Линклар

logo-print

Пахтада талаба қиз ўзини осди

  • Садриддин Ашур

http://gdb.rferl.org/A2853513-0EC6-408C-974C-90C08D7E0E05_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/A2853513-0EC6-408C-974C-90C08D7E0E05_mw800_mh600.jpg Бу хабарни бизга жиззахлик респондентларимиздан бири етказди. Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани билан боғландик. У ердаги респондентларимиздан пахтада бир талаба қиз ўзини осиб қўйганлиги лекин расмийлар унинг исмини сир тутишаëтганини айтишди.

Жиззах давлат педагогика институтига сим қоқдик. Суҳбатдошимиз илмий ишлар бўйича ректор ўринбосари Усмонжон Қосимов билан гаплашдик. Домла ҳақиқатан ҳам шундай фожеали воқеа содир бўлганини айтиб берди.

“Шунақа фожеа рўй берибди. Бу қиз биринчи курсда шартнома бўйича “Ўзбек тили ва адабиëти” факултетида ўқийдиган Донишева Умида экан. бу энди ота-оналар ва бошқалар учун ҳам оғир фожеа”.

Усмонжон Қосимовнинг сўзларига кўра¸ ҳозирча Умида нега бундай ишга қўл урганининг аниқ сабаби аниқланмаган. Тахминлардан бири кам пахта терганлиги учун у ўқитувчилардан дашном эшитган ва бу дашномлар унга ҳаддан ташқари оғир ботган бўлиши мумкин.

“Табиийки деканлар¸ раҳбарлар нормани талаб қилади. У қиз бироз камроқ терган эканми¸ йиғилишда ўзи кам терганларга танбеҳ берилади¸ унга танбеҳ берилган шекилли. Бизни эшитишимизга қараганда тушдан кейин у қиз келмай қолган. Кечаси билан курсдошлари қидиришган. Эртасига топиб¸ бечора ўзини осиб қўйган экан¸ Дўстлик туманидаги моргга олиб боришган”.

Аслида Жиззах туманининг Хайробод қишлоғидан бўлган Умида Донишева шу йил шартнома асосида ўқишга кирган эди. Унинг ўз жонига суиқасд қилганлиги ҳолатига оид жиноят иши очилган. Эслатиб ўтамиз ўтган 10 кун мобайнида Қашқадарë вилоятида пахта теримига чиққан ўқувчилар орасида шундай фожеали ҳодисалар содир бўлган эди.

4 октябр куни Ғузор туманидаги касб-ҳунар коллежининг биринчи курс талабаси¸ 16 яшар Жаҳонгир Эргашев пахта теримида тенгдошлари билан бўлган муштлашувдан сўнг уйига келиб вафот этди. Иккинчи воқеа пахта йиғим-теримига мажбурий сафарбар этилган Яккабоғ иқтисодиëт коллежи ўқувчилари орасида содир бўлди. Ўзаро жанжалдан сўнг бир неча ўқувчи тан жароҳати олди. Шуҳрат исмли талаба эса сабоқдошининг ошпичоқ билан қилган ҳамласидан сўнг туман марказий касалхонасининг жонлантириш бўлимига ëтқизилди. Унинг аҳволи оғир. Жанжалда хавфли жароҳат олган яна икки ўқувчи ҳам шифохонага келтирилган.

Айнан ана шу воқеадан бир неча кун аввал эса бундай ҳолат Нишон тумани¸ Гулистон фермерлар уюшмаси ҳудудида ҳам содир бўлган эди. Мактаб ўқувчиси Сардор Аҳмедов тенгдошлари томонидан олинган зарбалардан сўнг воқеа жойининг ўзида ҳалок бўлган эди.
XS
SM
MD
LG