Линклар

logo-print

Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида

  • Сарвар Усмон

“Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида”. Бу Ўзбекистонда эълон қилинган ижодий танлов мавзуи. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 60 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган мазкур танловда ўзбекистонлик журналистлар информацион-таҳлилий ва публицистик мақолалари, фотолавҳалари билан иштирок этиши мумкин.

Конкурсни, хабарларга қараганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва информацион агентликларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш ижтимоий жамғармаси билан ҳамкорликда эълон қилган.

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганига жорий йил декабрида 60 йил тўлади. Лекин Ўзбекистон ҳукумати бу санани элдан бурун (подадан олдин чанг чиқариб, демаяпмиз – беадаблик бўлади) элдан бурун – 1 майдан буён нишонлаб келаяптики, тилга олаётганимиз танлов ҳам шу ўзандаги тадбирлардан биридир.

Ўзбекистонлик журналистлар президент Каримовнинг 1 май кунги фармонига лаббай, деб жавоб бериб, ўз материалларида "Инсон ҳуқуқлари" иборасини қўрқмай ишлата бошладилар.

Бироқ баъзи газеталар ё бу иборани ёмон кўради, ёки президент Каримовни.

Ҳар ҳолда бир вилоят газетасида "Инсон ҳуқуқлари" ибораси ишлатилган биронта ҳам материал топа олмадик. Хўш, қайси газета у?

Шошилманг.

Аввал, "Инсон ҳуқуқлари" иборасини ишлатаётган газеталар тўғрисида айтайлик.

“Қашқадарё овози” газетаси сайтидан “Инсон ҳуқуқлари” ибораси ишлатилган 6 та, “Жиззах овози”дан 8 та, “Хоразм ҳақиқати”дан 14 та материал топдик.

Демак, “Инсон ҳуқуқлари” иборасини ишлатиш бўйича "Хоразм ҳақиқати" олдинда.

Энди бу ибора қандай баҳонаи сабаб билан ишлатилаётганига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

"Қашқадарё овози" газетаси сайти.

Сайтда 12 сентябрь куни "Эркинлик болаликдан бошланади" деган сарлавҳа остида Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шодибек МАМАТОВнинг айтганлари эълон қилинган.
Жаноб Маматов, жумладан “Ҳар бир давлат боланинг иқтисодий эксплуатациядан ҳамда унинг соғлиги учун хавф-хатар етказиши мумкин бўлган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай ишлардан ҳимоя қилиниш ҳуқуқини таъминлаши лозим” деган.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг бу гапларини ёзиб олган журналист Шоҳиста Бозорова, бас шундай экан, нима учун болаларга пахта тердирилаяпти, деб сўрамаган.

“Бизларни қўйган жойи молхона. Ерда ëтдик. Таги бетон. Захлаб кетган. Кечқурун совуқ бўлади. Шароит йўқ. Сувдан балчиқ ҳиди келади. Кўпчилик сувини ичиб касал бўлди”, дейди мактаб ëшида бўлган, Муборак туманига пахтага олиб чиқилган Шаҳрисабз иқтисодиёт коллежининг талабаси.

"Жиззах овози" газетаси сайти.

Сайтда 12 август куни "Инсон виждони ва мезон" деган сарлавҳа остида Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саид Шукуровнинг мақоласи эълон қилинган.
Жаноб Шукуров, жумладан “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ғоясини тарғиб қилиш бўйича 2007 йилда оммавий ахборот воситаларида 50 маротаба чиқишлар қилинди, 139 маротаба аҳоли ўртасида оғзаки тарғиботлар олиб борилди” деб ëзади.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг бу гапларини эълон қилар экан, газета, бас шундай экан, нима учун инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари доим назорату таъқиб остида, деб сўрамаганга ўхшайди.

“Учрашув бўлишидан бир кун олдин кечаси соат 10 ларда терроризмга қарши кураш бўлимидан Махсум деган йигит келиб, “Опа уйдамисиз? Яхшимисиз? Сиздан бир хабар олай деб келган эдим” деди. Эртаси куни эрталаб соат 7 ларда, соат 10 ларда, 11 ларда яна келди. Мен уларнинг эртага бўладиган учрашувга чиқармасликларини билдим. Кейин мен яширин йўллар билан Жиззахга етиб олдим. У ерда битта уйда ëтиб кейин учрашувга бордим”, дейди жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саида Қурбонова.

“Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” танлови ҳакамлари ўзбек журналистларининг масалани бир томонлама ёритаётганларига эътибор берадими-йўқми, билмадик.

Бироқ бир нарса аниқки, "Андижоннома" газетаси журналистлари танловга қатнаша олмайдилар ҳам.

Ҳар ҳолда, газета интернет версиясининг ўзбекча саҳифасидан ҳам, русча ва инглизча саҳифаларидан ҳам "Инсон ҳуқуқлари" ибораси ишлатилган ақалли биронта материал топа олмадик.

Демак, Андижон вилоятининг энг катта газетаси ё “Инсон ҳуқуқлари” иборасини ёмон кўради, ёки Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 60 йиллигини нишонлашни буюрган президент Каримовни.
XS
SM
MD
LG