Линклар

Парда ортидаги биринчи хоним Татяна Каримова

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон президентининг рафиқаси Татяна Каримова Латвия президентининг турмуш ўртоғи Лилита Затлерс билан учрашиб¸ муҳим воқеалар ҳақида суҳбат қилишди. Бу хабарни эълон қилган uzreport.com нашрига кўра¸ Латвия президентининг рафиқаси Затерс хоним етим болалар тарбияланаëтган муаассасага ташриф буюрган.

Етимхона тарбияланувчилари Затлерс ва Каримова хонимларга мусиқий парчалар ижро қилиб беришган.

Айни етимхона Каримовлар оиласига тегишли экани айтилаëтган "Сен ëлғиз эмассан" жамғармасидан кўмак олади.

Ғарб давлатларида президентнинг рафиқаси биринчи хоним ҳисобланиб¸ унинг фаолияти жамоатчилик назарида бўлади.

Аммо Ўзбекистон каби ëпиқ давлатда президент рафиқаси фаолияти ҳам парда ортида қолмоқда.

Ҳатто президенти рафиқасининг тавваллуд тарихи ҳам расмий манбаларда йўқ.

Каримовнинг рафиқаси Татяна Акбаровна Каримова ҳақидаги маълумот ҳукумат нашрида жуда мухтасар берилган.

“Татяна Акбаровна Каримова. Иқтисодчи. Илмий ходим. Иккита қизнинг онаси ва уч неваранинг бувиси”.
Биз Татяна Каримованинг қаерда ва қачон туғилганини бепоëн интернет бағридан излаб топа олмадик.

Россиядаги "Кто есть кто" нашри маълумотида Татяна Каримова неваралари сони тўрт нафар деб кўрсатилган¸ ўзининг эса ҳозир ҳукуматдан нафақа олаëтгани ëзилган.

Татяна Акбаровна Фарғонанинг саноат марказларидан бири бўлган Қувасойда туғилган¸ дейди Фарғона вилоятининг собиқ прокурори Авазхон Мухторов.

“Фарғонада Қувасойда яшаган. Отаси совхозни директори бўлиб ишлаган. Хоразмда турадиган синглиси бор. Ҳозир Тошкентга келган бўлса керак”.

Бот-бот ТВ экранларида юқори лавозимли меҳмонларнинг рафиқаларига ҳамроҳлик қиладиган Ўзбекистоннинг биринчи хоними ўзи эгаллаган рутба доирасида ҳам жамоатчилик назаридан четда қолишни маъқул кўрмоқда¸ дейди Каримова хонимнинг синглиси Тамара билан танишлиги бўлган Надежда Отаева.

“Татяна Акбаровна бошқалар билан мулоқот чоғида ўзини ўта эҳтиëткорона тутади. Жамоатчилик назарига тушмасликни маъқул кўради". Каримовни иқтидорга келтирган раҳбар Михаил Горбачевнинг рафиқаси Раиса Максимовнанинг таънаю дашном остида қолиб кетганидан яхшигина сабоқ чиқарган кўринади.

Каримов билан шахсан суҳбатлашган ғарб журналистига кўра¸ Ўзбекистон раҳбари хотинини жамоатчилик кўзида қўлтиқлаб юришни хуш кўрмайди.
Айни пайтда биринчи хоним деган рутбага оид протокол қоидалари бор ва бу қоидаларга амал қилишга тўғри келади¸ дейди Каримовлар оиласини яқиндан билган журналист Алишер Таксанов.

“Биринчи хоним мамлакат аëлларининг пешқадами ҳисобланади. Зеро бу аëл¸ ҳукумат раҳбарининг завжаи муҳтарамасидир. Бу аëлнинг жамиятдаги роли жуда юксак бўлмоғи лозим. Айни пайтда бошқа тарафдан қарасак¸ ўзбек жамиятида Татяна Акбаровнанинг роли гизли қолган. У нима билан шуғулланади¸ нимага қизиқади каби саволларнинг жавоби йўқ. Татяна Акбаровна жамоат арбоби бўлишни истамади. Доимо панада бўлишга ҳаракат қилиб келди. Айни пайтда Татяна Акбаровнанинг ҳукумат миқëсидаги қарорларга таъсири бўлганлиги ҳақида ҳам гап сўзлар юради”¸ дейди Алишер Таксанов.

Татяна Акбаровна оиласини яхши билган Фарғона вилоятининг собиқ прокурори Авазхон Муҳторов Татяна Акбаровнанинг давлат ишига тааллуқли бўлган ишларга аралашиб туришини айтади.

Авазхон Мухторовга кўра¸ 1967 йилда Каримовга турмушга чиққан Татянани бошқалардан ўта фарқ қилувчи томонлари бўлмаган.

“Каримов президент бўлгунча Татянанинг ҳеч қандай роли бўлмаган”.

Авазхон Мухторовга кўра¸ ўша пайтда оддийгина мулозим бўлган Каримов Татянага уйланганидан кейингина мансаб пиллапояларидан юқорига ўрмалай бошлаган.

Айни пайтда Каримова хонимнинг ўзбекистонлик етимлар ҳақидаги қайғураëтгани кенжа қизи Лола Каримовага тегишли экани айтилган “Сен ëлғиз эмассан” жамғармасига пул тушириш билан шуғуланаëтгани ҳам таъкидланади.

Авазхон Мухторов Ўзбекистон илк хонимининг бу ташаббуси шоëн таҳсинга лойиқ эканлигини айтади.

“Энди бу яхшилик аломати албатта. Бу унинг янги фаолияти”.

Алишер Таксанов эса Ўзбекистондаги етим болалар биринчи хоним марҳаматига қараб қолмаслиги керак деб ҳисоблайди.

“Саховатпеша ишлар билан ғарб давлатлардаги биринчи хонимлар ҳам шуғулланишади¸ аммо улар раҳбарлик қилаëтган жамғармалар жамоат назорати остида шаффоф ишлайди. Президент оиласининг аëл қисмига тегишли жамғармаларнинг эл кўзидан пана бўлгани бизда шубҳа уйғотади”¸ дейди Алишер Таксанов.

Ëшлигида Каримовларга қўшни бўлиб яшаган Алишер Таксановга кўра¸ Татяна Акбаровна Каримовнинг иккинчи хотинидир.

Каримовлар оиласининг расмий биографиясидаги оқ доғлар ва Ўзбекистондаги цензура мамлакат биринчи хоними Татяна Акбаровна ҳаëтига ҳам тааллуқли эканлигини кўрсатмоқда¸ дейди Таксанов.
XS
SM
MD
LG