Линклар

http://gdb.rferl.org/A30D278A-E442-43EB-B7B1-986207FC0CB8_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/A30D278A-E442-43EB-B7B1-986207FC0CB8_mw800_mh600.jpg Жаҳон молия тизимида давом этаётган инқироз бутун дунё аҳлини ташвишга солаётир. Молиявий бўҳрон Осиё, Европа ва АҚШ бозорларига салбий таъсир этиб, жаҳоннинг йирик биржалари ўз савдоларини йўқота бошлади. Эндиликда одамларнинг банкларга ишончи пасайиб, улар пулларини қандай сақлаш борасида бош қотираётирлар.

Ўзбекистонда шундоқ ҳам аҳолининг банкларга ишончи камлиги кузатиларди.
Хўш, бугунги кунда ўзбек ўз пулларини қаерда сақламоқда?

Айни кунларда бутун дунё бўйлаб кузатилаётган молиявий бўҳрон ўзбекистонликларни ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ. Бугунги кунда жамғарган пули борлар ҳам банкларга қўйишга қўрқиб қолган¸ дейди қашқадарёлик суҳбатдош аёл.

Озодлик: Сиз пулингизни қаерда сақлайсиз?

“Биз пулимизни банкда сақламаймиз. Уйда сақлаймиз. Бизда банкда сақлайдиган даражада пулимиз йўқда”.

Озодлик: Агар пулингиз бўлиб қолса¸ қаерда сақлар эдингиз?

“Пулимиз бўлиб қолса билмадим лекин. Барибир банкка қўймаймиз лекин. Доллар йўқолар экан¸ доллар синар экан деган миш-миш гаплар юрибди”.

Манғит бозорида савдогарлик қилувчи Робия опа эса бор пулини уйида сақлашини айтади.

“Шахсан ўзим уйда сақлайман. Бизларники уйда ҳам тураверади. Бозорчиларни ўзидан ортиб банкка қўядиган пули ҳам йўқку”.

Мамлакатнинг зиёли қатлами эса банкка қўйишга етгулик пули йўқлигидан нолийди. Сирдарёлик ўқитувчи Исроил Ризаев глобал молиявий инқирознинг оддий аҳоли учун қизиғи йўқлигини айтади. Чунки, мамлакатдаги ишсизлик ва иқтисодий муаммолар, қолаверса, ойлик маошларининг ўта камлиги боис¸ одамлар кундалик рўзғоридан орттириб¸ бир-икки сўм жамғариши қийин¸ дейди 26 йилдан буён ўқитувчи бўлиб фаолият кўрсатаётган Исроил Ризаев.

“Ҳозир олаëтган 20¸ 30 минг ойлигим ўзимнинг шахсий эҳтиëжларимга етмайди. Бизда банкка қўядиган ортиқча маблағни ўзи йўқку. Қаердан ҳам бўлсин. Ҳозир бу ишсизликдан¸ қўшимча даромад топишни иложи йўқлигидан билиниб турибдику. Иқтисодий ўсиш давридаги аҳвол ҳаммага маълум”.

Ўзбекистонлик ўқитувчи ва шифокорлар банкка қўйишга пули йўқлигидан ўкинса, пулдорлар ўз маблағини банкка қўйишдан чўчийди. Бунинг сабаби¸ банкка пул қўйган шахс¸ махсус хизмат идораларининг рўйхатига тушиши аниқ¸ дейди ҳуқуқ фаоли Ёдгор Турлибеков.

“Ҳар бир пул ўтказиш процессини¸ мижознинг банкдаги пул миқдорини ҳаммаси сир сақлансагина¸ органлар орқали текширилмаса¸ ана ўшанда мен пулимни олиб келиб банкка қўяман. Бу ерда сир очилишидан ташқари орган сизга тазйиқ қила бошлайди. Бунақа шароитда ҳеч кимни пул қўйгиси келмайди. Давлат банкларидан ташқарида қора аппаратлар билан пул айланиб юради”.

Кейинги пайтда Ўзбекистон фуқароларининг маҳаллий банкларга бўлган ишончи камайгани, мамлакатдаги йирик фирма ва корхоналар ёки хориж билан олди-сотди қиладиган ташкилотлар ўз даромадларини ошкор қилмаслиги ва пулларини хориж банкларида сақлаши кўпчиликка маълум. Биз пулдорлардан бирортаси билан суҳбатлаша олмадик. Бугунги кунда улар пулларини қандай сақлаётганини ҳам билолмадик. Лекин Республика Марказий банки ходими бугунги кунда банк мижозлари етарли эканлигини, ва мижозлар сонини ошириш учун омонат турлари кўпайтирилаётганини билдирди.

“Омонатни ҳар хил турлари бор. Банк сизга код ëки парол айтади. Сиз шу билан боришингиз керак. Вестерн Юнионга ўхшаб сизга код беради”.
Марказий банк ходими дунёда давом этаётган молиявий бўҳрон Ўзбекистонни чеклаб ўтишига ишонади. Рўзғоридан орттирган бир-икки сўм маблағини эса ўзбек уйида сақлашни маъқул топади. Энг маъқули сандиқ, кўрпа-тўшак ораси ёки эски пайпоқда пул сақлаш қулай¸ дейди оддий ўзбек.
XS
SM
MD
LG