Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:50

Солижон Абдураҳмонов 10 йилга кесилди


http://gdb.rferl.org/4822E55C-B674-424F-9605-966F8E19A008_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/4822E55C-B674-424F-9605-966F8E19A008_mw800_mh600.jpg 10 октябр куни Нукус шаҳар жиноий ишлар судида журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмоновни 10 йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилиш бўйича суд хукми эълон қилинди. Суд хукмига кўра, Солижон Абдураҳмонов наркотик модда сотишга ҳаракат қилганликда айбланди ва жазони умумий тартибли колонияда ўташ, наркотик топилган машинани давлат фойдасига мусодора қилиш белгиланди.

Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинганига 126 кун тўлган куни суд хукми ўқилди. Солижон Абдураҳмоновнинг адвокати Баҳром Абдураҳмонов суд ҳукми борасида Озодликка маълум қилди.

“Жиноят кодексининг 25 моддаси ва 273 модданинг 5 қисми асосида 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш¸ жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди. Наркотик топилган машина давлат фойдасига мусодара қилинадиган бўлди. Уларнинг бундай айбловга далил ва асослари етарли эмас”.

Солижон Абдураҳмонов жорий йилнинг 7 июн куни ҳибсга олинганди. У ҳибсга олинган пайти унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган. Дастлаб у наркотик истеъмол қилишда айбланди. Кейинчалик наркотик сотишга ҳаракат қилганликда қораланди. 9 октябр кунги маҳкама жараёнида Солижон Абдураҳмоновнинг машинасидан наркотик топилган ҳолат тасвирланган видео намойиш қилинди. Адвокат Рустам Тўлагановга кўра, видео тасвирда Солижон Абдураҳмоновнинг машинасига наркотик махсус ташлаб қўйилганини исботловчи далиллар бор бўлсада¸ суд буларни ҳисобга олмаган.

“Мен буни Солижон акага уюштирилган деб ўйлайман. Булар сотиш мақсадида деяпти лекин аслида сотиш мақсади бўлмаган. Ҳатто ўзи ҳам наркотик борлигини билмаган. Ҳаммаси уюштирилганлиги бошидан кўриниб турибди. Милициялар худди машинани ҳамма жойини кўргандай қилиб¸ келиб туриб бакнинг тагидан целофанни олди. Аввало машинадан топилган наркотикнинг унга тегишли эканлигини исботлаб бермади. Агар Солижон ака ушлаган бўлганида унинг бармоқ изи чиқиши керак эди. Аниқлаганда ҳам ўша милиция ходимларини бармоқ изи чиқарди. Шунинг учун булар уни текширишмади. Исботи йўқ бўлганлиги учун ҳукм асоссиз деб ҳисобланади. Буларнинг ҳаммаси уйдирма”.

Шунингдек, адвокат Баҳром Абдураҳмонов маҳкамада қатнашган айрим гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам Солижон Абдураҳмонов фойдасига бўлганини суд инобатга олмаганлигини айтади.

“Автомашинани таъмирлашга ëрдам берган автослесар кўрсатма берди. У Солижоннинг унга мурожаат қилганлигини¸ автомашинани таъмирлашда ëрдам берганини¸ карбюраторини тузатиб берганини айтди. Солижон тушликка кетган пайтида машинанинг калитини ташлаб кетганини ҳам тан олди. Бундан шу келиб чиқадики¸ агар ҳақиқатан машинани ичида наркотик модда бўлганида ва буни Солижон билганида эди¸ у калитни ташлаб кетмас эди. Мана шундан ҳам унинг наркотик моддага ҳеч қандай алоқаси йўлиги келиб чиқади”.

Маҳкамада Солижон Абдураҳмоновга сўз берилганида у ўзига қўйилган айбловларни инкор қилган. Суд жараёнини бевосита кузатган хуқуқ фаоли Комилжон Ашуровга кўра, Солижон Абдураҳмонов ўзининг ҳибсга олинишини касбий фаолияти туфайли ҳукумат томонидан уюштирилганлигини айтган.

“Солижон ака жуда яхши гапирдилар. 2001 йилдан бери ўзига бўлган тазйиқларни айтди. Америка овози¸ Озодлик радиоларига мухбир бўлиб ишлаганликлари ва ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланаëтганликлари кимларгадир ëқмаëтганлигини ҳам айтдилар. Бу менинг интернетда чиқаëтган мақолаларимга ва фаоллигимга нисбатан провакациядир¸ деб ҳам қўшимча қилдилар”.


Солижон Абдураҳмоновнинг адвокатлари суд хукмига норозилик билдириб, аппеляция тартибида шикоят аризаси ёзишларини таъкидлашди.

“10 кунни ичида аппеляция шикояти берамиз. Лекин бу аппеляциядан ҳам нажот йўқ. Булар аппеляцияда ҳам ҳукмни ўз кучида қолдиради. Республика олий судига чиққанда у ëғини давом эттирамиз”¸ деди Рустам Тўлаганов.

Эслатиб ўтамиз, Солижон Абдураҳмонов Uznews.net интернет сайтининг Қорақалпоғистондаги мухбири бўлиб фаолият кўрсатаётганди. Шунингдек, у «Озодлик» ва «Америка овози» радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Шу билан биргаликда Солижон Абудараҳмонов беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатаётганди.
XS
SM
MD
LG