Линклар

Люксембургда санкциялар тақдири мухокама этилади

  • Ҳурмат Бобожон

13 октябр куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Люксембургда бўладиган учрашувда Ўзбекистонни муҳокама этишади. Музокаралар пайтида Ўзбекистонга 2005 йил содир этилган қонли қирғин туфайли киритилган санкциялар масаласи кўрилади. Европа Иттифоқи расмийларидан бирининг "Озодлик" мухбирига айтишича, қандай қарор бўлиши ҳақида олдидан айтиш эрта.

Ўзбекистонга жорий этилган Европа Иттифоқи санкциялари муддати 13 октябр кун тугайди. Тошкент ҳукумати санкцияларининг олиб ташланишига арзирлик каромат кўрсатмаган ва мамлакатда инсон ҳуқуқлари ахволи ўзгаришсиз қолаётган бўлса ҳам санкцияларнинг бошқа узайтирилмасилиги эхтимолга кўпроқ яқин.

Европа Иттифоқи Андижондаги 2005 йил 13 май кунга оммавий қирғин ортидан Ўзбекистонга у ердаги режим халқни қатағон қилишда фойдаланиши мумкин бўлган қурол-аслаҳа сотишни ман этган ва қонли воқеаларга масъул деб кўрилган 12 ўзбек расмийсига Европа давлатларига виза тақиқи жорий этган эди.

Рўйхатга Ўзбекистоннинг собиқ ва амалдаги расмийлари, жумладан Ўзбекистон миллий хавфсилик ҳизмати раҳбари Рустам Иноятовнинг номи ҳам у ерда бор. Кейинчалик бу рўйхатдан айрим номлар олиб ташланди ва виза тақиқи жорий этилган ўзбек расмийлари сони саккизга қисқарди.

Ўтган йил октябридан Европа Иттифоқи айрим шартлар билан виза тақиқини вақтинча бекор этган, аммо қурол эмбаргосини кучда қолдирган эди. Агар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида ўсиш бўлмаса виза чеклови қайта тикланиши мумкинлиги билдирилганди.

Лекин Европа Иттифоқи ичкарисидаги кайфият виза чекловининг бошқа тикланмаслигидан дарак бермоқда. Айниқса Ўзбекистон билан яқин мулоқот тарафдори бўлиб келаётган Германия ўзбек расмийларига виза тақиқини бутунлай олиб ташлаш тарафдори.

Европа Иттифоқидаги дипломатлардан бирининг айтишича, Иттифоққа аъзо давлатларнинг аксар кўпчилиги Ўзбекистон билан мулоқот истаётир. "Ўзбекистон ҳукумати айрим ижобий қадамларни ташлади ва бу ижобий қадамлар тақдирланиши керак", - деб айтган европалик дипломат. Аммо, Европа Иттифоқига раислик қилаётган Франция ташқи ишлар вазирлиги расмийси санкциялар борасида қандай қарор бўлиши ҳақида бирон нарса дейишга эрта.

2005 йилда Европа Иттифоқи Ўзбекистонга санкцияларни жорий қиларкан, Тошкент ҳукуматига бу жазо чоралари бекор қилиниши учун Андижон қирғини юзасидан мустақил тергов ўтказиш ва мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш каби талабларни қўйган эди.

ЕИ ташқи ишлар вазирлари душанба куни Люксембургда бир орага келар эканлар Тошкент ҳукуматига жорий этилган санкциялар узайтирилмаслиги учун қандай сабабни келтирар экан? Балки, яқинда Тошкентда Европа Иттифоқи билан бирга ўтказилган матбуот эркинлиги анжумани санкциялар қолдирилиши учун сабаб сифатида келтирилар. Лекин, анжуманнинг қатнашчилари – Халқаро бўхронларни ўрганиш гуруҳи, Хьюман Райтс Уотч, Уруш ва тинчликни ёритиш институти, Халқаро амнистия, Очиқ жамият институти каби ташкилотлар вакиллари бу анжуман, аксинча, Тошкент ҳукуматининг мулоқотга тайёр эмаслигини кўрсатди, дея ЕИ расмийларига мурожаат этишган. Уларга кўра, Тошкентда ўтказилган бу анжуман санкцияларнинг қолдирилиши учун сабаб бўлмаслиги керак.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг мутахассиси Игорь Воронцовнинг айтишича, Ўзбекистонда ўнлаб сиёсий махбус ҳали ҳамон темир панжара ортида қолаётган ва улар қайноқ сув билан қийноққа солинаётган бир пайтда Европа Иттифоқининг санкцияларни бекор этиш қарори ноўрин бўлар эди.
XS
SM
MD
LG