пахта теримига болаларнинг жалб қилинишини қулдорлик билан қиёслайди. Пахта теримида болалар кучидан фойдаланиш қулдорлик билан қиёсланиб, дунёдаги айрим нуфузли ишлаб чиқариш ташкилотлари ўзбек пахтасига бойкот ҳам эълон қилишди. Британиядаги "Tesco" ва "Marks & Spenсer", “Continental Clothing” ширкатлари ва Америкадаги “Wall-Mart” номли энг йирик улгуржи савдо дўкони Ўзбекистон пахтасини сотиб олишдан воз кечдилар.

Бу кетишда болалар қўл кучи эвазига ўзбек пахтасини етиштириш Ўзбекистонга қимматга тушиши мумкин. Ўзбек пахтасининг тахминан 60 фоизи экспорт қилишга мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG